Андижонда

Олий таълим ислоҳотлари: ЯНГИ ЗАМОНАВИЙ ЎҚУВ МОДЕЛИ


29.11.2022   227

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШДА МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТАДИ

Маълумки, техника ва технология ривожланган ҳозирги шароитларда фақатгина олий таълим муассасалари кучи билан малакали мутахассисни тайёрлаш амалда мумкин эмас. Олий таълим муассасалари битирувчиси бевосита ишлаб чиқариш шароитида мунтазам амалиёт билан шуғуллангандагина ҳақиқий мутахассис бўлиб етишади. Бунинг учун кадрлар истеъмолчиси бўлган корхоналар ташаббуси билан уларда ташкил этилган олий таълим муассасаларининг тегишли кафедралари филиалларида ишлаб чиқаришнинг етакчи мутахассислари ва профессор-ўқитувчилар ҳамкорлигида барча амалий машғулотларни бевосита иш жойларида ўтиш келажак мутахассисларини сифатли тайёрлаш гарови ҳисобланади.

“Ўзбекистонда олий таълим ва ишлаб чиқаришнинг синергетик интеграциясини яратиш” (SYNERGY) лойиҳаси доирасида 2019-2022 ўқув йилларида институтнинг қатор кафедраларида Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 2909-сонли ва 2017 йил 27 июлдаги Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 3151-сонли қарорлари ижросини таъминлашга эътибор қаратиляпти. Мазкур ҳужжатлар асосида таълим ва ишлаб-чиқаришнинг интеграцион ҳамкорлигида олий маълумотли ҳамда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва белгиланган вазифаларини амалга оширишмақсадида вилоятдаги қатор машинасозлик корхоналари хамкорлигида 5+1 ва 4+2 инновацион ўқув моделлари бакалавриат талабалари ва 3+3 ўқув моделлари магистратура талабалари учун қўлланилмоқда.

Лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган инновацион ўқув моделлари бўйича ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказиш учун Низом ишлаб чиқилди. Масалан, 5+1 инновацион ўқув моделиниг моҳияти шуки, талабалар олий таълим муассасаларида ўқув ҳафтасининг 5 куни давомида олаётган назарий ва амалий билимлар билан бир қаторда ишлаб чиқариш корхонасида, яъни келажакда иш билан таъминланиши мумкин бўлган жойда 1 кун амалий ўқув машғулотларини ўтайди. Қолган инновацион ўқув моделларида ҳам ўз навбатида 2 ва 3 кун машғулотлар ишлаб чиқариш корхонасида ташкил этилган кафедра филиалларида ўтказилади. Мазкур ўқув дастурининг ютуқларидан бири шуки, унда талаба ўқув жараёни мобайнида олий таълим муассасаларида олган назарий билимларини ишлаб чиқариш корхонасида олган амалий кўникмалари асосида мустаҳкамлаб боради, юқори малакали тажрибага бой мутахассислардан дарс ва маслаҳатлар олади ҳамда энг асосийси мазкур корхонанинг иш муҳитига кўникиб боради.

Мутахассис ходимларни тайёрлашда дунёда тан олинган соҳа мутахассислигига ўқитиш тизими (дуальная система) ўқув муассасасида ўқитишни ишлаб чиқаришдаги фаолияти даври билан биргаликда олиб борилишини кўзда тутган мутахассис ходимлар тайёрлашнинг шакли сифатида асосан ўрта махсус маълумотли ходимларни тайёрлашга йўналтирилган. Таклиф этилаётган мазкур инновацион ўқув моделлар – бу олий таълим муассасаларининг ва корхонанинг ўзаро ҳамкорлиги асосида касбий тайёргарлик шароитларидаги педагогик техника усуллари ҳамда ташкилий шакллар, услублар ва уларни амалга ошириш воситалари тизимидир.

Ушбу инновацион ўқув моделларининг асосий тамойили –олий таълим муассасаларига ва ишлаб чиқариш корхоналарига сифатли мутахассислар тайёрлаш жараёнида икки томонга хам бир хилдагимасъулиятни юклайди ва манфаатдор беради.

Ишлаб чиқариш и, аввало, мутахассис ходимларни излаш ва танлаш, тайёрлаш,уларни қайта ўқитиш ва мослашувга кўзда тутилган сарфларни камайтириш,зарур мутахассис ходимларни тайёрлаш имкониятидир. Бунда иш берувчи мутахассисларнинг касбий билимларни шакллантиришда, битирувчиларни корхонанинг иш шароитиларига кўникиши ва “Устоз”-мураббийлик тизимларини шакллантиришда фаол иштирок этади.

ОТМ учун ўз навбатида талабалар нафақат муайян ишлаб чиқариш шароитлари билан танишадилар ва касбий фаолият асосларини ўзлаштирадилар, балки олий таълим муассасаларини тамомлаганидан сўнг мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш имконига эга бўладилар.

Лойиҳа доирасида “Uz Auto Motors” AЖ ҳамкорлигада “Моделлаштирилган иш муҳити” инновацион лабораторияси ташкил этилди. Ушбу инновацион лабораторияда талабаларда 4 йил мобайнида 3 босқичли механизм асосида реал иш муҳитига тайёргарлик бўйича амалий кўникма шаклланади:

  • 1-босқич. Автомобилсозлик кафедрасида ташкил этилган компьютерлаштирилган лабораторияда “SPARK R2 енгил автомобил деталларини конвейерда йиғиш иш муҳитини моделлаштириш” вертуал лабораториясида дастлабкиамалий кўникмани эгаллайдилар.
  • 2-босқич. Талабалар “Моделлаштирилган иш муҳити” инновацион лабораториясида амалий ишларни бажарадилар. Шунинг натижасидаталабаларда автомобилсозлик корхонасидаги реал иш муҳитига тайёргарлик бўйича 2- амалий кўникма шаклланади.

3- босқич. Талабалар 3 ва 4 курсларда малакавий амалиётларни бевосита олдиндан белгиланган 1-ва2-босқичларнинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқариш корхоналарида бажарадилар.

Буларнинг барчаси таълим сифатини ошириш ва талабаларда реал ишлаб чиқариш муҳитига мослашиш кўникмасини шакллантиради.

Ушбу моделнинг мазмуни ўқув жараёнини амалий кўникмалар билан тўлдиришдир. Яъни, ўқув жараёнинг маълум қисми - асосан амалий машғулотлар корхона негизида ўтказилади. Талабалар билимини баҳолаш, курс лойиҳаларини тайёрлаш, битирув малака ишлари, диплом лойиҳалари ва ишлари, магистрлик ва докторлик диссертация мавзулари корхоналар муаммолари асосида уларнинг буюртмаси асосида шакллантирилади. Пировардида корхона муаммоларини ҳал этиш тизими ишлайди, соҳага оид олимпиадаларни биргаликда ўтказиш, номдор стипендиялар белгилаш,тегишли малака сертификатлари бериш жараёнига корхона ва ташкилотларнинг етакчи мутахассислари жалб этилади. Натижада таълим сифати ошади ва вилоятдаги қатор машинасозлик корхоналари учун малакали ёш кадрлар етказиб берилади.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Андижон машинасозлик институтида ушбу SYNERGY лойиҳасининг асосий натижаларига бағишланган якуний конференцияси бўлиб ўтди. Унда хорижий ҳамкор ОТМлар, ҳамкоришлаб чиқариш корхоналари вакиллари, вилоят транспорт, электр тармоқлари, божхона, фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, “Uz TEST”ДМ Андижон филиали ва Асака автомобилсозлик коллежи мутасаддилари ва мутахассислари иштирок этдилар. Лойиҳа доирасида замонавий ўқув-илмий жиҳоз ва асбоблар билан таъминланган 3 та инновацион лаборатория ва 1 та марказ ташкил қилинди.

Институтимиз профессор-ўқитувчилари ривожланган хорижий ОТМлар (Ғарбий Аттика/Греция/ ва Санкт-Петербург политехника университетлари)да тажриба орттириб келдилар. Вилоятдаги ўндан ортиқ машинасозлик ишлаб чиқариш корхоналари (“Uz Auto Motors” AЖ, “Uz Dong Yang Co” ва ҳакозо), вилоят транспорт, электр тармоқлари бошқармалари, “Uz TEST”Андижон филиали ва бошқалар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Мутахассис чиқарувчи кафедраларнингфилиаллари ташкил этилиб, уларда янги инновацион ўқув моделлари асосида ишлаб чиқилган Низом бўйича дарслар ўтказилмоқда. Ушбу ишлаб чиқарувчи корхоналарда институтнинг 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи ва ходимлари қисқа муддатли стажировка ўтадилар ва сертификатга эга бўлдилар.

Мухтасар айтганда, лойиҳанинг асосий натижалари таълим сифатини оширишга ва битирувчиларимизнинг ишлаб чиқариш муҳитига кўникмасини шакллантиршга ёрдам берди. Яқин келажакда у яна янги ҳалқаро лойиҳаларга асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

У. Турдиалиев,

институт ректори, лойиҳа раҳбари

Т. Алматаев,

“Автомобилсозлик” кафедраси профессори

Н.Қобулова, И.Сайдалиев,

кафедра мудирлари