Атрофга назар

ПИРОТЕХНИКА ЎЙИНЧОҚ ЭМАСЛИГИНИ ҚАЧОН ТУШУНАМИЗ?


17.12.2022   284

Янги йил яқинлашгани сайин одамларда пиротехника воситаларга бўлган қизиқиш кучайиши бор гап. Бу эса, гарчи тақиқланган бўлса-да, пиротехника воситалари савдосининг авж олиши демакдир.

Қиш фаслининг энг кутилган байрами бу, албатта, янги йил. Унинг арафасидаги тантаналарда турли кўнгилсизликлар содир бўлишининг олдини олиш учун ҳар биримиз масъулмиз. Лекин кўпчиликни қийнаётган муаммо пиротехника воситалари эканлиги сир эмас. Янги йил арафасида пиротехника воситаларини катта даромад илинжида юрган баъзи нопок кимсалар мактаб ўқувчиларига пулламоқчи бўладилар. Пиротехника воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ушбу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш, савдоси билан шуғулланиш, у билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилишига қарамай, гоҳ яширинча, гоҳо ошкора олди-сотди ишлари ва улардан фойдаланишга чек қўйиб бўлмаяпти. Ахир нега пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик кўзда тутилганлиги ҳам айримларни қўрқитмаяпти?

Шерзодбек НУРИТДИНОВ –Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи:

  • Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лицензиясиз пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.
  • Пиротехника воситаларидан фойдаланиш оқибатида турли тан жароҳатларини олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотаётганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолаётганларнинг ҳам учраши ачинарли ҳолатдир. Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекаётганларини кўряпмиз. Масалан, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларинипортлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар. Улар инсонларни чўчитиш ва уларни қўрқитиб азият етказаётганлари ҳақида ҳатто хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Пиротехника воситалари тананинг юз, кўз, қўл соҳаларида оғир чуқур куйиш жароҳатларининг юзага келиши, кўзларнинг шикастланиши натижасида кўриш фаолиятининг қисман ёки бутунлай бузилиши, олинган куйиш жароҳатидан кейин пластик операциялар ўтказишга муҳтожлик, куйган соҳаларида дағал чандиқлар, қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши каби асоратларга олиб келади, шу билан бирга, беморларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши кузатилади. Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак, бундай шикастланишлар асосан мактаб ёшидаги болаларда кузатилишини ҳисобга олсак, биз ёши катталар томонидан қатъий назорат олиб борилиши талаб этилади. Пиротехник воситалар таъсирида куйиш жароҳати юзага келган ҳолатларда куйган соҳаларни совуқ сув билан ювиш ҳамда куйган соҳаларга ўзи билмаган ҳолда турли хил дори воситаларини ишлатмаслик зарур. Биринчи навбатда асептик боғлам қўйиб, тез тиббий ёрдам хизмати ёки шифохоналарнинг куйганлар бўлимига мурожаат қилиниши шарт. Айтиш жоиз, янги йил байрами кунларида пиротехник воситалар билан куйиш жароҳатини олишни назорат қилиш мақсадида доимий статистика олиб борилади. Натижалар шуни кўрсатадики, сўнгги йиллар мобайнида ички ишлар, ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бу турдаги жароҳатланишлар кескин камайган.

Қиш эшик қоққани сари кўча-кўйда, айниқса, болалар томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳоллари бошланади. Табиийки, бу воситалар улар учун бир ўйинчоқдай гап. Унинг аянчли оқибатлари болаларни қизиқтирмайди. Бизнинг бераётган даккию танбеҳларимиз шунчаки уларда “қўрқитиб қўйиш”дек тушунчани уйғотади холос. Аслида бу воситаларнинг зарарли оқибатлари дилбандлар тугул катталар соғлиғига ҳам аянчли таъсир кўрсатади.

Бу матоҳ болалар фавқулодда вазиятлар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин. Шунга қарамай, аллақачон болаларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, пиротехника воситаларидан фойдаланаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Пиротехника воситаларининг аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган контрафакт маҳсулотлари эканлигини табиийки, улар билмайди. Бу “ўйинчоқ” қанчалик хавфли эканлигини ота-оналар қачон англаб етадилар? Аввало, уни ўйнаётган ёшларнинг ўзлари жабр чекяптиларку!

Шоҳидбек НИШОНОВ – РШТЁМ вилоят филиали бош шифокори:

Хулоса қилиб айтганда, пиротехника воситаларидан фойдаланиш орқали содир бўлиши мумкин бўлган турли хил бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдирлар.

Зилола РАҲМОНОВА.