Атрофга назар

21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун: Газета - маънавият тилидир


20.10.2023   83

Университетни тамомлаб, газетада фаолиятимни бошлаган вақтларим тилшунослик факультетини аълога битирган талаба сифатида мендан билимдони йўқдек иш бошладим. Кўп ўтмай, назария ўз йўлига, амалиёт эса умуман бошқа эканини англаб етдим. Таҳририятдаги барча устозлардан бир бошидан илм олдим.

Газета тили она тилимизга ҳамоҳангдир. Унинг ҳам ўзига монанд қонун-қоидалари бор. Ҳар бир сатр неча кўзлардан ўтади, қайта-қайта таҳрирланади, ўз қолипига тушмагунча сайқалланади. Газетада сўзлар пайдар-пай қўлланмайди, энг саралари танлаб олинади. Мақолаларга сарлавҳа танлаш ҳам бир маҳорат. Хуллас, газетанинг ҳар бир сонига алоҳида ёндашилади, бири иккинчисини такрорламайди, манавият, маърифат уфуриб турарди.

Мен янгидан ўргандим ушбу тилни. Унга бор меҳримни бердим. Нашрни бойитишга, янада ўқишли қилишга уриндим.

Газетанинг ўз оҳанрабоси бор. Уни варақлаган инсон ишқибозига айланади. Ҳар сонини интиқлик билан кутадиганлар, почтага ҳам қарамай, таҳририятдан олиб кетадиганлар бисёр. Унда берилаётган хабарлар, албатта, асосли, таҳлиллари исботи билан, танқидлари эса ўринли бўлади.

ОАВнинг бир қисмига айланган интернет сайтлари, ҳатто телевидениеда ҳам газета тилидек ширин тил кўрмадим. Бу ёзганларим баъзиларга муболағадек кўринса, дўппини бир четга қўйиб, газета ўқисин, дейман. Мени айтди дейсиз, газета - Она тилингиз эканини тушуниб етасиз.

Моҳигул Сиддиқова.