Атрофга назар

Ҳисобчи ҳисобдан адашса...


26.04.2024   380

Нақд пул ва пул айланмаси турган шароитда ўша маблағга жавобгар катта-кичик шахслар бирдек ҳушёр, масъулиятли, назари тўқ бўлмоғи лозим. Зеро, инон-ихтиёридаги пулнинг тийинигача ўзгаларнинг, жамиятнинг, жамоанинг мулки, ҳақи эканлиги ҳис қилинган жойда ортиқча эътирозга ҳам, дилхираликка ҳам ўрин қолмайди.

Хўжаободлик Мавлуда Мирғиёсова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шу масъулиятни унутиб қўйди. Мактабгача таълим бўлими ҳисобчиси лавозимида ишлаб келаётган бу аёл ўзини ҳисоб-китоб қилинаётган барча маблағларни истаганча тасарруф этиш ваколати бордек тута бошлади. Хатти-ҳаракатларининг якуни эса қувончли бўлмади. Ахир бировнинг ҳаққи бировга юқармиди?!

Юқоридан тафтиш келиб, Мавлуданинг ҳужжатларини ўрганди. Шунингдек, унинг бевосита жавобгарлигида бўлган 1-, 2-, 17-давлат мактабгача таълим ташкилотлари молиявий фаолияти қонунийлиги ўрганилди. Текширишлар жараёнида ушбу уч муассаса ишчи-ходимларига ажратилган маош миқдори, озиқ-овқат харажатлари ва омбор ҳисоблари бўйича анчагина молиявий фарқлар чиқиб қолди. Зийрак текширувчилар ғалвирни сувдан кўтаришса, аҳвол чатоқ экан.

Аниқланган маблағ тафовути 1-сонли муассасада иш ҳақи бўйича 2 миллион 323 минг 900 сўм, озиқ-овқат харажатлари ва бошқа фарқлар бўйича қарйиб 39 миллион сўмни ташкил қилди. Биргина муассаса текширувидан 40 миллиондан зиёд фарқ чиққач, албатта, тафтишчилар янада зийрак тортди ва ҳужжатларни ипидан-игнасигача ўргана бошлашди.

Навбат 2-сон ДМТТга келди. Ушбу муассаса фаолиятининг икки йиллиги элакдан ўтказилганида, бу ерда иш ҳақидан 2 миллион 227 минг сўм, озиқ-овқат харажатлари ва омбор ҳисобларидаги фарқлар 5 миллон 663 миллион сўмни ташкил қилгани маълум бўлди.

17-сон ДМТТ ишчи-ходимларига тўланган иш ҳақлари борасида 1 миллион 459 минг 400 сўм, озиқ-овқат харажатлари ва омбор ҳужжатлари ҳисобларидаги фарқ эса 4 миллион 218 минг сўм тафовут борлиги аниқланди.

Текшириш якунларига кўра, Мавлудахон ҳар учала муассаса раҳбарлари ва бошқа мансабдорлари билан олдиндан тил бириктириб, компьютер орқали 54 миллион 369 минг 200 сўм бюджет маблағини ўзлаштиргани ўз тасдиғини топди.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг 2017 йилдаги тегишли Низоми талабларига зид равишда ўзига бириктирилган юқоридаги учта ДМТТлар учун ажратилган иссиқ овқат пулларини ушлаб қолиш чораларни кўрмагани натижасида, жами 38 миллион 175 минг сўмлик бюджет маблағи ҳавога совурилган. Мавлуда Мирғиёсова юқоридаги учта давлат мактагача таълим ташкилотларига ота-оналар томонидан тўланган бадал пулларини ҳам ўз вақтида ва тўғри ҳисобламасдан, ҳисоботларга ўзгартиришлар киритган. Оқибатда 9 миллион 232 минг 700 сўм миқдоридаги пуллар тегишли тартибда расмийлаштирилмасдан ўзлаштириш орқали талон-торож қилингани сув юзига қалқиб чиқди.

Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун ажратиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисоботлари билан боғлиқ қилвирликлар оқибатида, яна 40 миллион 89 минг сўм ўзлаштирилганига нима дейсиз?

Юқоридаги қинғирликларни яшириш ва компьютер орқали керакли дастурлар ёрдамида сохта ҳужжат ва ҳисоботлар тузилиб, ота-оналар бадал пуллари, иш ҳақи, омбор ҳисоботлари ва бошқа ишларни яшириб, ўзлаштирилмагандек тартибда керакли ваколатли органларга тақдим қилиб келиниши натижасида тафтиш ўтказилган давр мобайнида давлат манфаатларига жами 141 миллион 867 минг сўмлик зиён келтирилган.

Ҳисобчининг ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги, бу борадаги қонунчилик талабларини етарлича бажариб, ҳисобчилар иш фаолиятини тўла назорат қилмагани ва ишни қонуний ташкил этмаганлиги боис 2019-2020 йиллар давомида оз эмас, нақд 199 миллион 214 минг сўмлик бюджет маблағлари асоссиз ҳаражат қилиниб, давлат ва жамият манфаатларига жиддий зиён келтирилган.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида ҳисобчи аёлнинг қилмишлари атрофлича кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбли деб топилган Мавлуда Мирғиёсовага 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлиги бор вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда тегишли жазо тайинланди.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, дейдилар. Дарҳақиқат, шундай. Сўнгги пушаймон эса фақат надомат келтиради, холос. Бир марта ўзгалар ихлоси қайтган, ишончи йўқолган одамга нисбатан кейин яна бу ишонч ва ихлоснинг тикланиши мушкул кечади. Қадам босганда шу жиҳатлар ўйланса, ҳаммаси нур устига нур бўлади.

Қаҳрамон Аҳмадалиев,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди раиси