Атрофга назар

АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 581 ЙИЛЛИГИ


09.02.2022   181

Кўнгул бадан мулкининг подшоҳидур... Ҳазрат Алишер Навоийнинг ижоди қанчалик юксак бўлса, у зотнинг юрт ободлиги, халқ кўнглининг шодлиги йўлидаги хайрли ишлари ҳам шу даражада юқоридир. Хорижда, хусусан, Ғарбда эътибор дастлаб буюк бобомизнинг ижтимоий ва сиёсий фаолиятига қаратилганлиги бежиз эмас. Алишер Навоий ижод ва ижтимоий фаолиятни ёнма-ён олиб бориб, Хуросон давлатида юксак мақом тутган шахс сифатида халқнинг фаровонлиги, элнинг осойишталиги учун ҳамиша қайғурган. Буюк шоирнинг ижодида ҳам юрт ободлиги, эл ҳаётининг тўкин бўлиши боғлиқ кўплаб мисолларни учратамиз. Алишер Навоийнинг фикрича, ободлик тугал ва яхлит тушунчадир. Ободлик, аввало кўнгилдан бошланишига ишора қилади шоир. Кўнгил обод бўлмай туриб, чинакам гўзаллик ва покликка эришиб бўлмайди. “Маҳбуб ул-қулуб”да кўнгил поклигисиз таннинг сиҳати дуруст бўлмаслиги таъкидланади. Шоир баданни мулкка – мамлакатга қиёслайди. Баданнинг саломатлиги ёки беморлиги кўнгилга боғлиқ бўлганлиги каби мулкнинг – мамлакатнинг обод ёки хароблиги подшоҳ – ҳукмдорнинг адолати ёки зулмига боғлиқдир: “Кўнгул бадан мулкининг подшоҳидур, анга сиҳҳат, мунга ҳам сиҳҳат, анга табоҳи, мунга ҳам табоҳи. Пас улким, кўнгул мулкининг соҳиб жоҳи бўлғай шоҳлар шоҳи бўлғай. Бадан салоҳ ва фасоди, кўнгул салоҳ ва фасодиға тобеъ ва мулк обод ва хароблиғи шоҳ адл ва зулмиға рожеъ. Подшоҳ — мулк баданининг жонидур ва кўнгул — бадан мулкининг султони”. Кўриб турганимиздек, Алишер Навоий ободлик кўнгилдан бошланишига урғу қаратяпти. Сўнг эса бевосита шоҳнинг ғамхўрлиги, жонкуярлиги, инсонлар кўнглини ола билиши мулк обод, халқ шод бўлишининг бош тамойили эканлигини таъкидлаяпти. Алишер Навоий кўнгил ободлигини покликка боғлайди: “Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзин айтурда беваҳму бок бўлғай. Ўзи поку кўзи покни инсон деса бўлур. Тили ариғ ва кўнгли ариғ нимусулмо ндеса бўлур...” Яъни, одамнинг яхшиси порсо – тоза қалб ва пок бўлади. Ҳақ сўзни қўрқмасдан айта олади. Ўзи ва кўзи покни инсон деса бўлади. Тилидан ўзгалар озор чекмайдиган, кўнглини шубҳа ва гумондан сақлайдиган инсоннигина чин мусулмон дейиш мумкин. Қолаверса, покликка эришмай туриб, соғликка ҳам эришиб бўлмайди. Турмуш фаровонлиги эса инсоннинг тўрт мучаси соғ эканлигидагина татийди, қувонтиради. Демак, шоир инсон бахти унинг соғлиги билангина тўкис бўлишига ишора қилмоқда. Алишер Навоий юрт ободлигининг кўплаб омилларини санайди, жумладан, саховат ҳам инсонларни ўзаро яқинлаштириб, эзгу йўлда бирлашишлари учун сабаб бўлади, фақат у ўз ўрнида қилинган саховат бўлиши керак: “Ҳунарларни топмоқ — едурмакдур ва айбларни ёнмоқ — кийдурмақдур. Маҳаллида берган эски чортора тўн—саховат ва бемаҳал берган зарбофт чорқаб — шақоват. Десангки, таоминг зоеъ бўлмағай — едур ва тиласангки, либосинг эскирмагай — кийдур. Сахо тарийқин мазкур бўлғон сўзла англа, аммо карам ойини ва футувват русуми ўзга англа”. Яъни ҳунар қилмоқ муҳтожларга ёрдам бермоқдир, ўз ўринда берилган тўн саховатдир, ўз ўринда ҳадя қилинмагани эса саховат эмас. Таом зое бўлмаслиги учун уни улашиш керак, либос эскирмаслиги учун муҳтожларга ҳадя қилиш лозим. Бу ўринда шоир жамиятдаги ўзига тўқ қатламни моддий етишмовчиликда яшайдиган одамларга ёрдам беришга чақириб, бу орқали элда аҳиллик ва ободлик пайдо бўлишини эслатяпти. Шоир ўз асарларида халқ манфаатлари учун қайғуриш, бунёдкорлик, юртни гўзаллаштириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Алишер Навоий инсонларни ҳалол ҳунар воситасида турмуш кечиришга ундар экан, бировга қарам ва боқиманда бўлишдан кескин қайтаради. Ҳатто ўзганинг ганж – хазина беришидан кўра пешона тер билан бир дирҳам топиш аълороқ деб ҳисоблайди: Бир дирам олмоқ чекибон дастранж, Яхшироқ андинки биров берса ганж. (“Ҳайрат ул-аброр”дан) Гарчи шоир ўз асарларида халқнинг фаровонлиги, юртнинг ободлиги учун жон куйдирса-да, бойлик кетидан қувиб, инсофу адолатни, ҳаё ва одобни унутиб қўймасликка чақиради, кишининг имонига унинг бадавлат эканлиги эмас, ҳаё ва одоби нишон эканлиги, бу икки фазилат ҳурмат олиб келиши, одобли ва ҳаёли инсонлар ўз мақсадларига, албатта, эришишларини уқтиради: Иймонға эрур нишон ҳаё бирла адаб, Ҳурмат била таъзимсаодатқасабаб. Ҳаёву муаддаб ангаким, бўлса лақаб, Мақсудиға кеч етса ажаб, англа ажаб. Демак, буюк шоир ҳамиша эл-юрт учун қайғурган, буни ўз ижодида акс эттириш билан биргаликда амалда ҳам намоён этган. Хусусан, Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари шоирнинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ёритишга бағишланган. Унда шоир ўзининг умри давомида амалга оширган турли ободончилик, хайр-эҳсон ишларига тўхталади. Умуман олганда, ҳазрат Алишер Навоий асарларидаги бош масалалардан бири айнан кўнгил ободлиги, юрт фаровонлиги масаласи ҳисобланади. “Ҳайрат ул-аброр”нинг мақолатлари, “Хамса”нинг деярли барча достонларида одил шоҳ орзусининг баён этилганлиги, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Вақфия”, “Муншаот” асарларидаги фалсафий ўгитлар, халқ ҳаёти, ижтимоий табақалар хусусидаги қарашлар буюк шоирнинг Ватан равнақи, юрт фаровонлиги учун нечоғлик жон куйдирганлигини билдиради. Дилнавоз ЮСУПОВА, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори.