Атрофга назар

ДАЪВО МУДДАТЛАРИ МАХСУС БЕЛГИЛАНГАНМИ?


12.04.2022   327

Қонунчиликдаги энг нозик ва оғриқли масалалардан бири бу – даъво муддатлардир. Масалан, шахс ҳуқуқи бузилди ва у ўз ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилмоқчи. Судга мурожаат қилинди.

Агар ҳуқуқнинг бузилиши ва судга мурожаат этиш орасидаги муддат амалдаги қонунчиликда белгиланган даъво муддатлари чегараларидан ўтиб кетган бўлса, оддий қилиб айтганда, суд ҳам бу шахсга ёрдам беролмаслиги мумкин.

Қисқаси, “Кечирасиз, даъвойингиз муддат ўтиб кетганлиги сабабли қаноатлантирилмади” дейишлари эҳтимолдан холи эмас. Бу йўналишда жуда эҳтиёткор бўлиш лозим.

Тасаввур қилинг, ҳуқуқингиз бузилганлиги аниқ-равшан бўла туриб, тиклаш имкони бўлмаса... Шунинг учун мавзу доирасида айрим ҳолатларни мукаммал билиб олиш зарур.

Амалдаги қонунчилигимизда умумий даъво муддати 3 йил (“Фуқаролик кодекси”нинг 150-моддаси). Аммо алоҳида ҳолларда даъво муддатлари махсус белгилаб қўйилган:

  • давлат органлари раҳбарлари ёки мансабдор шахсларнинг қарорлари юзасидан шикоят билдириш учун 3 ой;
  • ишга тиклаш бўйича атиги 1 ой;
  • эр-хотин ўртасидаги никоҳ шартномаси бекор қилинган сўнг умумий мол-мулкни тақсимлаш бўйича 3 йил;
  • давлат ижрочисининг қарори бўйича бор-йўғи 10 кун.

Ўз ўрнида айтиш жоизки, айрим талаблар учун даъво муддати жорий қилинмайди. Бу ҳақида “Фуқаролик кодекси”нинг 163-моддасида батафсил белгилаб қўйилган. Масалан, шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларга, фуқаронинг ҳаётига ёки соғлигига етказилган зарурни тўлаш (бунда даъво муддати ўтгандан кейин қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади), жиноят туфайли етказилган зарурни тўлаш, мулкдорни ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузилишларни бартараф этиш, мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди.

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

амалиётчи ҳуқуқшунос.