Атрофга назар

ЭНДИ ЎЗБЕКИСТОНДА СУНЪИЙ УСУЛ ОРҚАЛИ ҚОР ВА ЁМҒИР ЁҒДИРИЛАДИ


15.02.2022   592

Гидрометеорология институти мутахассислари булутларни бошқариш “сири”ни очиқлади.

Бу йил ҳам қиш биз кутгандек бўлмади. Бир қарасанг, куз ҳавоси, бир қарасанг баҳорий илиқлик. Дунёда кечаётган глобал исиш, иқлим ўзгаришлари фаслларга тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда. Йилдан-йилга ёғин ва қорнинг камайиши кузатиляпти. Натижада чўлланиш, қурғоқчилик, чангланиш каби оқибатлар сони кескин ошмоқда.

Сайёрамиз аҳолиси масаланинг ечимларидан бири сифатида сунъий усул орқали ёмғир ёғдириш технологиясидан фойдаланиб туради. Тажриба доим баҳсли музокаларни юзага келтиргани, қолаверса, анчагина қиммат технология бўлгани боис, жаҳонда кенг қўлланилганига ҳадеб ҳам гувоҳ бўлавермасдик. Аммо охирги йиллардаги иқлим ўзгаришлари туфайли сунъий тарзда ёмғир ёғдириш амалиёти қатор давлатларда оммалашиб боряпти. Жаҳон метеорологик ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда 56 тага яқин давлат, хусусан, Хитой, Индонезия ва АҚШ каби мамлакатларда бу тажриба қурғоқчиликка қарши курашишда кенг қўлланилмоқда. Ўтган йили Бирлашган Араб Амирлиги ва Саудия Арабистонида атмосфера ҳавосига фаол таъсир қилиш натижасида қор ёғдирилди.

Сунъий тарзда ёғингарчиликни ҳосил қилиш амалиётда булут “экиш” технологияси деб ҳам аталади. Мазкур тажриба юртимиз олимлари учун ҳам бегона эмас. Бу йўналишдаги изланишлар Гидрометеорология институти базасида 1963 йилда бошланган. Энг охирги илмий тадқиқот эса 1990 йилларда бўлган. Бироқ ўтган 30 йил давомида молиявий масалалар сабаб илм ташлаб қўйилган эди. Куни кеча институт жамоасининг маълум қилишича, олимлар қайтадан мазкур технология устида ишларни бошлаб юборди. Яъни, эндиликда, Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдириш амалиётда қўлланила бошлайди.

— Яқин йилларгача лойиҳалар грантлари асосида кун кўрган институтнинг давлатимиз раҳбари топшириғи билан доимий молиялаштиришга ўтказиб берилгани бу борадаги изланишларни фаоллаштиришга кенг йўл очди, — дейди Ўзгидромет бош директори Шерзодҳўжа Ҳабибуллаев. — Тажрибани жадаллаштиришимиздан кўзланган асосий мақсад исталган вақт ва жойда қор ёки ёмғир ёғдириш эмас, балки, аввало, илмни ривожлантириш, узоқ йиллик тажрибага эга олимларимиз салоҳияти ёрдамида бу борадаги имкониятларимизни рўёбга чиқаришдан иборат. Қолаверса, глобал исиш кўрсаткичлари ортиб бораётган бугунги даврда ушбу технологияни амалга оширишга эҳтиёж бор. Айниқса, бизнинг ҳудудимиз иссиқ ўлкалар қаторига киради. Агар рақамларга қарайдиган бўлсак, дунёда буғланиш кўрсаткичи 1-1,5 даража, Ўзбекистонда эса 2-3 даражадан юқори экани кўриняпти. Бу, ўз-ўзидан қишда қор камайиб, ёзда меъёридан иссиқроқ бўлишига олиб келмоқда. Агар биз ҳозир сунъий ёмғир ёғдириш технологияси бўйича илмий изланишларни ривожлантирмасак, бу йўналишда бошқа давлатларга боғлиқ бўлиб қолишимиз мумкин. Ваҳоланки, қўшни диёрларда ҳам бу борада ҳали тажриба йўқ. Бизнинг энг катта ютуғимиз, олимларимизнинг технология бўйича узоқ йиллик илмий изланишлари, тажрибалари бор. Шу жиҳатдан, натижага тезроқ эришиш имкониятимиз юқори.

Дронлар миссияни бажара оладими?

Тадқиқотни буюртма асосида олиб бориш режалаштирилган. Ҳозирда кўплаб ташкилотлар, ҳатто, турк инвесторлари лойиҳага қизиқиш билдирмоқда. Илк музоқарачилар эса гидрогеология йўналишида иш олиб борадиган республикадаги энг катта ташкилотлардан бири экани айтилмоқда. Ўзаро ҳисоб-китоб ишлари якунига етгач, технологияни қўллаш жараёнлари бошланади. Ҳозирча номи очиқланмаган ташкилот фаолияти сув соҳаси билан боғлиқ бўлгани боис, институт илк босқичда технологияни дарё хавзасининг юқори тоғли қисмида амалга оширади. Кейинчалик тоғли ҳудуд, қишлоқ хўжалиги ерларида сунъий ёмғир ёғдириш кўзда тутилган.

Хўш, амалий жараён қай тарзда амалга оширилади? Умуман, болалигимизда севиб томоша қилганимиз бир мулътфилъмдаги каби булутдан ҳар ким “ўз ёмғири”ни ёғдириши мумкинмикан. Гидрометеорология институтида узоқ йиллардан буён ишлаб, мазкур технология устида олиб борилган илк изланишларда қатнашган, география фанлари номзоди Бахтиёр Қодиров булутларни бошқариш “сири”ни очиқлади.

— Сунъий тарзда ёмғир ёғдириш учун танланган булутга керакли дориларни сепиш талаб этилади, — дейди олим. — Ҳозирги кунда бундай дорилар хилма-хил. Масалан, шулардан бири кумуш йодид. У ўтган асрнинг 30-йилларида топилган. Музлатиш эффекти жуда юқори. Иккинчиси, хладореагентлар, яъни музлатувчи, табиатга мутлақо зарарсиз дори воситалари. Бундан ташқари, булутга тузга ўхшаган гидроскопик воситалар сепиш ҳам оммалашган. Шунингдек, сунъий ёмғирни механик усулда ёғдириш мумкин. Бунда нам ҳаво музлаб, булутга айланиши учун баландликка кўтарилади. Катта турбина орқали атмосферага кўп миқдордаги иссиқ ҳаво ҳайдалади. Бунда нам ҳаво баландликка кўтарилади ва у ерда харорат пасайиш натижасида музлаш жараёнида булутга айланади. Натижада, булут ҳосил бўлиб, ёмғир ёғади. Мазкур усулни бундан 500 йил олдин Африкадаги қабилалар ҳам қўллаган экан. Ёмғир керак бўлганда, саванна деган ўтлар ёқилиб, ҳосил бўлган катта ёнғин ҳавога кўтарилган ва осмонда булутга айланиб, ёмғир ёққан.

Дориларни белгиланган булутларга етказиб бериш технологиянинг энг қиммат қисми ҳисобланади. Боиси, жараёнда қўлланиладиган техникалар арзонга тушмайди. Булутларга реагентлар — кумуш йодид ёки қуруқ музни сепишнинг бир қанча усуллари бор. Биринчиси, самолётлардан фойдаланиш. Иккинчи йўли, ердан туриб, дорилар ракетада отилади. Учинчи усул эса, генераторлар ёрдамида ёмғир ёғдириш дейилади. Бунда маълум бир нуқталарга генераторлар ўрнатилиб, улар ёрдамида кимёвий реагентлар атмоcферага пуркалади. Бу асосан, тоғли ҳудудларда қўлланилади. Булутларга дори сепишнинг энг сўнгги, замонавий усули эса дронлардан фойдаланиш ҳисобланади. Ушбу технология Буюк Британиянинг Рединг ва Бас университетлари олимлари томонидан яратилган бўлиб, ҳозирги кунда Британия ва БААда синалган. Аммо олимларимизнинг айтишича, дронлар усули бизнинг ҳудудга унчалик тўғри келмайди. Боиси, улар бизнинг иқлим, айниқса, тоғли ҳудуд шароитида муз билан қопланиб қолиниши мумкин. Муз қопланган дрон эса миссиясини якунламай туриб, оғирлашиб ерга қулайди.

Булутларнинг ҳаммаси ҳам олимлар учун манфаатдор бўлмагани ҳолда, уларга дори сепиш самара бермайди. Дори иш бериши учун булутнинг керакли қатламида музламаган сув заррачаси бўлиши шарт. Шундагина дори сепиш натижа бериб, ёмғир ёғади.

Ёғингарчилик 15 фоизга ошади

Болалигимизда йирик давлат тадбирлари олдидан тўп орқали булутлар тарқатилиб, кучли ёмғир ва дўлнинг олди олиниши ҳақида кўп эшитардик. Олимлар чиндан ҳам булутларни ҳайдаш борасида тажрибага эга эканимизни таъкидлади. Аммо сунъий тарзда ёмғир чақириш ёки қор ёғдириш усуллари ҳам институт мутахассислари учун янгилик эмас. Илмий изланишлар йиллар давомида В.Курбаткин, О.Жўраев, Х. Имомжонов, Б.Қодировлар томонидан давом эттирилган. Бугун улар ўз ишларини шогирдларига ўргатмоқда.

— Олимлар 1963 йилда Пскем дахасида тажрибани илк марта қўллаганда, баландлиги икки километргача кўтариладиган кичик ракеталардан фойдаланган, — дейди институт лабораторияси олими Бахтиёр Қодиров. — Ўшанда ракеталар булутларга отилиб, сунъий ёмғир ёғдирилган. Ўтган асрнинг 90-йилларида Тошкент, Фарғона водийси шимоли ва Қашқадарё тоғ ва тоғолди ҳудудларида қатор тажрибалар ўтказилган. Жараёнда таъсир зоналарида атрофга нисбатан 15 фоиз кўп ёғин бўлгани илмий исботини ҳам топган. 2000 йилда эса шимолий Қозоғистоннинг Костанай вилоятида ўтказилган тажрибаларда бир гуруҳ ўзбек олимлари қаторида қатнашдим. Вазифамиз буғдой майдонининг устида сунъий ёмғир ёғдиришдан иборат эди. Гап шундаки, қўшни мамлакатда барча техникалар бор, аммо бу йўналишда мутахассис йўқ бўлган. Шу боис, улар бизга мурожаат қилишган. Хуллас, жамоа билан ёз бўйи ўша ерда ишлаб, июль-август ойида сунъий ёмғир ёғдириб берганмиз. Натижаси кутганимиздек бўлган.

Бахтиёр аканинг ўзи илк тажрибаларини Қашқадарёдаги 200 минг гектар лалмикор ерда булутга ракета отиш орқали ёмғир ёғдиришдан бошлаган. Вилоят миқёсида қўшимча сув олиш йўлларини метеостанция, локаторлар олган маълумотлар асосида баҳолаб берган. Мазкур технологияни селга қарши ишлатиш бўйича ҳам ҳисоблаш моделлари бор. Олимнинг фикрича, бу тажрибани селнинг олдини олиш ва унинг салбий окибатларига қарши ҳам қўллаш мумкин ва бу кутилган натижани беради.

Нам оқим тутиб қолинади

Ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик миқдорини ошириш, дўлни бостириш, об-ҳавони ўзгартириш, ўз-ўзидан, атмосферага фаол таъсир этиш ҳисобланади. Шу боис, сунъий ёмғир ёғдириш борасидаги баҳсларда кўпроқ экологлар томонидан табиатнинг тизимига аралашувига оид эътирозли саволлар берилади. Аммо мутахассисларнинг айтишича, тажрибаларнинг бари атмосфера циклига эмас, балки нам ҳаво оқимларига таъсир этиш эвазига амалга оширилади. Бунда БМТ томонидан 1977 йилда қабул қилинган Атмосфера муҳитини ўзгартириш конвенцияси стандартларига тўлиқ риоя этилади.

Иш давомийлигида ҳар бир жараён, хусусан, булутларнинг қалинлиги, ҳолати, юриши ва бошқа барча маълумотлар махсус радиолокаторлар орқали назоратга олинади. Мунтазам ишловчи локаторлар камида уч соат олдин булут ёмғирли ёки йўқлигини кўрсатиб беради. Ҳозирги замонавий технологиялар эса барча ҳисоб-китобларни аниқ амалга ошириш имконини беради. Маълумотларга кўра, охирги вақтларда Ўзбекистонда йил давомида атиги 200—240 соат, яъни 9-10 сутка ёмғир ёғар экан. Яъни, цикллилик, ҳаво намлиги ўтган асрга нисбатан камайиб боряпти. Мутахассисларнинг айтишича, бошқа ҳудудлардан келаётган нам ҳаволар камроқ вақт оралиғида юртимиздан ўтиб кетмоқда. Масалан, бир ҳафта олдин мамлакатимиздаги совуқ иқлим қўшни давлатга чиқиб кетиб, қорга айланган. Агар шу қор бизда бўлганида, қўшимча сув олишимиз мумкин эди. Сунъий ёмғир ёғдириш технологияси шундай вақтлардан унумли фойдаланиб қолишга ҳам ёрдам беради.

Технологияга қўшни давлатларда ҳам эҳтиёж катта. Айни вақтда Гидрометеорология хизмати марказида ишлаётган “MODSNOW” дастури масофадан туриб, нафақат Ўзбекистон, балки Ўрта Осиё миқёсида ана шундай маълумотларни олиш имконини бермоқда.

— Дастур ҳудудларнинг дарё ҳавзаларидаги қор билан қопланиш даражасини ўрганади, — дейди Гидрометеорология илмий тадқиқот институти кичик илмий ходими Акмал Ғофуров. — Айни пайтда у марказнинг иккита бўлимида ишлаб турибди. Дастур ёрдамида қор кўчкиларини баҳолаш, вегетация даврига қанча сув келишини башорат қилиш мумкин. У Модис космик кемаси маълумотлари асосида ишлайди. Одатда, космик кема маълумотларни икки кун ўтиб тақдим қилади. Бироқ келишув асосида марказга космик кема учиб ўтиши билан, маълумотлар тўғридан-тўғри узатилади. Дастурдан олинадиган кунлик мониторинг натижалари асосида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини самарали қўллаш мумкин. Масалан, дарё ҳавзаларида қор нормадан камлиги кўринса, тоғларда сунъий ёмғирни қор кўринишида ёғдириш орқали уни меъёрга етказиш ва кам сувли йил бўлиш эҳтимолини бартараф этиш имконияти бўлади.

Албатта, янги технологиянинг афзалликлари кўп. Хусусан, сунъий ёмғир ёғдириш қиш кунлари ёғинни кўпайтириш, ёз фаслида эса айни сув керак бўладиган вақтда сув захираси билан таъминлашда ёрдам беради. Иқтисодий самарадорлигига келсак, сувни кўпайтириш орқали бошқа соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва сувдан электр энергияси олиш ҳажмини кенгайтиришга ҳисса қўшилади.

Лойиҳани амалга ошириш орқали ёғингарчилик кўрсаткичини 15—20 фоизга ошириш мумкинлиги айтилмоқда. Ҳозирда технологияга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Ишлар эса буюртмалар асосида олиб борлиши режалаштирилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Манба: yuz.uz