Атрофга назар

ГАЗЕТА ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?


14.06.2022   483

Бугун оммавий ахборот воситалари орасида газетанинг ўз ўрни, ўз нуфузи бор. Ким нима деса десин, қандай фикрда бўлмасин, босма ахборот воситаси бўлган рўзномалар ҳар қандай даврда маънавият чироғи, жамият сийратига сайқал, оммавий ахборот ва тарғиботнинг асосий воситаси бўлиб келган. Тўғри, бугунга келиб ижтимой тармоқлар, турли сайтлар фаолияти оммалашди. Тан олиш керак, кўпчилик айнан интернет оламини танлашга улгурди. Босма нашрлар аксарият ҳолларда эътибордан четда қолаётгани эса ачинарли ҳолат, аслида. Бу билан кимларнингдир танловини танқид қилишдан йироқмиз, фақат ўша ижтимоий тармоқлару, сайтларнинг шаклланишида газеталарнинг ҳам ўрни борлигини қайд этмоқчимиз холос.

Ҳеч бир замон газетанинг “ўлиши”га йўл қўймаган. Айтарли сабабларнинг бисёрлиги рўзномалар фаолиятини бир қадар тўхтатиши мумкин, аммо бутунлай йўқ қилиб юбориши ақлга сиғмас. Мамлакатимизда қанчалаб отахон газеталар бор. Уларнинг ҳурмати ҳамон баланд. Ижтимоий тармоқлар кузатувчилари орасидаги айрим бу шарафни рад этаётганлар ўз савиясини аслида минглаб газетхонлар савиясидан қанча паст эканлигини исбот этаётирлар.

Бу мавзуда тортишиш ниятида эмасмиз. Ҳамманинг танлови ўз қўлида. Биз фақат газета тўғрисидаги айрим мулоҳазаларимизни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Бироз тарихга қайтамиз.

***

Газета ёки рўзнома бир ном остида чоп этилувчи вақтли нашрдир. Ҳажми 2 саҳифадан 100 саҳифагача ва ундан кўп бўлиши мумкин. Газета ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва илмий ҳаётга доир долзарб ахборотни ҳозиржавоблик билан турли адабий шаклларда оммага етказади ва шу билан ўз ўқувчиларига кундалик турмуш воқеаларига нисбатан маълум муносабат пайдо бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, у жамоатчилик фикрнинг маҳсули ва ифодачиси сифатида намоён бўлади.

Ҳуқуқий демократик жамиятда газета фаолияти тегишли қонунчилик асосида олиб борилади. чунончи, у ўзи тарқатаётган ахборотнинг холис ва ҳаққонийлиги учун жавобгар. Халқ маънавий қудратини юксалтиришга, омма ижтимоий онгини ривожлантиришга кўмаклашади. Айтиш жоиз бўлса, ҳакоимият ва жамият ўртасида холис воситачи вазифасини ўтайди.

ГАЗЕТА ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?

Газетанинг ибтидоий тури дастлаб Римда милоддан аввалги 1-асрда, Хитойда 7-асрда шаклида пайдо бўлган. Ҳозирги газетанинг дастлабки турлари Европада 16-17 асрларда нашр этилган. Улар хусусий шахслар, аксарият матбаачилар, ноширлар, почта ходимлари томонидан ҳафтада ёки 15 кунда бир марта чоп қилинган.

16 –асрда Венецияда ёзма ахборотлар учун “газетта” деган чақа пул тўлашган (номи ҳам шундан олинган). 1631 йилда Парижда қирол Людовик XIII (1586—1653) нинг шахсий шифокори ва йилномачиси Теофраст Ренодо парижлик китобфурушлар – Луи Вандом ва Жан Марпен билан биргаликда “La Gazzette” номли вақтли босма нашрни ташкил этади. Айни вақтдаги “газета” атамаси мана шу нашр ташкил топгач оммалашган, деган фикр мавжуд.

ЎЗБЕКИСТОНДА ГАЗЕТА ТАРИХИ...

19-асрнинг 70-йилларидан “Туркестанские ведомости” газетасининг чиқа бошлаши Туркистон даврий матбуотининг ибтидоси бўлди. Шу билан бирвақтда ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” ҳам чоп этила бошланди. 1917 йилгача Туркистонда бу икки газетадан ташқари, турли вақтларда ўзбекча ва русча (баъзан қирғиз ва тожик тилларида) 100дан ортиқ рўзномалар чиққан. Улар асосан Тошкент, Самарқанд, Андижон, Ашхабод, Қўқон, Фарғона каби йирик савдо-саноат шаҳарларида фаолият юритган.

20-аср бошида мамлкатимиз ҳудудида ўзбек маърифатчилари томонидан нашр қилинган “Тараққий” “Хуршид”, “Шуҳрат” “Бухорои шариф”, “Самарқанд” “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Турк эли”, “Ҳуррият”, “Эл байроғи” каби миллий газеталар газетачилик тарихида муносиб ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1993 йилда “Тараққий” газетасининг 1-сони чиққан (1906 йил) 27-июнь кунини журналистларнинг касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ўзбекистонда шўро тузуми даврида ўзбек ва бошқа маҳаллий тилларда янги йўналишдаги газеталар тизими таркиб топди уларнинг барчаси коммунистик мафкура назорати остида чоп этилган.

Давлатимиз мустақилликка эришгач, газеталарга мафкуравий яккаҳокимлик барҳам топди. Шундан сўнг, рўзномалар ўз сиёсий йўналишини, мазмун-моҳиятини тубдан ўзгартирди.

Мамлакатимизнинг юридик ва жисмоний шахслари 1997 йилда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга газета таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Айни пайтда республикамизда 507 номда газеталар нашр этилади.

Зилола РАҲМОНОВА

тайёрлади.