Андижон 24

ХАЙРЛИ ИШ ОТАХОНГА ИЛҲОМ БАҒИШЛАДИ


22.11.2021   450

Нишонбой ота Болтабоев бир умр мактабда – физика фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритди. Ҳозирда у меҳнат нафақасида. Ёши улуғ бўлишига қарамай тин олишни истамайди. Айниқса бадиий ижод унинг жони дилига айланган. Вақт топди деунча қўлига қалам ушлайди, кўнгил кечинмалари шеърларга айланади. Андижон шаҳридаги “Ёғду” адабий мактаби аъзоси сифатида доимо фаол. Ижодий машқлари турли нашрларда тез-тез чоп этиляпти.

Ўзбекистон бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” ижодкор отахонни бефарқ қолдирмади. Хайрли ишга бағишланган шеърини эътиборингизга ҳавола қилар эканмиз Нишонбой отага хосиятли умр, тани-сиҳатлик, ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.

ЯШИЛ МАКОН

Ҳар фаслда умумшанбалик,

Шаҳар, овул, қишлоқларда.

Ҳудудларни қуршар ажиб яшиллик,

Ниҳоллар экилар қум, тошлоқларда.

Кимдир гул эқмоқда, кимдир сепар сув,

Гулқайчи ушлаган қўллар тин олмас.

Тозалик, ободлик авж олган жойда,

Кўчалар ярақлар мисоли олмос.

Хилма- хил дарахт, ниҳоллар,

Йўлларнинг четига экилди қатор.

Кексалар ҳамнафас хайрли ишга,

Ҳашарга келганнинг юртга ишқи бор.

Ҳамжиҳат бўлиб, ҳамнафас бўлиб,

Яшилликка буркайлик чўл-биёбонни.

Яшнасин янада қишлоғу кентлар,

Ҳавас қилсин кўрганлар Ўзбекистонни!