Атрофга назар

Инсонийликка зид ишларга уриниш надоматга сабаб бўлди


30.10.2023   99

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга шикоят келиб тушди. Ходимлар ишга киришдилар. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, иккинчи ариза келди. Икковида ҳам бир инсон ҳақида, аниқроғи, унинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати тўғрисида гап кетарди...

...Бир фарзанднинг онаси Маҳлиё Тошалиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тақдир тақозосига кўра, 2019 йилда илк бора хорижга сафар қилди. Унинг борар манзили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри эди. Сафар давомида узоқнинг “ҳаво-ҳадиси”ни олган Маҳлиё ўзга юртда аёллар салонида иш бошлади. Бир ажнабий йигит унга харидор бўлиб, иккиси турмуш ҳам қуриб, шаръий никоҳ асосида яшай бошлашди.

Ўтган йили аёл қучоғида ўғли билан уйига қайтди. Маҳлиё шу фурсатларда бир қинғир ишни кўнглига тугди. Яъни олисга ишлагани бориш ниятидаги содда аёлларни излай бошлади. Кунларнинг бирида шундай аёллар унинг “қармоғига” илинди. У хонободлик Санам ва унинг дугонаси эди. Улар Андижон шаҳридаги ошхоналардан бирида учрашдилар. Аёллар мақсадини билган Маҳлиё бу ишда уларга жону дилдан кўмаклашишга шайлигини, фақат бунинг учун 4000 АҚШ доллари зарурлигини маълум қилди.

  • Бу – харажатларга. Ярмини аввалдан, қолганини ўша ёққа боргач берасизлар, - деди ўз сўзига хотима ясаган бўлиб у.
  • Мен ўйлаб кўраман, ҳозир ёнимда шунча пул йўқ, - деди Санам.
  • Бўпти, Янги бозорга келаверинг, - деди Санам.

Айни шу пул масаласи орага тушгач, уч суҳбатдошнинг гапи бир ердан чиқмай қолди.

Маҳлиё қараса, ўзи кўзлаган текин пишлоқдан қуруқ қоладиган. Сир бой бермай, кўнишга мажбур бўлди. Санам суҳбат асносида барча ҳужжатлари, ҳатто, “загран паспорти”и ҳам тахтлигини билдирди.

Орадан кунлар ўтаркан, Маҳлиё бетоқат бўла бошлади. Санамга бир-икки қўнғироқ қилиб, пул ҳақида сўз очди.

Санам ҳам осон жон берадиганлар хилидан эмас экан чоғи, даволанаётганини, пули тайёр бўлган заҳоти сим қоқишини маълум қилди. Маҳлиё эса, тезроқ ўлжани қўлга киритиш иштиёқи билан ёнарди. Шу боис бир-икки қўнғироқдан сўнг кунларнинг бирида у Санамга яна телефон орқали “Гўзаллик салони”га кирмоқчилигини айтиб, пулга шаъма қилди.

Ҳар икки аёл енгил машинада кўзланган манзилга етиб келганида, атрофни аллақачон тун қуршаб олганди. Санам Маҳлиё келган йўловчи автомашина олд ўриндиғига ўтирди ва келишилган 100 купюралик 10 та хориж валютасини хорижга чиқишга рухсат берувчи паспортига қўшиб унга узатди. Бироқ Маҳлиёга салонга кириш ҳам, бу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун тасарруф қилиш ҳам, йўл бўйи ўйлаб келган моддият билан боғлиқ эртанги режаларини амалга ошириш ҳам насиб этмаган экан. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар унинг ғайриқонуний ишларига ўша жойнинг ўзида, шу куниёқ чек қўйдилар. Маҳлиёдан ашёвий далил тариқасидаги хориж валютаси холислар иштирокида олинди.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида ўтказилган суд муҳокамаси якунида Маҳлиё Тошалиева Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисмининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ҳамда унга қилмишига яраша жазо тайинланди. Ўйлаймизки, бу ҳолат аёлларни хорижга юбориб, у ерда номусга, инсонийликка мос келмайдиган ишларга жалб қилиб, шу орқали моддий даромад орттирмоқчи бўлган Маҳлиёга етарлича сабоқ бўлиб, у энди умрбод тўғри йўлдан оғишмайди.

Фурқат Собиров,

жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди раиси