Атрофга назар

ИНТЕРНЕТДА “ҚАРОҚЧИЛАР” ТУЗОҒИГА ИЛИНМАСЛИК УЧУН


26.05.2022   380

Банк пластик карталарингиз маълумотларини ҳеч кимга берманг

- Яқинда пластик картамдан катта миқдорда пул ўғирланди. Телеграм канали орқали келган “Анорбанк расмий” гуруҳидаги ўйинда қатнашиб, пул мукофоти ютиб олгандим. Пулни олиш учун карта рақамлари, маълумотларини тақдим қилдим, лекин тушмади. Бу ҳолат эсимдан ҳам чиқиб кетганди. Ўзим ҳам ишонмай, шунчаки қизиқишга синаб кўргандим. Орадан уч тўрт кун ўтиб ойлик маошим тушди. Шу куни картадаги барча маблағ нотаниш рақамлар орқали ечиб олинган. Йўқотилган пулни қайтариш учун қандай йўл тутсам бўлади?

Орзу Нишонова,(исм фамилиялар ўзгартирилган) Андижон шаҳри.

Сўнгги пайтларда таҳририятимизга шу каби мурожаатлар кўплаб келмоқда. Интернетнинг чексиз имкониятларидан қинғирлик йўлида фойдаланиб, турли фирибгарликлар, ютуқли ўйинларни уюштирган сохта бошқарувчилар одамларни чув туширишмоқда. Бундай ҳолатларга тушиб қолмаслик ҳамда олдини олиш мақсадида берилган саволларга жавоб топиш учун “Ҳамкорбанк”нинг пластик карталари бўйича менежери Шоҳислом Аҳмаджонов билан суҳбатлашдик.

- Шу кунларда пластик карталари орқали маблағларни ечиб олиш каби фирибгарликлар, ўғриликлар кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолатларга дуч келмаслик ёки олдини олиш учун қандай йўл тутиш керак.

- Ваалайкум ассалом. Бугунги мавзу ҳозирда жуда долзарб бўлиб турибди. Оммавий ахборот воситаларида, турли хил кўрсатувларда тинмай бонг урилганига қарамай, одамларимиз барибир ишонувчан, содда халқ. Қандай қилиб фирибгарлар тузоғига осонгина тушиб қолишаётганини билишмаяпти. Баъзилари билиб-билмай, баъзилари эса қизиқиб алданиб қолишмоқда. Аввало, бундай ҳолатга тушмаслик учун шахсий банк пластик карталари ёки маълумотларини ҳеч кимга бермасликлари керак. Карталарга мураккаброқ маҳфий кодлар қўйишни, чет эл рақамларидан қўнғироқлар бўлганда, нотаниш бўлса жавоб бермасликни сўраб қоламан.

- Фирибгарлик ишлари қандай амалга оширилмоқда, алданиб қолмаслик учун нималарга аҳамият бериш зарур.

- Масалан телеграм каналларида турли расмий, ишончли номлар билан номланган қўштирноқ ичидаги гуруҳларга одам қўшиб, пул мукофоти ютиб олганлиги, карта маълумотларини тақдим қилганда, пуллар ҳисобига тушиши ҳақида айтиб ўтилади. Бунда улар сизнинг маълумотларингиз орқали картангизга уланиб олишади ва пластигингизга каттароқ сумма тушишини кутиб туришади. 100-200 минг сўм пулни ечиб олишмайди. Қачонки ҳисобингизда миллиондан ортиқ сумма турганда улар ҳаракатга тушади. Картингиздан маблағни осонгина ечиб олишади. Агар сизга кимдир пул ўтказса карта рақамингизни берсангиз бўлди. Амал қилиш муддати ёки сизга келган махфий кодни киритинг дейишга ҳожат йўқ. Мабодо сиздан махфий код ёки амал қилиш муддати ҳақида маълумот сўралса, билинки сиз тузоққа тушиш арафасидасиз.

- Шундай ҳолат юз берди дейлик. Яъни маблағ ўғрилар томонидан ечиб олинди. Алданиб қолган шахс биринчи ўринда нималар қилиши лозим.

- Аввало, пластик карта қайси банкга қарашли бўлса, шу банкдан кунлик ўтказмалар тарихини чиқариш, сўнгра ички ишлар органларига мурожаат қилишлари керак. Бундай тўдалар нафақат мамлакатимизда, балки бошқа мамлакатлар орқали ҳам фаолият олиб бораётганини ҳисобга олинса, ўғриларни топиш бироз мураккаблашади. Шунда ҳам йўқотилган пуллар қайтиши бироз қийин. Агар товламачилар аниқланган тақдирда иш судга оширилиб, тергов жараёнлари бошланади. Жуда катта маблағ ўғирлангани аниқланган тақдирда барча жабрланувчиларнинг маблағлари қайтарилиши осон эмас. Жавобгарга эса қонунга мувофиқ тегишли жазо қўлланилади.

- Фуқароларга маслаҳатингиз...

- Доимгидек огоҳ бўлинг. Шахсий маълумотларингизни, пластик картангизни ҳеч кимга ишонманг. Турли хил ютуқли ўйинларга алданиб қолманг. «Автомобиль ютдингиз», «Акция ғолибига айландингиз», «Мобил телефон эгаси бўлдингиз», «Дубайга саёҳат қилинг» қабилидаги соҳта смс хабарларига ишониб, махфий кодларни юборманг. Чет эл рақамлардан амалга оширилган қўнғироқларга жавоб берманг. Огоҳлик - давр талаби. Фирибгарлар тузоғига тушиб қолманг.

Суҳбатдош: Моҳигул СИДДИҚОВА.