Атрофга назар

ҲАҚОРАТ УЧУН МАЪМУРИЙ ВА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БОР!


27.07.2023   206

Яқин дугонам туҳматга учрагани, турмуш ўртоғининг қариндошлари томонидан ҳақорат қилингани ҳақида ҳасрат қилиб қолди. Хали ҳануз бу ҳолат давом этаётганидан ёзғирди. Уларга бас келолмаслигини билгани учун сукут сақласа-да, барибир улар “тинмаётгани”дан эзилаётгани гап-сўзларидан билинди.

Сўнгги пайтларда бундай воқеаларга кўп дуч келяпмиз. Орадан андиша кўтарилгандек гўё. Бу жуда ачинарли ҳол. Назаримда, кўпчилик туҳмат ва ҳақоратнинг ҳуқуқий оқибатларини билмайди, ўйламайди.

Мазкур мавзуда сўз юритиб, аниқ ҳуқуқий маълумотларни сизга илинишни жоиз билдик. Мутахассисга юзландик ва мавзу доирасидаги қонуний асосларни ўртоқлашдик.

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ, амалиётчи ҳуқуқшунос:

– Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Бош қомусимизнинг 13-моддасига биноан инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Шу маънода айтганда, амалдаги қонунларимизда туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасига мувофиқ, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бош­­қа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — базавий ҳисоб­лаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кодекснинг 41-моддасида эса ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Жиноят кодексининг 139-моддасига биноан, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бош­қача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Агар туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда, хавфли рецидивист томонидан, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Кодекснинг 140-моддасида эса ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бош­қача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш базавий ҳисоб­лаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда, хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, базавий ҳисоб­лаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Шундай экан, ҳар бир шахс ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш оғир оқибатларга олиб келишини теран англаб етиши шарт.

З. РАҲМОНОВА ёзиб олди