Атрофга назар

Ҳаёт кўп нарсани кўрсатади


25.10.2023   94

Имтиҳондан чиқиб тўғри автовокзал томон йўл олдим. Кун қиздиряпти.

Манзилим у қадар узоқ эмас. Хаёлимда “автобус бормикин?” деган савол айланяпти. Хартугул бор экан. Мен учун ўриндиқдан жой бўлиши шарт эмас, шундоғам туриб кетишга кўникиб кетганман. Бироқ битта бўш жой бор экан. Эндигина жойлашгандим, ёши катта аёл чиқиб қолди, унга ўрнимни бердим. Шу вақт рўпарамдаги бола ҳам ўрнидан туриб, орқа томонга ўтиб кетди. Йўловчи аёл менга қараб:

- Қизим, ўтириб олинг, - деди.

- Барибир туриб кетаман деётгандирда, - деди ҳозиргина туриб кетган боланинг ёнида ўтирган ёши қирқ бешлардан ошган киши менга қараб.

Қистовларга қараб ўша амакининг олдига ўтирдим. Кўринишидан жуда самимий бу инсон унинг ёнига ўтирганимдан сўнг ўзининг ҳаёти ҳақида гапира кетди:

- Биз, қизим, нақ 19 йил мана шу автобусда тикка туриб кетганмиз. Сизларга бўлса, энди 2 ёки 3 йил бўлди.

- Ҳмм...

- Илгари бизнинг пайтда бундай автобуслар бўлмаган, жуда ҳам эски эди. Ҳозир анча яхши. Мен ўзи аёллар томонда ўтирмасдим, лекин йўлда тушаманда, шунинг учун “орқадан келиб қийналаманми”, дедимда.

Мен эса унинг қўлидаги ҳасса таёғига қарадим.

Шу пайт автобусга бир инсон чиқди, мен уни олдин ҳам кўрганман. У инсон: “Мен кетмайман шунчаки бир нарсани кўрсатмоқчиман”-деб сеткасига қўлини солиб, ялтироқ нарса олди.

Ёнимдаги инсон: “Энди навбат рекламний паузага”, деди кулиб.

Унинг қўлидаги ялтироқ нарса олмос(ойна кесишда фойдаланадиган асбоб)экан. У нарса бизнинг уйда ҳам бор. Дадам унда ойна кесарди. У қўлига қалин ойнани олиб қўшиқ, илон-билон чизиқ юргизди, сўнг секин босган эди ойна худди шундай синди, аммо бизнинг уйдаги бундай кесмас эди.

Ўша сотувчи киши: “Фонограмма қилмайман, ахир фонограммадан зериккандирсизлар”, - деди. Унинг сопида пичоқ ўткирласа ҳам бўларкан. Баҳоси анча қиммат деб ўйлагандим, атига 10 минг сўмга сотди-я, “пулим бўлганда олар эдим”, дедим дилимда. У роса мақтади, лекин бир кишидан бошқа ҳеч ким олмади. Уни Литвадан олиб келган экан, негадир мен бунга ишонмадим яна Аллоҳ билади. Ёнимдаги самимий киши қутиси билан олиб кўрди ва ичидан бир донасини қўлига олди.

Шу пайт ҳайдовчи чиқди ва автобусни ҳайдай бошлади. Сал қолса сотувчи ҳам биз билан кетиб қоларди. У “тўхтанг, мен тушаман” деди, шошганидан ерда унинг олмос қутиси қолиб кетаётганди. Бир йўловчи эслатди.

Автобус юришни бошлади. Мен ўрнимдан туриб олдим, чунки яна одам чиққанди. Бир пайт ёнимда ўтирган самимий инсоннинг қўлига қарасам, боя олган бир дона олмоси қолиб кетган экан. Ҳайратомуз тарзда қараб қолдим. Мен самимий деб ўйлаганим ўша инсон қўлидагини у ёқ- бу ёғига қаради ва бироздан сўнг яшириб олди. Шундан кейин бу киши ҳақидаги фикрим буткул ўзгарди.

Сотувчининг эса автобусга чиққандаёқ кимлигини билгандим. У билан боғлиқ бир воқеа ёдимда ярқ этганди.

Ўшанда ҳам худди шундай ўқишдан қайтаётгандим. Автобусда биттаси манзилигача ташлаб қўйишини, аммо пули йўқлигини буни қарз деб билишини сўраб, ҳайдовчига илтимос қилди. У манзилида тушиб қолди, афтидан гандираклаб юришидан мастга ўхшарди. Ўша инсон бугунги сотувчи эди. Шунда “наҳотки, ўғрини қароқчи урган бўлса-я” деган хаёл яшин тезлигида ўтди.

Мен ўз манзилимда тушиб қолдим, аммо у киши йўлда тушишини айтган бўлса ҳам, ҳали тушмаганди. Вокзалга эса масофа жуда оз қолганди. Шунда мен бир хулосага келдим. Баъзида сохта самимийлик ортида иккиюзламачилик бўларкан. Мен буни ўша воқеалар мисолида тушуниб етдим.

Мадинабону ОРИБЖОНОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси