Атрофга назар

КОНСТИТУЦИЯ – ЮТУҚ ВА МУВАФФАҚИЯТЛАРИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ


19.04.2023   173

Давлат ва жамият ҳаётининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолати вазифасини ўтовчи Конституция – нафақат давлатчиликнинг муҳим рамзи, балки ҳар бир халқнинг миллий ғурури ва ўз-ўзини ҳурмат қилишининг ҳуқуқий тимсоли ҳамдир.

Бугунги кунда ҳаётимизда юз бераётган туб ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқларга Конституциямиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Асосий қонунимиз йиллар давомида халқимизнинг дилидан жой олди, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда мажбуриятларини ўзида мужассам этган дастурул амал сифатида намоён бўлди.

Конституция – давлатнинг Асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Ҳар бир мамлакатда у ёки бу жорий қонунлар бўлиши ва у муайян вақтдан сўнг номи ўзгариши ёхуд бекор бўлиши мумкин. Бироқ Конституция инсон, жамият, давлат манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи, давлат тузилиши ва бошқаруви шакли асосларини белгиловчи, ҳокимият идоралари фаолиятини ташкил этилиши тартиби ва принципларини мустаҳкамловчи олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат бўлиб, у ўзининг ягоналиги ва барқарорлиги билан ажралиб туради.

Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос, мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келсада, замона талаблари ўзгармоқда, янги тафтиш, янгича ислоҳотлар, янгича қоидалар талаб этилмоқда. Бинобарин, 4-5 йил аввалги ҳаёт тарзимизга қараганда ҳозирги турмушимиз мутлақо ўзгарди. Инсон қадри тушунчаси кириб келди.

Инсон қадри тушунчаси ҳақида сўз кетгандаасосий қонунимиз муқаддимасининг бошлариданоқ инсон омили тилга олиниб, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани ҳам мамлакатимизда фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёти бош мақсад эканлиги яққол кўзга ташланади.

Бунинг кафолати ўлароқ Бош Қомусимизнинг 2-моддасида: «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар» деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва биз эришаётган ютуқларимизда, албатта, мустақил Ўзбекистонимиз Конституцияси ҳуқуқий асос бўлмоқда. Хусусан, Бош Қомусимизнинг 7-моддасида: «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир», деб белгиланган бўлиб, бугун бу манба тўла ишга туширилди. Аниқ айтадиган бўлсак, янги Ўзбекистоннинг олий ижтимоий мўлжали — Конституциямизда акс эттирилган моҳиятан эзгу ҳамда инсонпарвар мазмунини ҳаётга жорий қилишда яққол намоён бўлмоқда. Бу улуғ ҳаракат, аввало, одамларнинг яратувчанлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон капитали имкониятидан самарали фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларда намоён бўляпти, десак, айни ҳақиқат.

Зеро, юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатнинг асосий мақсади ҳам аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча шарт-шароит ҳамда қулайликларни яратишдан иборатдир.

Конституциямизнинг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқи белгиланган бўлиб, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, 26-моддасида эса жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмаслиги, айбланаётган шахсга нисбатан ўзини ҳимоя қилиш учун барча шарт-шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шавқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Шундай экан биз бу жамиятда эмин-эркин яшашимиз, ўз орзу-истакларимизни амалга оширишимиз, фарзандларимиз камолини кўриб яшашимиз учун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланганлигини кўришимиз мумкин.

Конституциямизнинг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.

Хулоса қилиб айтганда, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.

Бегзодбек Сатвалдиев,

Қорғонтепа туманлараро

иқтисодий суди раиси