Андижонда

ҚУТЛОВ: ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ


27.06.2022   254

27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни.

Бу кунни Ўзбекистонимиздаги минглаб “айтса қўрқмайдиган” қалам соҳиблари байрам сифатида кенг нишонлайдилар.

Бу кун менинг ҳам қалбим шодликка, ғурур ва ифтихорга тўлиб тошади. Айнан шу касбни танлаганимдан бошим осмонга етиб қувонаман.

Аслида журналистлик бир сиёсий арбоб айтгани каби “дўзаҳ азобига менгзалади”ган оғир вазифа. Чиндан ҳам мухбир халқи заҳматдан роҳат, машаққатдан ҳаловат қидиради. Бир умр ўзи, оиласи қолиб, жамият жароҳатига малҳам излайди, елиб югуради, ором нелигини билмайди.

Айнан мана шундай жонсараклик, куюнчаклик, нуқсонларга муросасизлик унинг ҳаёт тарзига айланган. Маъжозий маънода ифодалаганда қалам соҳибининг умри икки олов-ҳукумат ва халқ орасидаги “муҳораба” майдонида кечади. Мана шу жараёнда “сиҳ ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” мўътадилликни илғаб олиш, шу ғояни тарғиб қилиш, давлат ва жамоат ҳавфсизлиги, тинчлиги учун хизмат қиладиган тарғиботни олиб бориш қанчалар ҳавотирли, қанчалар масъулиятли “миссия” эканлигини қўлида қалами, қалбида Ватанга садоқати, тафаккурида ёрқин истиқбол орзу-умидлари жўш урган журналистларгина яхши биладилар.

Мен бу битикларимга исбот келтиришдан тийиламан. Зеро, ўзимнинг фаолиятим, юзлаб ҳамкасбларимнинг ижод ва ҳаёт йўли фикримнинг далилидир.

Ўтган кун ўтади, кетади ва у мозий солномасидан жой олади. Тарих зарварақларини яратадиганлар, қайта жонлантирадиганлар, Қодирий ҳазратлари ёзганидай, мозийга қайтиб иш кўрадиганлар ҳам ижод аҳлидир. Бугунги авлод андижонимизнинг босиб ўтган шонли, тарихий йўлини беш панжасидай билади деб ўйлайсизми? Қийин савол. Мана шу қийин саволга бир асрлик умри давомида ўз ўз саҳифаларига андижоннинг солномасини кунма кун, ойма ой, йилма йил муҳрлаб борган “Андижоннома”, “Андижанская правда” газеталари ходимларининг тахликали, шу билан бирга мардоновор меҳнатини инкор этмоқ осонми?

Ўтган аср бошларидаги жадидчилик ҳаракатидан тортиб, миллий озодлик курашлари, иккинчи жаҳон уруши ва уруш арафасидаги Катта Фарғона канали қурилишидаги водий халқининг мислсиз жасорати, фронт ортидаги қахрамонликлар, пахта якка ҳокимлиги уқубатлари ва ниҳоят мустақиллик йилларида қадамма қадам эришилаётган ютуқлар, жамият ҳаётининг демократиялаштириш ва бозор иқтисодиётига ўтиш даври муаммолари – барча-барчаси газета саҳифаларида кенг ёритиб борилганлиги эҳтимол кимгадир шунчаки жўн иш туюлар, аммо, лўнда гапирганда зар қадрини фақат заргар билади.

Ҳозирда босма оммавий ахборот воситалари оғир синовларни бошидан кечиряпти. Лекин, бу кунлар ҳам тарихга айланади, оққан дарё оқаверади.Энг муҳими нашрнинг бугунги ворислари ҳам устозлари йўлидан бориб, вақтинчалик қийинчиликлардан чўчима, сув келса симириб, тош келса кемириб, астойдил меҳнат қилаяптилар

Ўзбекистонда ўзини ўзи маблағ билан таъминлаган (шўролар даврида) ягона вилоят нашри, ўз сафига ўттиздан зиёд фахрий унвон соҳибларини бирлаштирган, ўзининг ярим асрлик тўйида давлат раҳбари қўлидан давлат мукофоти олган, Чўлпон, Асқад Мухтор, Саида Зуннунова, Эътибор Охунова каби ўнлаб таниқли адиблар камолотига тамал тошини қўйган, чин маънода андижон халқининг севимли нашрига айланган “Андижоннома” вақти келиб худди “Бобурнома” каби тилларда достон бўлишига қатъий ишонаман.

Бугун жамоада тер тўкаётган ҳамкасбларимни касб байрами билан қутлаб, уларга янги Ўзбекистонимиз манзаралари, бунёдкорликларини кенг ёритишда ижодий баркамоллик, сабр-матонат ва куч-қудрат тилайман.

Байрамингиз муборак, азиз ҳамкасблар!

Абдумутал АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист