Атрофга назар

“ЛАЙКПАРАСТЛИК” КАСАЛЛИККА АЙЛАНДИ...ми?!


27.07.2023   115

Бугун ижтимоий тармоқларда “лайк” йиғиш учун ўзини ҳар кўйга солаётган, турфа аксларда намоён бўлишга уринаётганлар кўпайиб кетгани бор гап. Айрим эркакларнинг аёл кўринишида, айрим аёл-қизларнинг йигит кўринишдаги саҳналари, ўзини баландликдан ташлаш, сувга сакраш, ёввойи ҳайвонлар билан селфи қилиш каби ҳолатлар урчиди.

Бир сўз билан айтганда, бемаъни селфибозлик авжига чиқди. Афсуски, бу билан ўз тақдирини ўзгалар қўлига топшириш, ўзгаларнинг фикри билан ҳаракат қилишга мойиллик ортяпти.

Смартфон ва интернет оламига бегона бўлмаганлар луғатидан ўрин олган “селфи” орқали ўзини турли ҳолатларда суратга тушириб ижтимоий тармоққа жойлашга ишқибозлар кўпайди. Уларнинг фикри-зикри эса имкон борича кўпроқ фойдаланувчиларнинг “лайк”ини йиғиш, суратлари билан интернетдаги етти ёт бегоналарни қойил қолдиришда бўлиб қолгани ачинарли.

Ўзгаларнинг баҳосини олиш истагидаги ёшлар ўз саҳифаларида ҳайратланарли суратларни жойлаш мақсадида ўзларини турли хатарларга қўйишмоқда. Улар кўпинча уйларнинг томларида, йиртқич ҳайвонлар олдида, яқинлашиб келаётган поезд рўпарасида суратга тушишмоқда. Мақсад, "лайк" йиғиш. Бироқ ўзгалар эътирофини олиш жонни хатарга қўйишдан афзалми шунчалар? Қанчалаб одамларнинг умри шу беъмани одат ортидан бевақт хазон бўлаётганини ОАВда, ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, эшитяпмизку. Наҳотки, шу салбий оқибатлар айримларга дарс бўлмаяпти?

Маълумотларга қараганда, селфига тушиш вақтида ҳалок бўлган шахс ҳақидаги илк хабар ОАВда 2014 йил мартида пайдо бўлган экан. Ўшандан буён селфига тушиш чоғида ҳалок бўлганлар сони муттасил ошиб бораётгани ачинарли.

Интернет хабарлари таҳлил қилинганда, селфи жараёнида ўлимга сабаб бўлган ҳолатлар орасида биринчи ўринда баландликдан йиқилиш турганлиги маълум бўлди. Кейинги ўринларда эса сувга чўкиб кетиш, йўл транспорт ҳодисалари, поезд остида қолиш, қуролдан ўлиш, ҳайвонлар ҳужуми ва ток уриб ўлиш ҳолатлари турибди.

Масалан, 2015 йил мартида Ҳиндистондаги Нагпур кўлида еттита бола қайиқда селфига тушмоқчи бўлиб чўкиб кетишган. Яна тўртта бола Нармада каналида қирғоқда суратга тушмоқчи бўлиб каналга тушиб кетиш оқибатида ҳалок бўлган.

2015 йил августида хитойлик 25 ёшли йигит Лонг Мен шаршараси устида селфига тушмоқчи бўлади ва эҳтиётсизлик оқибатида сирпаниб кетиб 30 метрли жарликка қулаб ҳалок бўлади.

Бир ойдан сўнг россиялик 17 ёшли талаба тўққиз қаватли бино томида осилиб селфига тушмоқчи бўлади. Лекин осилиб турган қўли чиқиб кетиб пастга қулайди.

Филиппинда 19 ёшли қиз 20 қаватли бино томидан селфига тушаман деб нариги дунёга равона бўлади.

Руминияда Анна Урсу исмли қиз юриб кетаётган поезд томида селфига тушмоқчи бўлганида электр симига урилиб жизғанак бўлган.

АҚШнинг Колорадо штатида икки ўринли самолёт ҳалокатга учради. Ҳалокатга эса учувчининг парвоз вақтида селфига тушишга уриниши сабаб бўлган.

Олти нафар ўспирин Нью Йорк шаҳри Марказий паркидаги ҳовузни қоплаган муз остига тушиб кетди. Улар биргаликда тўпланиб селфига тушмоқчи бўлишганда, оғирликка бардош бера олмаган муз ёрилиб, ўсмирлар сувга тушиб кетган. Яхшиямки, улар қутқариб олинди.

Мисолларни исталганча келтириш мумкин. Энг ачинарлиси, ана шундай суратларни кўрган ёшлар уларникидан ҳам зўр суратини жойлаш, минглаб “лайк” йиғиш истагида жонларини жабборга беришмоқда.

Куни кеча ижтимоий тармоқлардан бирида кўрганим нохуш ҳолат таъсири мени анчагача қийнагани рост. Тўсатдан машина уриб кетган қиз бир неча метр нарига бориб тушди. Ҳалокатга гувоҳ ўспирин шоша-пиша бу ҳолатни тасвирга оляпти. Атрофдагилар ёрдамга шошган бир пайтда унинг бу қилиғи оғриқли эмасми? Бунинг ўрнига шу телефон деган матоҳидан одамийлик ўрнида фойдаланиб, тез ёрдамга қўнғироқ қилса бўлмасмиди? Унингсиз ҳам яхши одамларнинг кўмаги билан жуда тез фурсатда тиббий бригада етиб келди. Бир лаҳзада интернет юлдузига айланиш истаги бояги йигитдаги инсонийликни четга суриб ташлади-я…

Ютуб, инстаграм, тик-ток каналларида бунақа лавҳалар тўлиб ётибди. Улардаги беҳаёликлар, аёллар ва қизларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга илон пўст ташлайди. Айрим эркакларнинг бемаза қилиқлари асбани ўйнатади, “ҳайф йигитлик” дегинг келади. Афсусланарлиси, буларнинг бари фойдаланувчиларнинг “олқиш”ини олиш, атрофдагиларни қойил қолдириш истагидаги қилиняпти холос.

Маънавияти, маърифати, маданияти билан асрлар давомида бошқаларга ибрат бўлиб келган халқмиз. Орияти, номуси, андишаси билан ҳурмат қозонган миллатмиз. Аммо бугун авж олган юқоридаги каби салбий ҳолатлар юксак шаън ва миллий ғурурга путур етказиб қўймаяптими?

“Лайкпарастлик” қачон касалликка айланиб улгурди?

Зилола РАҲМОНОВА.