Андижонда

МАЪНАВИЙ ТАРБИЯДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ


26.10.2023   202

Теварак-атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларга боқиб, осмонимиз мусаффолигига, тонгларни тинч қаршилаб, тунларимиз бехавотир ўтаётганига шукроналар келтирамиз. Осойишталикнинг қадрига етиш керак. Бунда, албатта, маънавий муҳит барқарорлиги муҳим омил саналади. Фикр соғломлиги, интернетдан фойдаланиш маданияти, оила ва маҳалладаги, ишлаб турган жамоаларимиздаги соғлом ҳаёт тарзи бизни тўғри ва ўринли фикрлашга, кичикларга ўрнак бўлишга, оилаларни мустаҳкамлигини асрашга чорлайди.

Меҳнат жамоаларида ўтказилаётган “Маънавият соатлари” нинг натижадорлиги қай даражада? Маънавий тарғибот ишлари самарадорлигини оширишда идоралараро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган? Андижон шаҳар Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши кун тартибида ана шу масалалар хусусида сўз борди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан шаҳар ҳокими, шаҳар Маънавият ва маърифат кенгашининг раиси Ғофуржон Абдураҳмонов алоҳида тўхталиб, бугунги глобаллашув жараёнларида ҳар бир инсон оиласига, жамоасига масъул бўлиши билан бирга, маънавият ишига дахлдорлигини уқтирди. Айниқса, ёшлар таълим-тарбиясида асло кечиктириб бўлмайдиган вазифаларга виждонан ёндашиш, элнинг ҳурматига сазовор зиёлилар, фаоллари маслаҳати, кўмаги билан муаммоларга ечим излаш ва албатта, ижобий натижага эришиш йўлларини қидириш зарурлигига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, фарзандларни доимий назоратга олиш, ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишига ниҳоятда синчков ва талабчан бўлиш, нотўғри муҳитга тушиб қолишидан эҳтиёт қилиш, ёт ғоялар таъсирига берилиб қолишининг олдини олиш, жиноятчиликка мойилликдан сақлаш каби бир-биридан долзарб вазифаларда асло танаффус бўлмаслик керак.

Зеро, Андижон шаҳри вилоят маркази бўлгани учун барча соҳалар каби, маънавият соҳасидаги ижобий ёки салбий натижалар вилоятга таъсир кўрсатади. Ижтимоий-маънавий муҳитнинг бузилиши эсадемакки шаҳар раҳбарлари, фаоллари, маънавиятчиларининг сусткашлигидан дарак беради.

Йиғилишда меҳнат жамоаларида ўтказиладиган “Маънавият соати”нинг ҳам самарадорлигини ошириш, ҳар бир ташкилотда албатта, маънавият ишига жавоб берадиган масъулнинг бўлишини таъминлаш вазифасини қўйилди.

Маънавият ва маърифат маркази Андижон шаҳар бўлинмаси раҳбари Равшаной Жўрабоева жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида айрим ташкилот ва муассасаларда “Маънавият соати”лари энг муаммоли, долзарб мавзуларга қаратилиши керак бўлгани ҳолда, бу ишга юзаки қаралаётганини айтиб ўтди.

27-умумтаълим мактабининг директори, халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг депутати Гулизуҳра Исмоилова зиёлилар, ижодкорлар билан учрашувлар орқали ўқувчиларда китобга бўлган муҳаббатни оширишга эътибор қаратилаётганини, бундай мулоқотларни кўпайтириш ижобий натижа беришини таъкидлади.

Кенгаш йиғилишининг якунида сўз олган вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши масъул котиби, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов маънавият барчанинг иши эканига, бу ишда ҳеч ким кузатувчи бўлиб қолмаслиги зарурлигига эътибор қаратди.

Президентимиз ва хукуматимиз халқимиз учун тинчликни, иқтисодий фаровонликни таъминлаш йўлида тинмай изланаяпти, ҳаракат қилаяпти. Вилоят ҳокими ҳам халқни рози қилиш учун барча кучларни сафарбар қилаяпти. Буларнинг ҳаммаси эл учун, келажагимиз эгалари - фарзандлар учун. Аммо уларнинг таълим тарбиясини миллатимизнинг қадриятларига мос ва хос ушлай олмасак, қилинаётган ислоҳотлардан наф бўладими? Давлат раҳбари куйиниб гапираётган ҳар бир масаласининг қуйида ижросини таъминлаш орқали ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ижобий натижаларни кўпайтириш, фарзандларнинг истиқболини хавфсиз, жиноятларсиз, тўла-тўкис таъминлаш учун биз ҳам дахлдорликни кучайтириб ишлашимиз шарт, деди.

Ахборот хуружлари, ёт ғояларга берилиб қолиш, жиноятчилик, радикализм, аҳлоқсизлик каби бир-биридан ташвишли ва аянчли оқибатларга олиб келувчи ҳолатларга биргалашиб ечим излаб, ҳамкорликда ишламасак, самарага эриша олмаслигимиз таъкидланди.

Кенгаш йиғилиши якунида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида маънавий-маърифий тарғибот ишларига ўрнак кўрсатган бир гуруҳ фаолларга Кенгашнинг Ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.