Атрофга назар

Муносабат: ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШИМИЗ ЗАРУР


22.12.2022   203

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор:

Муносабат: ИСЛОҲОТЛАРИМИЗНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИШИМИЗ ЗАРУР

Президентимизнинг куни кеча Парламентга йўллаган Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олди. Унда турли соҳалар каби таълимнинг барча босқичлари билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатномада муаммоларнинг рўйи рост кўтарилганлиги, уларнинг тугал ечими борасидаги қатъий вазифалар белгилаб берилгани юрт истиқболи сари қўйилган дадил қадам бўлди.

Аввало, шуни таъкидлашимиз керакки, Мурожаатномада жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳалари қамраб олинган. Жумладан, унда муҳтарам Президентимиз фан, таълим ва тиббиёт тизимига тааллуқли бир қатор стратегик йўналишларни белгилаб бердиларки, ундан келиб чиқадиган вазифалар тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислардан янгиланаётган жамиятимизнинг таълим сиёсати мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашини тақозо қилади.

Президентимиз кириб келаётган 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилдилар. Эътибор қаратсак, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устуворлигини кўрамиз.Бу сиёсат бир йил билангина чекланиб қолмасдан тизимли равишда давом этаётгани барчамизга аён.

Мамлакатимиз раҳбари: “Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз,” – дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Айниқса, бебаҳо бойлигимиз – инсон саломатлигига эътиборни кучайтириш, тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида қўйган вазифалари тиббиёт тизими учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Институтимиз профессор-ўқитувчилар жамоаси доимий ўқиб-ўрганишда, илмий изланишда. Доришунос олимлар билан суҳбатлар, хориж тажрибасини ўрганиш, чет эллик мутахассислар билан ҳамкорлик натижалари ўз ижобий самарасини бермоқда.

Таълим муассасамизда иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимли йўлга қўйилган. Якунланаётган йилдаги натижаларни сарҳисоб қиладиган бўлсак,хорижий олийгоҳлардан 47 нафар профессор-ўқитувчилар таълим жараёнларига жалб қилинди. Умумий қиймати 2.7 млрд сўм миқдордаги 4 та миллий;158 минг евро миқдордаги 2 та халкаро лойиҳалар ишга туширилди.

Профессор ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларнинг 32 та дарслиги,112 та монография ва 199 та ўқув ва услубий қўлланмалари чоп этилди. 5 нафар фан доктори (DSc) ва 48 нафар фалсафа доктори (PhD) тайёрланди. Изланишлар самараси ўлароқ, 76 та патент,7 та ихтиро ва 4 та фойдали моделлар учун гувоҳномалар олинди. Шу билан бирга юқори рейтингларга кирувчижурналлар (Scopus)да84 та ва республика журналларида 766 та эълон қилинган мақолалар илмий доира вакиллари томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлганини ҳам айтиш жоиз.

Талабаларимиз орасидаЗулфия давлат мукофоти, номдор стипендиялар соҳиблари, “Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида” танловининг республика босқичи ғолиблари борлиги бизни янада масъулият ва шижоат билан ишлашга ундайди. Халқаро ОТМ лари ўртасидаги фан олимпиадаларида 14; республика ОТМ лари ўртасидаги фан олимпиадаларида 56 нафар талаба ғолибликни эгаллагани ҳам меҳнатларимиз меваси эканлигидан далолат беради.

Изланишларимизнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилда 2800 евро миқдордаги 3 та халқаро лойиҳани амалга оширишни кўзда тутганмиз.

Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, кечаги натижа билан халқимизни рози қила олмаймиз. Бугунги кун талаби ҳар куни изланиш, янгилик яратишдир. Шундагина халқимиз ҳаёти яхши томонга ўзгаради.

Тизимга малакали кадрлар эҳтиёжи сезиляпти. Дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган турли юқумли касалликлар, у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада хушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда. Мурожаатномада таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Президентимиз: “Халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирамиз. Аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланади. Ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтишни тезлаштирамиз. Келгуси йили бу тизим Тошкент шаҳрида бошланади. Босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади,”- дея таъкидлангани биз, тиббиёт соҳасига малакали кадрлар етиштириб берувчи олий таълим муассасалари жамоасига катта вазифалар юклайди.

Мурожаатномани жамоамизнинг 1 минг 300 дан зиёд вакиллари билан биргаликда телевидение орқали кўрдик.Фаолият олиб бораётган соҳамиз таълим ва тиббиёт билан уйғунлиги зиммамиздаги масъулиятни икки карра оширади. Келгусидаги чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқар эканмиз, ҳар биримиз ғайрат-шижоат билан астойдил меҳнат қилишга келишиб олдик.

Ўз мулоҳазаларимни муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномада келтирилган қуйидаги фикрлари билан якунламоқчиман:“Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга, албатта, етамиз.Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни, албатта, барчамиз биргаликда бунёд этамиз.”