Атрофга назар

«ОЧИҚ БЮДЖЕТ» ЎЗИ НИМА?


17.06.2022   566

Мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан фуқаролар бюджетни шакллантириш жараёнларини нафақат назорат қилиши, балки бюджет маблағларини шакллантириш жараёнидан бошлаб уларни сарфлашда қатнашиши учун имконият яратилди. Ўзбекистонда янгиланган “Очиқ бюджет” порталининг ишга туширилиши айни имкониятнинг яққол кўринишидир. Плафтормада давлат бюджети ва қарзи бўйича маълумотлар эълон қилинибгина қолмай, “Ташаббусли бюджет” бўлими орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этадилар.

Бюджет тақсимотида кимлар қандай иштирок этади?

Аввало, 18 ёшдан катта бўлган ташаббускор фуқаролар (бир киши ёки гуруҳ бўлиб) лойиҳа таклиф қилишлари керак. Ушбу лойиҳалар экспертизадан ўтказилади ва саралашдан ўтади, кейинчалик эса оммавий овоз беришга қўйилади. Энг яхши лойиҳалар молиялаштирилади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари аҳолини маҳалла, ОАВ, «Очиқ бюджет» портали ва бошқа манбалар орқали лойиҳа бўйича ариза топширишнинг тасдиқланган мезонлари ва муддатлари ҳамда бошқа шартлари ҳақида хабардор қиладилар.

Лойиҳалар бўйича аризалар йилда икки маротаба - февраль ва июль ойларида топширилади.

Фуқаролар маҳалла, аҳоли пунктлари ва тумандаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳалари билан Openbudget.uz платформаси орқали мурожаат қилишлари мумкин. Масалан, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, экология вазият ва сув таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатиш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ва ҳоказо. Бунинг учун ушбу сайтда рўйхатдан ўтиб, шахсий кабинет орқали формани тўлдириб юбориш мумкин.

Лойиҳалар туманларнинг (шаҳарларнинг) ижтимоий-иқтисодий ўзига хослигини инобатга олган ҳолда долзарб муаммоларни ечишга қаратилган бўлиши керак. Ташаббуслар шахсий манфаатларни (автомобиль ёки уй сотиб олиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва бошқалар) ҳал қилиш имкониятини истисно қилиши керак. Лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробаридан ошмаслиги керак (980 миллион сўмдан).

Айни кунда вилоятда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Булоқбоши туманида ташаббусли бюджет дастурининг 1-босқич жараёнларида фуқаролар томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун жами 4 миллиард 35,8 миллион сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилди.

“Очиқ бюджет” ахборот порталига келиб тушган жами 156 та таклифлар ишчи гуруҳ томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилгач, уларнинг 67 таси рад этилиб, қолган 89 таси учун овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Мазкур жараёнларда 1-босқич учун ажратилган маблағлар доирасида якуний натижаларга кўра Барлос МФЙ, Бозорхидирша кўчасининг 2 километр қисмини, Боймаҳалла МФЙ, Олтин мерос кўчасини, Хонтепа МФЙ, Иттифоқ кўчасининг 1.3 километр қисмини, Учкўча МФЙ, Ҳамроҳ кўчасини ҳамда Тошкечик маҳалласи, Замон кўчасининг 1.4 километр қисмини асфальтлаштириш бўйича таклифлар ғолиб деб топилди. Айни вақтда туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан таклифларда кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

***

Улуғнор туманида ҳам маҳаллий бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида ғолиб бўлган тадбирларга йўналтириш бўйича тизимли ишлар белгиланган. Хусусан, 2022 йилнинг 5 март кунидан 1 апрель кунига қадар “Очиқ бюджет” порталида фуқаролар томонидан билдирилган таклифларга овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Мазкур жараёнларда жами 9 та таклиф ғолиб топилди. Жумладан, 12-умумтаълим мактаби иссиқлик тизимини таъмирлаш, Сариқ-сув МФЙ кириш қисмига Арка ва ёритиш чироқларини ўрнатиш, 9-умумтаълим мактаби иссиқлик тизимини таъмирлаш, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази томошалар залини, Нуробод МФЙ биносини таъмирлаш ва Ховустол қишлоғининг 1500 метр ички йўлини шағаллаштириш, туман спорт мактабининг мини футбол стадионига атрофига прожектор ва марказий ўйингоҳни таъмирлаш, кириш қисмига стелла ўрнатиш, 15-умумтаълим мактабини қўрғон девор билан ўраш, қоровулхона қуриш, ички йўлларни барпо қилиш, қўшимча тўгараклар қилиш учун хоналар қуриш ҳамда уларга стол, стул ва доска билан таъминлаш, мактабнинг эшик-ромлари ҳамда том қисмини таъмирлаш, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Иминов оилавий шифокорлик пунктини кўрғон девор иблан ўраш, ҳожатхона, кўмирхона иссиклик тизимини таъмирлаш, 7-умумий ўрта таълим мактабида спорт зал барпо қилиш ҳамда қўшимча бинода реконструкция ишларини амалга ошириш бўйича таклифлар долзарб ҳисобланиб, энг кўп овоз тўплаган. Ушбу таклифлар манзилли рўйхатга асосан туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама этилиб, маблағларни сарфлаш юзасидан Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

***

Олтинкўл туманида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 1-мавсуми учун жами 4 миллиард 368 миллион 300 минг сўм ажратилган.

Мазкур бюджетга тақдим этилган 161 та таклифларнинг 53 таси ишчи гуруҳ томонидан маълум сабабларга кўра бекор қилинди, 108 та таклиф овоз бериш босқичига ўтказилди.

Жараённинг 5 мартдан 1 апрелга қадар давом этган 3-босқичи (овоз бериш)да энг кўв овоз тўплаган 9 та ташаббус ғолиб деб топилди. Чунончи, Бўстон МФЙ Ёғду кўчасининг 2.3 километр қисмини асфальтлаш, 45-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқув биносини жорий таъмирлаш, 42 мактаб ошхона биносини стол-стул билан таъминлаш, Гулбоғ МФЙда 5 километр ичимлик суви тармоғи тортиш, Марказ МФЙдан Қўштепа МФЙ (Балиқчи чегараси)гача ёритиш тизими ўрнатиш, Иттифоқ МФЙ Саховат кўчасини 1 километр қисми ҳамда Нурли ҳаёт кўчасининг 0.7 километр қисмини, Айрончи МФЙ Обод кўчасининг 300 метр қисмини, Сарой-1 МФЙ Мустақиллик кўчасининг 1.5 километр қисмини асфальтлаштириш, Сарой МФЙ кабристон атрофига девор билан ўраш таклифлари ижроси учун амалий ишлар бошлаб юборилди.

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсумини июль ойларида амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ушбу жараён учун туманнинг маҳаллий бюджет параметрларида 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Зилола РАҲМОНОВА