Атрофга назар

Оғриқли нуқта ФАРЗАНД ҲАМ АЛИМЕНТ ТЎЛАЙДИ...ми?


27.07.2023   122

Албатта. Оила кодексининг 109-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти белгиланган. Шундай экан, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот беришлари ва уларга ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-она ёши ўтиб меҳнатга лаёқатсиз ва ўзини-ўзи таъминлашга қодир бўлмай қолган тақдирда, меҳнатга лаёқатли болаларидан алимент талаб қилишга ҳақли.

Таъкидлаш керак, ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги фарзандларни ота-онаси ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод этмайди.

Мавзу доирасида яна бир саволга дуч келдик.

Ўғил ота-онаси билан келишолмай қолган. Сабаблар бизга қоронғу. Ота-она фарзандидан алимент талаб қилган. Алимент тўлаб келинган, аммо ўғил ишсиз қолгач, алимент унинг хотини маошидан тўлана бошланган. Ойма-ой тўлангани боис қарз йўқ. Лекин ўғил хорижга ишлаш учун кетолмаяпти. Боиси ота-она рози эмас. Хотинининг фиғони фалакда: “Ахир алиментни эрим эмас, мен тўлаяпманку, қарзимиз йўқ бўлса бу борада, бундай таъқиқ қўйилиши қонунийми?”

Масалага аввал қонуний томондан назар ташлаймиз. Бу борада амалиётчи ҳуқуқшунос Абдулфатто Эгамбердиевга мурожаат қилдик. Мутахассис қуйидагиларни ҳавола этди:

  • Қонунчиликка асосан, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжати талаблари ижро этилганда ёхуд белгиланган асосларга кўра, ижро ҳужжати тугатилганда ёки алиментларни олдиндан тўлашмажбурияти гаров билан таъминланганда, ҳорижга чиқиш таъқиқини бекор қилиш мумкин. Шунингдек, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги давлат ижрочисининг қарори бекор қилинганда давлат ижрочиси махсус электрон тизим орқали қарздорнинг Ўзбекистон РЕспубликасидан чиқишига қўйилган вақтинча чекловни олиб ташлайди. Қарздорни ва ундирувчини белгиланган тартибда хабардор қилади.

Юқорида айтилган ҳолат бўйича аёлнинг қайнотаси МИБ (Мажбурий ижро бюроси) га ариза берса, ижро ҳужжати унга қайтарилади. Шундан сўнг таъқиқ олиб ташланади. Бунинг учун эса ундирувчи билан келишиши керак бўлади.

Бундан ташқари, ҳақиқатда таъқиқ бор-йўқлигини MIB.uz сайти орқали текшириш мумкин. Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганда қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш борасида келишув тузиши шарт.

Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бирйўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисида талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Алиментларни олдиндан тўлаш, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, алимент тўловчи шахс ва ота-она ўртасида келишув тузиш қонунга мувофиқ дея оламиз. Чунки бу келишув келажакда бирор бир низо келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.

********

Мутахассис фикри бу. Масаланинг , айтилганидек, қонуний-ҳуқуқий томони. Аммо яна бир томони борки, бу инсонийлик, одамийлик, диёнат, ота-она олдидаги қарзу фарз деган тушунчалар билан юз очади.

Аслида ота-онанинг алимент талаб қилишгача боришига фарзандларнинг меҳрсизлиги, пиру бадавлатлари олдидаги тўлаб бўлинмас қарзни унутиб қўяётганлари ёхуд вақтида берилмаган тўғри тарбия сабаб эмасми?

Ахлоқли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларни муҳайё қилишади, иззат- икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки, бу “қайтар дунё”эканини яхши билишади, ота-онага қилган яхшиликлари эртага фарзандларидан ўн чандон бўлиб ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп ҳадиси шарифларида ота-оналарга яхшилик қилиш, уларнинг розиликларини топиш учун ҳаракат қилишга буюрганлар. Жумладан: “Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг норозигига қараб бўлади”. Демак, ҳар қандай фарзанд ўз ота-онасининг хизматини адо қилиш билан жаннатни, уларга озор бериш билан дўзахни қўлга киритиши мумкин.

Бугун юқоридаги каби ҳолатга кўп гувоҳ бўлаётганимиз бор гап. Ҳозир орамиздан оқибат, диёнат кўтарилиб боряптими? Ақалли инсонийлик моҳияти билан, эртанги кунни ўйлаб ҳам кўрмайдиларми бундай фарзандлар. Ота-онанинг кексаликдаги инжиқлигини, талабларини, даккиларини “кўтаролмаётган” фарзандлар эртага қаримайдиларми? Ахир улар бизнинг дунёга келишимизга сабабчиларку, оқ ювиб-оқ тараб, эркалаб улғайтирганларку.

Бу мавзуда қоғоз қоралаш ҳам оғриқли аслида. Ота-онанинг ҳаққини алимент орқали бериш эса бундан-да оғриқли. Шунисидан асрасин.

Зилола РАҲМОНОВА