Етти иқлим

ПЛАСТИКЛАР ДЕНГИЗ ЖОНИВОРЛАРИГА ЖИДДИЙ ХАВФ СОЛМОҚДА


18.11.2022   209

Табиатни муҳофаза қилувчиларнинг фикрига кўра, бутун дунё бўйлаб минглаб пластик қолдиқлари узоқ Жанубий Атлантика оролига йиғилмоқда.

Уларнинг айтишича, Ассенцион оролининг жануби-ғарбий қирғоғида топилган ахлат Хитой, Япония ва Жанубий Африкага тегишли.

Лондон зоология жамияти (ЗСЛ) жамоаси беш ҳафта давомида у ердаги пластик ифлосланиш даражасини баҳолади.

Уларнинг хабар беришича, денгиз жониворларининг 900 дан ортиқ турлари хавф остида.

Ассенцион оролида қуруқлик қисқичбақаси, фрегат қуши ва турли хилдаги акула, тошбақа, балиқ ва денгиз қушлари каби пластик ифлосланишдан зарар кўрган кўплаб турлар мавжуд.

ЗСЛ денгизни муҳофаза қилиш гуруҳининг денгиз биологи Фиона Ллевелин ББСга берган интервьюсида шундай дейди: “Пластмасса ажойиб материал, лекин у ҳеч қачон йўқолиб кетмайди. Оролнинг пластмасса билан тўлган ҳолатини кўриб юрагим эзилиб кетди. Уларнинг аксарияти бошқа жойдан келганини фаҳмлаш қийин эмас”. Шунингдек, биолог йирик брендлар ва ҳукуматлар тартибсизлик учун жавобгарликка тортилиши кераклигини қўшимча қилди.

Ллевелин хоним ва унинг ҳамкасблари экспедиция давомида пляждаги битта бошпанада 1000 дона пластик чиқиндиларини ва жами 7000 дан ортиқ бўлакларни топдилар.