Атрофга назар

РАМАЗОН ОЙИ КИРИШИНИ ЭСЛАТИШ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС САҲИҲМИ?


26.03.2022   507

Бугун ижтимоий тармоқларда Рамазон ойи киришини эслатиш “фарз” эканлиги ҳақидаги хабарлар авж олди. Бу эслатма нечоғли фарзлиги қай даражада ҳақиқатга яқин?

Айримлар, ҳатто бу эслатманинг ҳадисларда келтирилганлигини ҳам ишонч билан айтишлари қизиқ...

Агар чиндан ҳадис дейилаётган бўлса, уни ким, қайси китобда ривоят қилган? Бироқ, ўйлайманки, бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул.

Мавзу доирасидаги рост фикрларни билиш мақсадида дин пешвосига мурожаат қилдик.

Таваккалжон МУКАРАМОВ, Марҳамат туман бош имом хатиби:

- Дуч келган гапни ҳадис деб тарқатиш мўмин-мусулмонга тўғри келмайди. Аслида илмдан хабари борлар Расулуллоҳ (с.а.в.) айтмаган гапни у зотга нисбат беришдан қўрқади.

Ўша “ҳадис”да, ким шу ишни қилса, жаҳаннам унга ҳаром бўлиши айтилибди. Аслида ҳадис бўлмаган фикрни тарқатиш билан ўзига қандай гуноҳ олаётганини билмаётганлари ачинарли...

Абу Ҳурайра (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилади: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, у ҳолда ўзи учун дўзаҳдан жой тайёрлаб олаверсин!” (Бухорий, Муслим, Термизий ривоят қилган. Ривоят лафзи Муслимга тегишли).

Яна бир ўринда Саламадан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “Кимда ким мен айтмаган нарсани менинг номимдан гапирса, ўзи учун жаҳаннамдан жой тайёрлайверсин!” деб айтганларини эшитганман” (Бухорий, ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган).

Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинишича, у Али хутба қилаётиб, “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаллам: “Сизлар менга ёлғон тўқиманглар. Зеро, ким менга ёлғон тўқиса, албатта, жаҳаннамга киради , деб айтганлар”, деганини эшитган” (Муслим ва Аҳмад ривоят қилган). Самура ибн Жундуб (р.а.) дан ривоят қилинишича, Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Ким менинг номимдан ёлғон деб билинган бирон ҳадис айтса, у ҳолда уям ёлғончилардан биридир!” (Муслим ривояти).

Кўринадики, бундай фейк хабарларни тарқатиш, бу билан одамлар онгига нотўғри ахборотларни етказиш уларни илмдан чалғитиш билан баробар. Шундай экан, вақтни беҳуда хабарлар тарқатишга сарфламай, фойдали амаллар билан машғул бўлайлик.

Зилола РАҲМОНОВА.