Атрофга назар

СУДГА ҲУРМАТСИЗЛИК – ТОР МАЪНОДАГИ ТУШУНЧА ЭМАС


02.02.2023   717

Ҳар бир инсон судга ўзининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш мақсадида, адолат излаб келади. Низонинг тезкорлик билан ҳал этилишини ва энг муҳими, адолат қарор топишини хоҳлайди. Даъво аризани тегишли тартибда расмийлаштириш учун ҳимоячи ёллайди, давлат божи ва суд харажатларини тўлаб, судга мурожаат қилади. Лекин жавобгарнинг судга келмаслиги, далилларни тақдим этмаслиги, суднинг ажримларини бажармаслиги амалиётда учраб туради. Бу каби вазият оқибатда суд жараёни узоқ муддатларга чўзилишига, энг ачинарлиси, адолатли қарорни қабул қилишга тўсқинлик қилади. Оқибатда даъвогарнинг суд ҳокимиятидан норози бўлиши эҳтимоли юзага келади. Сирасини айтганда, шу каби вазиятлардаги жавобгарнинг хатти-ҳаракатлари судга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш тўғрисидаги банд ҳам ўрин олган. Бу ўз навбатида одил судловни амалга оширишга халақит берадиган ҳар қандай тўсқинликларни бартараф қилишга қаратилган.

Чунки “судга ҳурматсизлик” тушунчасини кўп муҳокамаларга сабаб бўлган масала - фақат судьяни бевосита ёки билвосита ижтимоий тармоқлар орқали ҳақорат қилиш деб эмас, балки кенгроқ маънода тушуниш лозим.

Жумладан, “судга ҳурматсизлик” деганда, тарафларнинг судга сабабсиз кеч қолиши (натижада суд мажлиси ўз вақтида бошланмайди ва тарафларнинг асосли норозилигини келтириб чиқаради), судга далилларни тақдим этмаслик, ёлғон далилларни тақдим этиш, судга далилларни тақдим этиш тартибини бузиш, суднинг экспертиза ўтказиш ҳақидаги ажримини бажармаслик, экспертларни (мутахассис) бинога киритмаслик (буларнинг оқибатида адолатли қарор топтиришни имконияти камаяди), судьяга кетма-кет асоссиз раддиялар бериш орқали суд мажлисини чўзиш, суд мажлисини чўзиш мақсадида асоссиз илтимосномалар киритиш, суд тартибини бузиш, иккинчи тараф билан даҳанаки жанжаллашиш, ёқалашиш, суд қарорини (ҳал қилув қарори, хукм, ажрим) ижросини таъминламаслик ҳолатларини ҳам тушуниш даркор.

Келинг, “судга хурматсизлик” қилиш ҳолатини иқтисодий судлар мисолида кўриб чиқайлик.

Айтайлик, “А” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотни олди-сотди шартномасини расмийлаштириб, “Б” хусусий корхонасига 120 миллион сўмлик маҳсулот учун олдиндан пул тўлаб берган. Лекин маҳслотни олгани борса, “Б” корхонаси “маҳсулотни Бахром исмли вакилингиз келиб олиб кетган” деган важ билан уни беришдан бош торади. “А” жамияти адолатни излаб судга даъво ариза билан мурожаат қилади.

Хўш, маҳсулотни олиб кетган Бахром исмли шахс “сотиб олувчи”га товарни етказганми? Йўқми? Суд шу масалага ойдинлик киритиш учун ажрим орқали чақирган бўлса-да, Бахром судга узрсиз сабабларга кўра келмаган ва далилларни судга тақдим этмаган. Бахромнинг ушбу ҳаракати судга ҳурматсизлик деб ҳисобланадими? Албатта, ҳурматсизлик. Бунинг натижасида суд Иктисодий процессуал кодексда белгиланган тартибда мавжуд далилларгагина таяниб, ҳал қилув қарори қабул қилишга мажбур бўлган.

Яна бир мисол, пудрат шартномаси бўйича “А” масъулияти чекланган жамияти бошқа “Б” масъулияти чекланган жамиятида 5,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган. “Б” жамияти бажарилган ишларни тан олмайди ва низо судгача етиб келади. Суднинг “бажарилган ишларни баҳолаш мақсадида экспертиза ўтказиш тўғрисида”ги ажрими “Б” жамияти томонидан бажарилмайди ва экспертлар бинога киритилмайди. Бу ҳолат, яъни суднинг ажримини бажармасликни судга ҳурмасизлик деб ҳисоблаш мумкинми? Албатта. Чунки шундай ҳолат сабаб низога вақтида ечим топилмай, жараён чўзилиб кетади.

Энди судга ҳурматсизлик қилган шахсларга чет эл судларида қандай жазо берилади? Шу жиҳатга тўхталсак.

Хусусан, Буюк Британияда “судга ҳурматсизлик” қилган шахсларга - икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 2 500 фунт стерлинг миқдорида жарима қўллаш; Францияда 6 ой қамоқ ёки 7 500 евро жарима солиш; Германияда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш; Польшада икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар қўлланилади.

АҚШда судга ҳурматсизлик учун рекорд даражада - 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чораси қўлланилган. 2009 йилда Чикаго суди суд жараёнида эснаган шахсни 6 ой озодликдан маҳрум этишга қарор қилган. Россияда суд ҳурматсизлик учун - 200 000 рубль жарима (3 000 АҚШ доллари эквивалентида) ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Демак, судга ҳурматсизлик учун жавобгарликни кучайтирилиши аввало низоларни тўғри, адолатли, қисқа муддатларда ҳал этилиши учун шароит яратади ва тарафларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширади. Қолаверса, суднинг чинакам мустақиллиги сари босилган яна бир муҳим қадам бўлиб қолади.

Бундан ташқари, Фармонда суд қарори ижросини таъминламасликни ўз навбатида суд ҳокимиятини ҳурмат қилмаслик деб баҳолаш ва бунга жазо чорасини кўриш масаласи назарда тутилмоқда. Чунки суд қарори ижро этилмаса, уни қабул қилган суд ҳокимиятига нисбатан ишонч сўнишига сабаб бўлади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат билан адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш мақсад қилинган.

Алишер Абдураҳмонов,

Андижон вилояти суди судьяси