Андижон 24

Талабалик хотираларим


17.11.2021   643

Курсдошлар муҳаббати тўйга айланди

Ҳаётимизнинг энг гўзал, такрорланмас, кувончу шодликларга бой қисми бу албатта талабалик давридир. Шундай лаҳзалар борки, ёдга олинганда кишини ҳаяжонлантиради, ширин хотираларни эсга солади. Дилда орзулар, ниятлар пок, худдики, қўлинг чўзсанг осмонга етгудек. Айниқса, муҳаббатга лиммо-лимлиги кишини янада ҳаяжонга солади.

Ўқув йилининг илк даврлари танишув бўлди. Тилшунослик факультети бўлганлиги сабабли курснинг ярмидан кўпи қизлар эди. Адабиётга қизиққан бир қанча йигитларимиз ҳам бор, албатта. Биринчи курс охирлаб қолганда бироз тобим бўлмай дарсларга қатнаша олмадим. Бирмунча вақт ўтиб ўқишга бордим. Ўзгаришлар катта. Худди ҳамма ўз жуфтини топгандек сараланиб олибди, ўринлар ҳам алмашган, жойлашиш ҳам.

Шундай қилиб илк ўқув йилининг илк севишганлари ҳам аниқ бўлди. Уларнинг муҳаббатларига ҳавас ва ҳурмат билан қарардик. Ширин-ширин орзулар билан иккинчи курсни ҳам тамомладик. Жуфтликларимиз аҳдига содиқ чиқишди. Аммо синовли кунлар яқин эди. Гўзал, ақлли, ҳамиша аъло баҳоларга ўқийдиган қизимиз Оқила навоийлик, Сардор эса тошкентдан. Масофаларку майли, ота-оналарнинг қаршилиги ҳам бор эди ўртада. Биз уларнинг доим биргаликда дарс қилиб, ютуқларга эришганликларини кўриб, айро тасаввур қила олмасдик.

Курсдошлар режа тузишни бошладик. Учинчи курс, баҳор. Барчамиз йиғилиб, сумалак қилишга қарор қилдик. Устозлар, домлаларимиз ва икки жуфтликнинг оналари таклиф қилинди.Университет яқинидаги шинам ошхонага жой тайёрланди, чиройли дастурхон тузалди. Сумалак ҳамда муҳим режа учун пухта тайёргарлик кўрдилди. Гуруҳдошларнинг сулув қизлари четга чиқарилиб, кўзга кўринадиган ишлар Оқилахонга юкланди. Ўтинларни ёриш, сумалакка ўт қалаш каби ишлар Сардорбекка. Устозлар, жамики меҳмонларимиз ташриф буюришди. Келишилган ҳолда “қудалар”ни ёнма-ён ўтқаздик. Гуруҳ раҳбаримиз ҳам бизинг муҳим ишимиздан хабардор, ўзига юклатилган вазифани масъулият билан бажармоқда. Тўхтамай чой ташиётган, дастурхон тузаган, ҳар ишда чаққон қизимиз - келин бўлмишни йигитни онасига мақтадия-мақтади. Сал ўтмай қизнинг онасини ёнига жойлашиб, бақувват келбатли Сардорбекни кўрсатганича бир нарсаларни гапиради, кулади, хуллас берилган топшириқни ортиғи билан уддалайди. Қолган қизлар йигитнинг онасига ёқиб қолмайлик дея ўзларини бир четга олади, нозланади.

Шундай қилиб мукаммал тузилган режа иш берди. Келин бўлмиш қиз ҳам, куёв йигит ҳам номзодликка маъқул келишди. Бироз тортишувлар, озгина муаммоларни айтмаса, ёшлар муносабатларини тан олишиб, ота-оналарини кўндиришди, албатта бизнинг ёрдамимиз билан. Гуруҳдаги бошқа жуфтликларимиз севгиси учун кураша олмадилар. Синовларга енгилдилар.

Талабаликнинг сўнгги йилини тўй шодиёнаси билан бошладик. Сардор ва Оқила куз ойида, илк танишган кунларидан 4 йил ўтиб турмуш қуришди, тўйларида мазза қилиб рақсга тушдик, гуруҳ раҳбаримизга тўй эгалари сарпо кийдиришди.

Шу йил баҳорда яна сумалак қилдик, албатта қудаларниям таклиф қилдик.

Моҳигул СИДДИҚОВА.