Атрофга назар

ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ НОХОЛИС ТИЗИМГА АЙЛАНЯПТИМИ?


30.03.2023   124

Рўзғор камини тўлдиришга деҳқон бозорига кириб кетаётгандим. Бозор дарвозаси ёнида иккита чиройли кийинган (кўринишларидан педагогларга ўхшади) қиз телефон рақамимни сўради. Савол беришга улгурмасимдан “Опен бюджетга овоз бермаганмисиз ишқилиб?” деди бири. Берганимни айтиб ўтиб кетдим. Бошқаси яна бир йўловчининг рақамини олди, смс код келишини, шуни айтиб беришини илтимос қилаётгани қулоғимга чалинди.

Бу ҳақда жуда кўп ёзғириб ёзишяпти, гапиришяпти. Кун мавзусига айлангани рост. Фалон пул эвазига симкарталар сотиб олиб, шулардан фойдаланган ҳолда овоз йиғаётганлар ҳақида ҳам эшитдик. Яна бошқа усулларниям ўйлаб топишяпти. Майли, барчаси ташкилотлар, муассасалар, маҳаллалар, кўчалар ободлиги, муаммолар ечими учун, деймиз-да наилож. Ҳарна давлатнинг беминнат кўмаги...

Ижтимоий тармоқларда бюджет ташкилоти ходимларини мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги лойиҳаларга овоз беришга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан тарқалган ва тарқалаётган хабарларни ҳаммамиз кўряпмиз. Хартугул бунинг олдини олиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқитувчиларнинг “Опен бюджет”да овоз йиғишга мажбур эмаслиги тўғрисида “ҳимояси” эълон қилинди. Унда таълим масканида педагогларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71-202-09-09 га қўнғироқ қилиниши сўралган. Шунингдек, ўша мурожаат асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилиши таъкидланган.

Мазкур ташаббусни амалга оширишда яна бир жиҳатга дуч келинаётгани сир эмас. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ўрганишлар олиб борилганда, йирик маҳаллаларда аҳоли сони юқори бўлганлиги сабабли овоз беришда устунликка эга бўлиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълум қилишича, овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқилмоқда.

Жумладан:

— FACE ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш. Бунда, тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиш;

— кам сонли аҳоли яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициенти жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади.

Бунда, кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Хўш, шунда ташаббусли бюджетнинг нохолис тизимга айланишининг олди олинадими?

Демак, натижавий жавобни ташаббус якунигача кутамиз!

Зилола РАҲМОНОВА.