Атрофга назар

ЎЗБЕКИСТОНДА ДАВЛАТГА ҚАРАМЛИК ИНДЕКСИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚИЛДИ


17.06.2022   236

Индексни ҳисоблаш учун давлат бюджети харажатлари бўйича 2016 йилнинг I чорагидан 2021 йилнинг IV чорагигача бўлган давр оралиғига оид маълумотлардан фойдаланилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) Давлатга қарамлик индексини ҳисоблаб чиқди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур индекс Мерос фонди (The Heritage Foundation) томонидан ишлаб чиқилган ва АҚШ учун мўлжалланган индекс (Index of Dependence on Government) га асосланган. Индекс келгусида аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ҳукуматга қарамлигини юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий дастурлар учун сарф-харажатларни аниқлайди.

Индексни ҳисоблаш учун давлат бюджети харажатлари бўйича 2016 йилнинг I чорагидан 2021 йилнинг IV чорагигача бўлган давр оралиғига оид маълумотлардан фойдаланилди. Мазкур маълумотлар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам, тураржой ва иқтисодиёт каби 5 та блокка жамланди.

Ўтказилган таҳлил натижасида қуйидагилар аниқланди:

Аҳолини тураржой билан таъминлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар индекснинг ўсишига энг кўп таъсир кўрсатади.

Короновирус пандемияси даврида соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам, нафақа ва моддий кўмак кўрсатиш бўйича дастурлар кучайтирилди.

Замонавий фан аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва давлат томонидан ижтимоий сиёсат олиб борилишининг зарурлигини тасдиқлайди.

Бироқ ижтимоий сиёсатнинг кенгайиши ва аҳолини тобора кўпроқ қамраб олиши фуқаролар мустақиллигининг камайиши, эркинлик ва шахсий масъулиятга нисбатан рағбати камроқ бўлган одамлардан иборат жамиятнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Давлат дастурлари баъзан фискал зўриқишни оширибгина қолмасдан алоҳида шахслар ва оилалар узоқ муддатли қарамлик тузоғига тушиб қоладиган шароитни ҳам юзага келтириши мумкин. Бундай шароитдан эса улар ва келажак авлодлар ҳам чиқиш имкониятини топа олмайди.

Давлатга қарамлик индексининг ортиши фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган давлат бюджети харажатларининг ортишини акс эттиради. Бироқ хавф-хатар айнан шу ерда яширин. Яхши иқтисодий ўсиш даврида қарам ва мустақил бўлмаган фуқаролар сонининг ортиши келгусида у ёки бу кўринишдаги иқтисодий бўҳронлар рўй берадиган бўлса, (масалан, COVID-19 пандемияси), хавф ҳудудига тушиб қоладиган аҳоли улушининг ортишига олиб келади.

Бу эса фискал зўриқишнинг ўсиши, бюджет тақчиллигининг ортиши ва шунга мос равишда солиқ ставкаларининг пасайиш имконияти камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Ижтимоий сиёсат мамлакат аҳолисининг онгу-тафаккури ва эркинлиги, фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги роли ва ўрни ортишига кўмаклашиши даркор. Бунинг учун аҳолининг маҳаллий ва янада йирикроқ кўламдаги умумий муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишдаги иштирокини кучайтириш зарур.

Ўзбекистонда «Ташаббусли бюджет»нинг татбиқ этилиши ва ривожлантирилишини бунга мисол сифатида келтириш мумкин. У фуқаролик жамияти учун энг долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилган усуллардан биридир. У ижтимоий муҳитни яхшилаш учун қарор қабул қилиш ва мазкур жараёнда иштирок этиш нуқтаи назаридан жамиятнинг фаоллашишига олиб келади.

Бу эса ўз навбатида аҳолининг давлатга қарамлик эффектини камайтиради ва фуқароларнинг ўз келажаги учун шахсан масъул эканлигини англаши, ҳамда имкониятларини тўлиқ намоён эта олиши учун шароит яратади.