Атрофга назар

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ - ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯСИ


10.04.2023   205

Қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасига кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда.

Шунингдек, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда,хусусан, мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, адвокатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилади.

Янгиланаётган Конституциямизда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш - давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда.

Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланмоқда.

Айбсизлик презумцияси янада кучайтирилмоқда.

Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда.

Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланмоқда. Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирги вақтда ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлади.

Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

Шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда.

Судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда.

Бу каби янгилик ва ўзгаришлар орқали кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижалари конституция даражадасида мустаҳкамланади.

З.ТОХТАСИНОВ,

Андижон туманлараро

маъмурий судининг судьяси