Андижон 24

ЗАМОНАВИЙ ВАКЦИНА ОМБОРИ ИШГА ТУШДИ


07.12.2021   357

ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти кўмагида Андижон шаҳридаги давлат санитария-эпидемологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига вакциналарни сифатли сақловчи омбор фойдаланишга топширилди. Тантанали очилиш маросимида ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, иммунизация дастури бўйича раҳбар Умиджон Худайқуловлар иштирок этдилар.

–Аҳоли саломатлиги масаласи барчамизнинг олдимизда муҳим вазифа бўлиб турган айни паллада вакциналар ва иммунизация бўйича ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз, - деди Мунир Муҳаммедзаде. – Келгуси йилда фаолиятимизни янада ривожлантириб, масъул ходимларнинг бу борадаги билим-кўникмаларини оширишни режалаштиряпмиз. Электронлаштириш жараёнида музлатгич вакциналар контейнерлари ва музлатиш камераларидан фойдаланишда зарур бўладиган қўлланмалар тақдим этамиз. Мутахасислар томонидан семинарлар ташкил этилади.

Наргизахон Абдуқаюмова эпидемологик шифокор. У иш шароитининг янада қулай бўлганлигидан хурсанд.

–Замонавий совутгич камераларида вакциналар барча тартиб- қоидаларга амал қилган ҳолда сақланади, – деди суҳбатдошимиз. – Янги омборхона ҳароратни кўрсатиб турувчи, электр энергиясини бир маромда ушлавчи қурилмалар билан таъминланган. Аввалги музлатгичларимизда электр ўчган пайтлари сифати йўқолмасин деб унисидан бунисига олишга тўғри келарди. Энг муҳими сиғим масаласидаги муаммолар йўқолди.

Даволаш профилактика муассасаларидаги эмлаш пунктларида вакциналарни ташиб кетиш, сақлашда совуқлик занжири қоидаларига амал қилиниши зарур. Вилоятимиз бўйлаб стализаторлар, термосумкалар тарқатилди. “JAC” русумли авторефрижиратор, 16 дона “CHANGAN” минивен машиналари олиб келинди. Бошқарма иммунопрофилактика бўлими ходимлари жойларда эмлаш ишларини амалга оширилишининг мониторингини олиб бориш ва фойдаланишлари учун “LADA VESTA” ҳамда “PEHO” атомобиллари билан таъминланди.

ГАВИ лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ушбу ишлар нафақат соҳа ривожи, энг аввало, аҳолимизнинг соғлом ҳаёт кечиришларига хизмат қилаётгани айни ҳақиқат.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА,

Нуржахон ЙЎЛДОШЕВА олган суратлар.