Атрофга назар

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: ТАРИХИ, ЗАМОНАВИЙ ҚАРАШЛАР ВА ЁНДАШУВЛАР


13.10.2023   210

Давлат ва жамият бошқаруви мураккаб жараён бўлиб, уни ташкил этиш ва бошқариш бўйича турли хил модел, бошқарув шакллари ҳамда йўллари ишлаб чиқилган. Инсоният томонидан минг йиллар давомида “тараққийпарвар давлат”, “комил жамият” барпо этиш ғояси илгари сурилган бўлиб, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат инсоният томонидан асос солинган давлат ва жамият ҳаётининг энг олий шакллари ҳисобланади.

Тарихан жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳимшарти ҳисобланади. Жамоатчилик назорати бўлмаган ёки жамоатчилик назоратиетарлидаражадакучгаэгабўлмаганмамлакатдафуқароликжамиятишаклланишини ҳам тасаввур қилиш қийин.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Тарихда давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг олиб борилиши бўйича буюк аллома ва файласуфлар асарлари орқали келтириб ўтилган кўплаб мисоллар мавжуд.

Хусусан, қадимги юнон файласуфи Аристотель (милоддан аввалги 384-322) ўз асарларида халқнинг мансабдор шахслар ва ҳукмдорлар устидан назоратини давлатнинг сиёсий барқарорлиги ҳамда гуллаб яшнашининг энг муҳим шартларидан бири деб ҳисоблаган.

Юртимизда ҳам жамоатчилик назорати институти узоқ тарихий илдизларга эга. Инсоният тафаккури тамаддунида ўз асарлари билан улкан из қолдирган Абу Наср Форобий (873-950) ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асари орқали қонун устувор бўлган адолатли жамият тушунчасини теран таҳлил қилган. Унга кўра, фуқаролик жамиятининг ҳар бир аҳлоқли аъзосида ўн икки хислат бўлиши, адолат учун курашиш, ҳақиқатни ҳар нарсадан устун деб билиш, энг муҳими, яхши инсоний фазилатларга эга бўлиш жамият аъзоларининг бош мақсади бўлиши, инсонлар маънавиятли, маърифатли, ижтимоий масъулияти юксак бўлиши лозим.

Бугун Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда.

Жамоатчилик назорати институтининг ҳуқуқий асослари, энг аввало, Конституциямизнинг 36-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Конституциямизнинг 49-моддасида давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти устидан, 148-моддасида эса фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг республика Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши қатъий белгиланган.

Бош Қомусимизда жамоатчилик назорати ва унинг субъектлари ҳисобланган фуқаролик жамияти институтлари ҳақидаги конституциявий нормалар “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланган VIII бобда, “Фуқаролик жамияти институтлари” деб номланган XIII бобда, “Оммавий ахборот воситалари” деб номланган XV бобда, “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” деб номланган XXI бобда ўз ифодасини топган.

Шунингдек, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам мазкур институтнинг ҳуқуқий асослари белгиланган ва тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунида жамоатчилик назоратининг 4 та асосий субъекти назарда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари мазкур фаолиятни амалга оширади. Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонунга мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорларда, шунингдек давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва фикрини ҳисобга олишга; фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга; ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифа ва функцияларни бажаришга; давлат хизматларини кўрсатишга; ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти жамоатчилик назоратининг объекти ҳисобланади.

Давлат органларига мурожаат ва сўровлар йўллаш, уларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш жамоатчилик назоратининг асосий шакллари ҳисобланади.

Бугунги кунда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишлари, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилишининг Асосий Қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилиши мамлакатимизда жамоатчилик назоратига қанчалик катта аҳамият берилаётганининг тасдиғидир.

Зеро, фуқаролик жамияти ривожланиб боргани сари жамоатчилик назорати учун кенгроқ имкониятлар ва истиқболлар пайдо бўлади. Жамоатчилик назоратининг ривожланиши фуқаролик институтларининг ривожланишига олиб келади. Ривожланган ва кенг қулоч ёйган жамоатчилик назоратини фуқаролик жамиятисиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, фуқаролик жамиятининг ривожланишини ҳам жамоатчилик назоратисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқий давлатни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган жамоатчилик назоратининг ўзи ҳам мавжуд қонуний меъёрларга асосланиши лозим.

Ҳозирги даврда маҳаллаларда жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кўплаб ваколатлари фуқаролик жамияти институтларига берилаётган бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз ваколатларидан тўла фойдалана олмаётгани кузатилмоқда. Хаттоки, айрим МФЙ кенгашларида йил давомида бирор марта ҳам жамоатчилик эшитувлари ўтказилмаган.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йиллар мобайнидаги ривожланиш йўлининг асоси ҳисобланган муҳим ҳужжат – Тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” номли биринчи устувор йўналишида таъсирчан жамоатчилик назоратини ривожлантириш алоҳида мақсад сифатида мустаҳкамлаб қўйилгани, бежиз эмас.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 12-мақсади “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланиб, унда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш масалалари ўз ифодасини топган.

Бугун, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жамоатчилик назоратини янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир соҳада унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки жамоатчилик назоратини кенгайтириш давлат ва жамият тараққиётининг барча жабҳаларида ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси