Атрофга назар

ЖОН ИЛИНИБ ТУРГАНИДА КЎРСАТИЛГАН КЎМАК - ҚАҲРАМОНЛИКДИР


07.06.2023   149

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бахтсиз ҳодиса натижасида кимдир қонга муҳтож бўлса қаердан олади? Яна бир қатор касалликлар борки бундай дардга чалинганлар ҳам қонга муҳтожлик сезади. Шундай вақтда қон қуйиш марказларида ҳамма вақт қуйиладиган қон ёки беғараз ёрдамга тайёр инсонлар топиладими? Афсуски бу каби саволларга тўла ижобий жавоб бериш қийин. Сабаби, донорлик қонига талаб жуда юқори.

Тўғри, ҳар йили донорлик кунида ўз қонини “ҳадя қилувчилар” сони ортади. Аслида бу хайрли иш доимий бўлиши лозим. Бироқ донорлик хақида гап борганда кўпчилигимиз ўзимизда қандайдир қўрқув сезамиз. Бу тўғрими? Шу каби саволлар билан вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори Дилфуза Мансуровага мурожаат қилдик.

- Дастлаб Қон қуйиш маркази тарихига назар ташласак.

Бундан 87 йил муқаддам Андижон шаҳар клиник шифохонаси жарроҳлик бўлимида қон қуйиш хонаси ташкил этилди. Ташкилотчилардан бирини Пётр Ильинов эди. Кейинги бўлим мудирлари Е.Шемна, С.Джумабоев, М.Давыденколар бўлган. 1940 йил қон қуйиш хонаси қон қуйиш бўлимига, 1962 йил IV- тоифа вилоят қон қуйиш станциясига айлантирилди. Бош врач этиб Ан-Чан Себ тайинланди. Станцияда М.Атабеков, Д.Жўраева, К.Набиева каби шифокорлар узок йиллар давомида меҳнат қилишган. 2010 йили қон қуйиш станцияси Андижон шаҳар Қўшариқ дахасидаги ҳозирда фойдаланилаётган бинога кўчиб ўтган. 2012 йилдан буён мана шу станцияни бошқариб келяпман.

- Вилоятда бир йилда қанча миқдордаги қон беморлар саломатлигига йўналтирилади?

- Андижон вилоят қон қуйиш станциясида йилига 7.5 тоннадан ортиқ қон компонентлари тайёрланиб, даволаш профилактика муассаларига эҳтиёжига қараб беморлар саломатлигини сақлаш учун йўналтирилади, - дейди бош шифокор Д. Мансурова. - Ҳозирги кунда 50 минг нафардан зиёд донор қон топшириш учун рўйхатдан ўтган, улар топширган қони учун ҳақ тўланмайди.

Қон қуйиш станциясида ҳар йили донорлар сони 1500-2000 нафарга ортаётганини кузатиш мумкин. Масалан, 2018 йилда 4500 нафар донор қон топширган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 11 минг 444 нафарга етди.

- Қон сифати бузилмаслиги учун марказда қандай шароитлар бор?

- Қон ва унинг компонентлари ва қон препаратларини сифатини бузмасдан сақлаш учун ҳамма бўлимлар юқори даражали музлаткич ва совуткичлар билан таъминланган.

- Марказ томонидан беморларга йўналтирилаётган қон миқдори талаб ва эҳтиёжга етарлими? Талаб қанча ўзи? Етмай қолиш ёки ортиб колиш ҳолатлари борми? Ана шундай пайтда қандай йўл тутилади?

- Вилоят қон қуйиш станцияси томнидан ҳудуддаги даволаш профилактика муассасалари эҳтиёжидан келиб чиқиб қон ва унинг компонентлари ва препаратлари беморлар учун етарли миқдорда етказиб бериляпти.

Станциянинг қон қуйиш бўлимида тромбоцитар масса тайёрлаш учун “GEMONITIK” аппаратидан самарали фойдаланилмоқда. Бундан ташқари пуллик хизмат эвазига беморларда даволаш плазмофарези ўтказилмоқда. ИФА лабораториясида ИФА ва ПЦР усулида қондаги гепатитнинг В,С,D турларини, иммунология лабораториясида қон гуруҳи ва резус омили ва қондаги нотўлиқ антителолар титри ҳамда клиник-биохимик лабораторияда қоннинг биохимик таҳлили ва умумий қон таҳлиллари текширилмоқда.

Вилоят қон қуйиш станцияси қон препаратлари бўлими водийда ягона бўлиб, бўлимда 10% ва 20% ли альбумин препарати ишлаб чиқарилиб водий вилоятларидаги даволанаётган беморлар учун етказиб берилмоқда.

- Марказда қонни қанча сақлаш мумкин?

Қон қуйиш марказида қон компонентлари эритроцитар масса 35 кун муддатга, янги музлатилган плазма 6 ой муддатга, тромбоцитар масса 6 соатга, криоципитат 6 ой муддатга 10% ва 20% альбумин 5 йил муддатга сақланиши йўлга қўйилган.

-Беморларга беғараз ёрдам кўрсатишни истаганлар қандай қилиб қон топширишлари мумкин? Уларга қўйиладиган талаблар қандай?

- Ҳоҳловчилар вилоят қон қуйиш станциясига ҳафтанинг якшанба кунидан ташқари соат 8:00 дан 17:00 га қадар беғараз донор бўлиб қон топширишлари мумкин (шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлиши шарт).

-Кимлар донор бўлиши мумкин?

- 18 ёшга тўлган ва вазни 60 кг дан юқори, гепатит ва бошқа юқумли касалликлар билан оғримаган фуқаролар, хориждан қайтган бўлса 6 ойдан сўнг қон топширишлари мумкин.

- Қон гуруҳлари турлича. Шу маънода қандай гуруҳдаги қонга талаб кўпроқ?

- Инсонларда 4 та қон гуруҳи ва 2 та резус омили мавжуд. Барча қон гуруҳлари учун талаб доим юқори бўлиб келган.

-Донорларга чекловлар ҳам борми?

- Агар фуқарода юқумли касалликлар билан оғриган, оғир жарроҳлик амалиётлари, юрак қон-томир, тери-таносил, ўпка ва нафас йўллари касалликларининг оғир турлари, қандли деабет, буйрак етишмовчилиги каби муаммолар бўлса, донорликка қабул қилинмайди.

Шунингдек, 60 ёшдан юқори бўлган фуқаролардан қон олинмайди

- Мутахассис сифатида сизни нималар қийнайди?

- Юрдошларимиз орасида беғараз донорлик тушунчаси етарли эмас. Беғараз донор бўлиб қон топширган инсон қанчалар савоб иш қилайётганлигини ва бу жараён ўзининг соғлиги учун фойдали эканлигини билиши зарур. Шундай ҳолатлар бўладики... қоннинг ўрнини фақат қон тўлдиради.

Донорлар бу ихтиёрий равишда, беминнат ўз қонини топширадиган, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб этмайдиган инсонлардир. Улар меҳр-оқибати, инсонпарварлик туйғулари кучли бўлган олийжаноб саҳоватли инсонлардир.

Агарда сиз донор бўлишга ахд қилган бўлсангиз, соғлиғингизни бошқалар учун сақлашни ўрганишингиз лозим. Донорни соғлом турмуш тарзи - тўғри овқатланиш, спиртли ичимлик ичишдан, тамаки чекишдан имкон қадар ўзини тийиши, қон топшириш оралиғини сақлашдан иборат. Муҳими, донорлик донорга ҳам беморга ҳам зиён келтирмаслиги керак.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА суҳбатлашди.