Атрофга назар

ЖУРНАЛИСТ БЎЛИБ ЕТИШМАЙДИЛАР, БАЛКИ, ТУҒИЛАДИЛАР


05.06.2023   867

Гулнора ҚУРБОНОВА. Бу ёқимли, аллаловчи овоз соҳибаси радио тўлқинлари орқали водийдаги ҳар бир хонадонга кириб борган. Соҳир овоз эгаси мана 25 йилдирки, журналистика соҳасида нафақат ишлаб, балки яшаб келади. Минг бир чиғириқ, синовларга дош бериб, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтган бу аёлнинг журналистикага садоқатига тан бераман. Баъзан, шу аёлнинг ўрнида бўлганимда, мен нима қилардим, бардош бера олармидим, деб ўйлаб қоламан.

Гулнора опа бир пайтлар водийда машҳур бўлган “Андижон” Ёшлар телерадиокомпанияси(ЁТРК) журналисти эди.“Эди” дейишимнинг сабаби эса: бу телевидение ҳозир “Zo’r TV” номи билан машҳур телеканалга айланган, манзил-макони ҳам пойтахтда, Андижонда ундан биргина қаровсиз биною, ҳувиллаган кўча қолган.

Жуда яхши эслайман, телевидениеда бирга ишлаган кезларимиз, аёзли қиш кечалари бир-биримизга суянганча монтаж жараёнидан уйга қайтардик. Қўлларимизда оғир кассеталар тўла халта, кичик аёллар сумкасида упа-эликдан ташқари отнинг калласидек блокнот, микрофон ва яна алламбалолар бор. Сумка жонивор гўё аёлларнинг рўзғор халтасидай чўзилиб кетган, боғичлари узилай-узилай дейди. У пайтлар бугунгидақа йўналишдаги таксилар қаёқда дейсиз. Мен-ку оилали эмасман, уйда йиғлаб ўтирадиган болам йўқ, аммо, Гулнора опанинг ёш болалари бор эди.

У икки боласини қўлтиқлаб, баъзан уйда ёлғиз қолдириб, минг хавотир, ҳадик билан ишласада, бирон кун иш қолдирмасди, кечикмасди. Узоқ чўзилган монтаж ишларидан хориб, уйига шошиларкан, у ёқдан-бу ёқдан гапириб, кулдириб кетарди.

“Қизларим қандай ўтирибди экан?”, деган хаёл, юрагидаги ваҳимани қувиш учун ҳам тинмай гапирарди у.

Телевидение соҳасига борини бериб ишлади. Бу соҳанинг залворли юкидан эзилганда ҳам, телевидениенинг қаттиқ остоналарида қоқилганда ҳам журналистикадан воз кечмади. Йиғлатувчи кўрсатувлари, мунису мушфиқ шеърлари, ҳикматли сўзлар билан, инсонлар юрагидаги гапларни топиб гапириб, уларнинг нозик кўнгил торларини чертиш билан беҳисоб мухлислар орттирди у. Журналистикага муҳаббат унинг соғлигини емирди, асабларини тугатди, аммо, Гулнора опа ҳеч қачон бундан нолимади.

-Онам ўсал ётганида, унинг ёнида бўлолмаганман, - эслайди Гулнора опа. – Онам оғирлашиб боряпти, мен эса навбатдаги кўрсатувим съёмкасига чиқишим керак. Нозик одам, раҳбар, орқасидан югуриб юриб кўрсатувга зўрға кўндирганман. Вақтини қизғониб, 1 соатга аранг рози бўлган. “Ая, (шевада) мен съёмкага боришим керак, мен келгунимча кетиб қолманг, сиз ҳали ўлмайсиз!”, - ҳазиллашиб қулоғига аста шивирладим. - Онам бошини қимирлатиб, “боравер” дея ишора қилди. Ўзича мени дуо қилган бўлди. Онамни яқинларимга омонат қолдириб, ишга югурдим. Не хаёлда суҳбатни олиб бордим, нима саволлар бердим, билмайман, “учиб” уйга келдим...Мен Гулнораманми, ёки бегонаманми, энди онамга фарқи йўқ, ҳеч кимни танимай қолган экан. (Кўзларида ёш билан) Мен келдим ҳам, онамнинг жони узилди.

Ҳаёт - қизиқ! Кимдир муваффақиятга, машҳурликка осонгина, омади орқали эришади,кимдир эса кичкинагина ютуққа эришиш учун ҳам йилларки тер тўкади, заҳмат тортади. Йиллар давомида эришганларингни сақлаб қолиш ҳам осон эмас. Гулнора Қурбоновада ҳам шундай бўлди. Телевидениедаги фаолияти ўзи истамаган тарзда якун топди. Гулнора опа хувиллаган бағрини тўлдириш учун шеърлардан аламини олди, радиоэфирларни “ёндирди”.

- “Дийдор” радиоси очилганда, унинг раҳбари, марҳум Ҳожиакбар Абдураҳимов мени бошловчиликка таклиф қилиб, уйимга борган ва мен илк эфиримни ҳамкасбим Сирожиддин Мавлонов билан олиб борганман. “Дийдор” шу даражада машҳурликка эришганки, ҳар тонг ишга келганимда, дарвоза олдида кўплаб мухлислар гуллар билан кутиб турган бўларди. Мен Ҳожиакбардан жуда миннатдорман, умри қисқа экан, охирати обод бўлсин, жуда яхши инсон эди. Сабаби, у мени энг оғир кунларимда, ҳамма менга ишончини йўқотганида ишга олди. Ўша пайтда атрофимда ҳеч ким қолмаганди, ҳатто, кунда ёнимда ўзини дўст тутиб юрувчилар ҳам. Иккала қизимдан бошқа мутлақо ҳеч ким. Шундай пайтда “Дийдор” мени қўлимдан тутиб, яна миллионлар олдига олиб чиқди.

Бошловчи, журналист Гулнора Қурбонова ҳозирда - тадбиркор, уйида оилавий боғча ишлаб турибди, не-не қийинчилик билан ўстирган қизлари бири қўйиб - бири онасига парвона. Гулнора опа ўзи орзу қилгандек кексаликка эришди. Ширин оиласи, неваралари қуршовида, фарзандлари ардоғида. Егани олдида - емагани ортида. Бир аёлга шундан бўлак яна нима керак?

- “Умиднинг ранги”, деб номланган китоб ёзяпман, ҳозир шу китоб билан оввораман, яқинда чоп этилади. Болаликдаги хотираларим, журналистика, ишхона, ижод билан боғлиқ қизиқарли воқеалар, ҳикоялар. Демак, менинг энг зўр кунларим, юлдузли онларим ҳали олдинда, - дейди кулиб Гулнора опа.

Мақолам ниҳоясида анчадан бери излаб юрган саволимга жавоб топгандай бўлдим. Менимча, кишилар журналист бўлиб етишмайдилар, журналист бўлиб туғиладилар. Журналист бўлиб туғилган инсонлар - бир умр, ҳатто қариб, мункиллаб қолган чоғларида ҳам қаламидан айрилмас экан. Журналистлар нафақага чиқишлари мумкин, аммо ҳамиша журналист бўлиб қолаверадилар.

Муаззам СОБИРЖОН қизи

P/S: Журналист, радиобошловчи Гулнора Қурбонова ҳақидаги видеони қуйидаги ҳавола орқали кўринг!