Атрофга назар

ЧАНҚОҚБОСДИ ИЧИМЛИКЛАР САВДОСИ ҚИЗИЯПТИ…


31.05.2023   131

Ёз фасли аллақачон остонада. Жазираманинг тафти табиатни огоҳлантиргандай. Офтоб тонг сахарданоқ қиздиришни бошлайдиган кунлар келди. Иссиқ ҳаво заминни бағрига олишни бошлади.

Кўча-кўйда, музқаймоқ ва яхна ичимликлар савдоси авж паллага кирди. Хўш, бундай ичимликларни ичиш мумкинми? Яхна ичимликлар билан савдо қилишда тартиб-қоидалар борми? Мулоҳазаларимиз шулар ҳақида.

Маълумки, ёз мавсумида кўчаларда ўрик шарбати, морс, квас, айрон сингари чанқоқбосди ичимликлар кўп сотилади. Лекин уларнинг тайёрланиш жараёни мавҳум, айримларининг ҳатто сотилиши ҳам санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди. Улар баъзи фуқаролар томонидан қўлбола усулда тайёрланиб, хавфсизлиги ҳамда сифатини кафолатловчи ҳужжатларсиз савдога чиқарилишини кўпчилик билса-да, кўз юмиши бор ҳолат. Ачинарлиси, улар қуйилган идишлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат этилмаган материаллардан тайёрланган, санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Яна бир ҳолат бор. Бу бундай яхна ичимликлар сотиладиган жойларда ҳеч қандай шароит яратилмагани, харидорларга қуйиб бериладиган идишлар тозалиги ҳам талаб даражасида эмаслиги! Ноқулай, нотоза шароитда сотилаётган шарбатларни истеъмол қилиш инсон организми учун катта хавф туғдиришини ҳамма билса-да, барибир шундай жойлардан истеъмол қилишлари ачинарли. Касалликни айримлар шу йўл билан ўзлари “сотиб олишади”да. Бундай ичимликларда ичбуруғ, вирусли гепатит касалликларини қўзғатувчи микроблар бўлиши лаборатория текширувларида ўз тасдиғини топган. Шунингдек, турли кимёвий компонентлардан тайёрланган яхна ичимликлар қуёш тиғи остида сақланганида зарарли хусусияти юқори бўлган токсик(заҳарли) моддалар ҳосил бўлиши ва истеъмол қилинганда эса меъда, хавфли ўсма, жигар касалликларини келтириб чиқариши ҳам илмий исботланган.

Чанқоқбосди ичимликларни ишлаб чиқариш, ташиш ва истеъмолга чиқаришда санитария қоидаларига риоя қилинсагина, инсон учун хавфсиз ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёнида фақат қўлланишга рухсат этилган компонетлардан, тасдиқланган рецептура асосида фойдаланиш зарур. Чунки, айрим яхна ичимлик тайёрлашда ишлатиладиган кимёвий бирикмалар ҳаммага ҳам ёқавермайди, қолаверса, уларнинг аллергенлик хусусияти юқори. Шу сабабли ишлаб чиқарувчи яхна ичимлик таркибини идиш ёрлиғида тўлиқ кўрсатиши шарт ва шу орқали айрим кимёвий моддаларга аллергияси бор кишилар бундан бохабар бўлиши таъминланади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, яхна ичимликлар маълум ҳароратда, қуёш нуридан пана жойларда сақланиши шарт. Улар учун мўлжалланган идишлар сирланган, қопқоқли, доим тоза ҳолатда тутилиши зарур. Агар полимердан тайёрланган бўлса, у албатта яхна ичимликни қадоқлаш учун ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Чунки, полимер таркибидаги турли моддалар ўзидан нохуш ҳид чиқариши билан бирга айрим заҳарли моддалардан ҳам холи бўлмайди. Айрим кимёвий бирикмалар ёш, ўсувчан организмга салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ёш болаларга кимёвий бирикмалардан тайёрланган яхна ичимликлар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Мухтасар айтганда, ёзнинг ёқимли, турли мевалардан тайёрлаб сотилаётган қўлбола чанқоқбосди ичимликларига талаб кўпаядиган паллага кириб келдик. Уларни истеъмол қилишдан олдин санитария-гигиена талаблари даражаси барчамиз учун жуда муҳим. Бу, албатта, ўз саломатлигимиз учун фойдали, эътиборсизлик эса қимматга тушиши мумкин.

Зилола РАҲМОНОВА