Атрофга назар

Таълим ислоҳотлари йўлида камарбастамиз


05.04.2024   1089

Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Сўнгги йилларда инсон капиталини ривожлантириш, узлуксиз таълим тизимининг ҳар бир босқичида сифат кўрсаткичини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек буюк вазифалар стратегик мақсад қилиб қўйилган.

Маълумки, Ўзбекистон 2022 йилда илк маротаба халқаро PISA дастури тадқиқотларида иштирок этди. Ушбу тадқиқотларда 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг олган билимини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиши синалди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ташкил этилган ушбу халқаро тадқиқот дастури умумий ўрта таълим тизимига оид таҳлилий ва қиёсий ахборотларни, шунингдек, мамлакатлар таълим сиёсатига оид қарорларни қабул қилишда муҳим маълумотларни тақдим этганди. Мазкур тадқиқот натижалари дунё бўйича йирик инвесторлар учун мамлакатда мавжуд инсон капитали ҳақидаги қимматли маълумот ҳисобланади. Бугунги кунда таълим тизими ривожланган давлатлар, хусусан, Финляндия тажрибасини ўрганган ҳолда, янги ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Ўз навбатида мазкур синов хулосаларидан келиб чиқиб, ўқув дастурлари янада такомиллаштириб бориляпти.

Яна бир муҳим жиҳат борки, уни таъкидламаслик мумкин эмас. Сўнгги йилларда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маоши кўпайтирилганлиги, давлат мукофотлари билан тақдирланаётган устозлар сони ошиб бориши, ўқитувчи тайёрлайдиган ҳисоботлар, қоғозбозликлар сони кескин камайтирилганлигини ўзи ҳам таълимда улкан ижобий ўзгаришларга замин бўлди.

Албатта, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом этмоқда. Зеро, улуғ маърифатпарвар, атоқли адиб ва педагог Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган.

Абдурашид БОЛТАБОЕВ,

Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ директори