Андижонда

“КИТОБСЕВАР МИЛЛАТ”НИНГ НАВБАТДАГИ ҲАФТАЛИГИ БОШЛАНДИ


22.04.2024   799

З.М.Бобур номли Андижон вилоят Ахборот-кутубхона марказида IVреспублика китобхонлик ҳафталиги доирасида “Китобсевар миллат” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда марказ мутасадди ва масъуллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ёш қаламкашлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

-Аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш бугуннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди, - дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова. - Шу жумладан, ёш авлоднинг билим олиш, маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, уларни янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришда барча соҳа ва йўналишларда ҳамкор, ҳамфикр бўлишимиз керак. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур ҳафталик доирасида турли нашриётларда сўнгги йилларда нашр этилган янги китобларнинг тақдимотлари, ўнлаб таниқли, ёш ва истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Тадбирни кириш сўзи билан очган вилоят ҳокимлиги масъули Элёрбек Холмирзаев йиғилганларга вилоят ҳокимининг китоб ва мутолаа бўйича ташаббусларини етказиб, янги ғоялар маънавиятли халқимизнинг ёруғ келажагига, маърифат қўрғонига устун бўлишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётларни турли номинациялар билан тақдирлаш, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларни, шунингдек, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилганлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳафталик 22-апрелдан бошланиб, 26-апрелга қадар давом этади.

Зилола РАҲМОНОВА