Андижонда

“Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилига амал қилиняптими?


24.04.2024   462

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Халқ депутатлари Кенгашларида маҳаллий давлат бошқаруви органлари мансабдор шахслари ҳисобот (ахборот)лари эшитувлари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида айни саволга атрофлича жавоблар олинди. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, котибият мудирлари ва ходимлари, сиёсий партияларнинг вилоят Кенгашлари ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

-Асосий мақсад – Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, котибият мудирлари ҳамда ходимлари иштирокида Кенгашларда маҳаллий давлат бошқаруви органлари мансабдор шахслари ҳисобот (ахборот)лари эшитувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини муҳокама этиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат, - дейди марказнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Нозимжон Эргашев. – Маълумки, давлатимиз раҳбари Фармони билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида илк марта маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг янги модели – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгиланган. Жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий Кенгашлар ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат берилган. Айни масалалар ҳам бугун тадбирга йиғилганлар ўртасида қизғин таклифлар, муҳокамалар, мулоҳазаларни илгари суришда замин бўлди.

Тадбирда сўз олган марказ ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ф.Атаханов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири Н.Тўйчиева ва бошқалар томонидан сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолияти нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам жонланаётгани, Фармон билан Кенгашлар олдида тегишли ҳудудда фақатгина ҳоким, ҳудудий давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳисобдорлиги белгиланиши, келгусида ушбу раҳбарларнинг Кенгаш олдида ҳам сиёсий, ҳам профессионал масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши, барча тузилмалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Якунда билдирилган фикрлар қизғин муҳокама қилиниб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Зилола РАҲМОНОВА.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар