Атрофга назар

Муштарий мулоҳазаси: НАҲОТКИ ДАВРИЙ НАШРЛАРНИНГ БИРОР КИМСАГА ЗАРАРИ ТЕГАЁТГАН БЎЛСА


17.06.2022   421

Яқинда газетамизга эълон бериш мақсадида келган бир инсон билан суҳбатлашиб қолдим. Қирқ ёшлар чамасидаги бу йигит ҳозирги ахборот жараёнлари ҳақида куйикиб гапириб қолди. Аслида олий маълумоти бор деган дипломи бўлмаса-да, гап сўзларининг теранлиги, диний ва дунёвий билими анча мунча ўқиганлардан баландлиги оддий савдо ходими бўлиб ишлайдиган йигитга хос эмасдек туюлди. Лекин гап бир парча қоғозда ёки мансабда эмас экан. Оддий, содда, самимий бу йигитдан ўрганадиган нарсаларимиз кўплигига амин бўлдим.

- Исмим Ҳасанбой. Асакаликман. Уйимда газеталарнинг галереяси бор десам ишонмайсиз. «Андижоннома» ва “Андижанская правда”, “Халқ сўзи”, “Оила ва жамият”, “7*7” “Ҳордиқ”, “Даракчи”, еҳҳе, санасам, адоғи йўқ. Бир неча йиллик тўпламлари бор. Фақат газеталарнигина эмас, Қуръони Каримнинг турли хил нусхалари, Ҳадислар тўплами, Шайҳ Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфнинг жамики асарлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти, тарихий асарлар барча-барчаси шахсий кутубхонамдан жой олган. Илм излайман деган инсон ҳамиша ўқиб ўрганади.

Иш юзасидан Душанбе шаҳрига сафар қилдим. У ерда интернет тезлиги пастроқ экан. Аммо бир оилага бир кунда тўрттадан газета тўғри келиб, у ернинг аҳолиси интернетдан кўра кўпроқ босма нашрларни кўпроқ мутолаа қилар экан. Бу жойнинг кутубхонасига қизиқдим ва ҳайратландим. Ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти, диний китоблар, тарихий асарлар, топа олмайдиган асарингизни ўзи йўқ. Қўшниларимизнинг илмга чанқоқлиги, ҳамиша илм ортидан қувиши мени жуда хурсанд қилди.

Ахборот асрида ҳамма нарса интернет орқали амалга оширилмоқда. Ачинарлиси, очиқчасига газета ўқимасликка даъват қилишса, маънавиятсизлигини пеш қилиб, ғурурланишса ҳайрон қоламан. Наҳотки даврий нашрларнинг бирор кимсага зарари тегаётган бўлса. Ҳозирда обуна камлиги туфайли олдинги мавқеини бироз йўқотган бўлиши мумкин, лекин мутолаа бирибир мутолаада. Газета ўқимас экансиз, қани виждонан айтингчи, шу яқин кунларда қайси китобни мутолаа қилдингиз? Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Увайсий, Машраб ғазалларидан кўп эмас икки байт ёддан айтиб бероласизми? Тарихга қизиқмасангиз, ана хоп, ўзбек адабиётига бефарқ бўлсангиз жаҳон адабиётидан энг яхши кўрган бирорта асарни таҳлил қилиб беринг. Йўқ, ўқимаган барибир ўқимайди. Уни ундоқ, буни бундоқ деб баҳона қилади холос.

Газета қидириб матбуот дўконларига борсам икки дона сарғайган газетадан бошқа ҳеч вақо йўқ. “Андижоннома” газетасини қидириб, шу ерга келдим. Мана ҳозир ҳам навбатим келгунча газетангизни янги сонини варақлаб ўтирибман. Янгича кўриниш, ўзгача имижда чиқа бошлабди. Дукчи Эшон ҳақидаги “Тарих ва ҳақиқат” мақоласини ўқиб, ўзим шу пайтгача билмаган тарих ҳақиқатига гувоҳ бўлдим. Бир муштарий сифатида шуни айтишим мумкинки, қилинаётган меҳнат ҳеч қачон зое кетмайди. Сизларнинг машаққатли ижодингизда ҳечам ортга чекинманг, ҳамиша олға интилинг, янгиликлар яратинг деб қоламан. Зеро китоб, газета ўқимаслик маънавиятсизликнинг энг юқори чўққисисдир.

Ўз мухбиримиз.