Атрофга назар

Сурат ва сийрат: ПАНЖАРАНИНГ БУ ТАРАФИДА...


14.07.2022   476

Журналистика факультетида ўқиганимиз боис, теварак-атрофдаги воқеаларга жуда синчков қарайдиган бўлиб қолдик. Яқинда эркин мавзуда материал тайёрлаш вазифаси юклатилди. Жума дарсларимиз камроқ бўлгани сабабли шу куни дугонам билан шаҳар четидаги қариялар уйига бордик. Қоровул бизни негадир ичкарига киргизмади.

Ёмғир севалаб ёғар, бу ердаги нуронийлар билан суҳбат қуриш илинжида дарвоза панжараларидан ичкарига умид билан қараб турардик. Ҳовлида икки қария гаплашиб ўтирибди. Нарироқда бир отахон ҳассасига суяниб базўр одимлаяпти. Уларнинг нигоҳи кўзимизга тушганида меҳрга ташналиги шундоққина сезилиб турарди.

Шу пайт муассаса яқинига қоп-қора “Малибу” автомашинаси келиб тўхтади. Унинг эгаси шу ернинг бошқарувчиси бўлса, ундан рухсат олиб кирамиз, деб ўйладик. Машинадан аёл ва эркак виқор билан тушиб, дарвозага яқинлашди. Аёл қора халтадаги алланималарни қоровулга узатди.

- Отангизнинг исми нима эди, - эркакка юзланди қоровул.

- Шоаҳмад Жўраев.

На эркак, на аёл отахоннинг ҳол-аҳволи ҳақида сўрашмади. Улар қандай тез келган бўлса, шу таҳлит шитоб билан жўнаб кетишди.

Машина орқасидаги ойнадан жойнамоз кўзга ташланиб турарди. Отахоннинг исми хаёлимга муҳрланиб қолди: “Шоаҳмад Жўраев”. Менимча бу машина ҳозир масжид олдига бориб тўхтайди. Ва ичидаги эркак жума намозини ўқишга киради. Беихтиёр кўзимга ёш келди...

Ўғилой МАЪМУРОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

журналистика факультети 3-курс талабаси.