Атрофга назар

«ЯШИЛ МАКОН» УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ – КЕЛАЖАККА ДАХЛДОР МАСАЛА


18.05.2022   455

Ўзбек халқи борки, кўчат экиб, дарахт ундиради. Ҳатто, яқин-яқингача ҳамоилада фарзанд туғилса терак экиш анъанаси мавжуд бўлган. Балки, бу мамлакатимиз иқлими билан боғлиқдир ёки она замин хислати шуни тақозо этар. Ахир, бир чўпни ерга санчиб, ундан улкан дарахт ҳосил қилса арзийдиган масканда яшаймиз. Нима бўлганда ҳам биз она табиатнинг бир бўлагимиз, уни кўз қорачуғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Дарахтлар биз учун нега керак?

Авваллари, йирик шаҳарларда ҳаво газ, чанг, зарарли микроорганизмлар билан ифлосланар эди. Бу асосан, саноат корхоналари ҳисобига амалга ошган. Бугунги кунга келиб, экологияда шундай ҳолат ҳукм сурмоқдаки, ҳатто айрим қишлоқ ҳудудларини ҳам тоза ҳавога тўйинган, деб бўлмайди. Маълумотларда баён этилишича, дарахтлар экилганжойларда 1 м3 ҳаво таркибида 490 та бактерия мавжуд бўлса,саноатлашган манзилларда бу кўрсаткич 36 мингтани ташкил этади. Бактерияларга қарши курашувчи асосий кучяшиллик, яъни ўсимлик дунёсидир. Бир гектар боғдаги дарахтлар ёз фаслида бир кунда 8 кг карбонат ангидрид газини ютади. Бу билан улар 200 нафар инсонлар ютиши мумкин бўлган ифлосланган ҳавонинг олдини олади. Битта дарахт кун давомида 2 кг.га яқин кислород ажратишини ҳисобга олсак, ҳар бир дарахт биз учун тенгсиз қийматга эга эканлигини тушунишимиз осон бўлади. Автомобиллар йўли ёқасидаги дарахтлар эса транспорт воситаларидан ажралиб чиқадиган карбонат ангидрид газининг 30 фоизгача қисмини ютади. Ҳавоси ифлосланган ҳудудларда бир гектар майдондаги дарахтлар 54 тоннаҳаводаги чангни фильтрлаб бериши уларнинг ҳаётимизда тутган аҳамиятидан далолатдир. Қолаверса, барги чанг ва ғуборни ушлаб қолади, экология софлигини таъминлайди. Шу билан бирга шовқиннинг 26 фоизини ютиб, 74 фоизини қайтаради.

Демак, дарахтлар инсон саломатлигини ҳимоя қилувчи энг катта бойлик, восита ва табиий шароитдир. Уларни кесиш, нобуд қилиш нафақат, яшилликка озор етказиш, табиатга ҳиёнат қилиш, балки, саломатлигимизни зарарлашдир ҳам.

Мораторий кимлар учун эълон қилинган?

Охирги 15-20 йилда республикамизда дарахтлари кесилмаган ҳудуд қолмади, ҳисоб.Бир пайтлар Фарғона водийси вилоятларидаги захкашликка бархам бериш мақсадида экилган юз минглаб чинорларга қирон келди. Оқибатда, тарихнинг не бир синоатларига дош бера олган асрга тенгдарахтлар ҳам таг-томири билан юлиб ташланди. Ҳозирги кунда Андижон вилоятида давлат табиий ёдгорлиги мақомига эга бўлган, яъни 100 ёшдан ошган дарахтлар сони атиги 19 туп эканлиги ҳам сўзимизнинг ёрқин ифодасидир. Хўжаобод, Қўрғонтепа, Асака, Балиқчи туманлари ва Хонобод шаҳрида парваришланаётган бу чинорлар инсоният томонидан юзага келган вахшийликнинг тирик гувоҳларидир. Афсуски, бу каби гумроҳликлар хали-ҳануз учраб турибди.

Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 31 декабрь куниПрезидент Шавкат Мирзиёев “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга биноан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Бу билан республикамиздатабиат бойликларини асраб қолишга эришилаётган бўлсакда, афсуски, бу борада оз бўлсада, кўр-кўрона ҳаракатлар ҳам кузатилмоқда.Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Андижон вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятда 2021 йилда94 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилиши оқибатида 145 та дарахтларнинг кесилиши юзага келган бўлса, 58 туп дарахтларга жиддий шикаст етказилган. 2022 йилнинг 1-чорагида эса 51 туп дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташланган ва 67 тасига шикаст етказилган. Тўғри, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чора кўрилди, етказилган зарар ундириб олинди. Бироқ, бу нобуд бўлган дарахт умрини қайтариб бера олмайдику! Шундай экан, борлиқнинг бир бўлаги бўлмиш яшил оламни асраб қолиш учун энг аввало, ўзимизнинг экологик билимимизни шакллантиришимиз, табиатни қадрига етишимиз керак бўлади. Бу ишни ҳар ким ўзидан бошламас экан, мутасадди идоралар томонидан амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар самарадорлиги қониқарсизлигича қолаверади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – башарият фойдаси!

Республикамизда дарахтларни асраш, кўпайтириш, шу орқали экологик муҳитни барқарорлаштириш ҳукумат даражасида кўриб чиқилишининг ўзи бу борада йўл қўйилган хатолар нечоғли жиддий эканлигидан далолатдир. 2021 йилнинг2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экишнинг белгилаб берилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг оммавийлашига туртки бўлди. Қувонарлиси, у бир йиллик эмас, балки ҳар йили анъана тусини олувчи халқ ҳаракатига айланди.

Андижон вилоятида ҳам лойиҳага асосан хайрли ишларга қўл урилди. Натижада 2021 йилнингкуз ва 2022 йилнинг баҳор масумларида 15 млн.416 минг туп кўчатлар ўтқазилди. Бунда ҳар бир шаҳар ва туманларнинг табиий иқлим шароити ўрганилиб, ҳудудларнинг шароитига мос кўчатлар танлаб олинди. Натижада25 хил турдаги дарахтзорлар барпо этилди.

-Тан олиш керак, бундан беш-ўн йил муқаддам вилоятда ҳар йили ўртача 300-500 минг туп кўчат экилган бўлса, уларни парваришлашда ўзига хос муаммолар юзага келган,-дейди вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Одилжон Шокиров. – Бу эса ниҳолларни асраб қолиш имконини бермаган. Бугунги кунга келиб, энг аввало, ҳар бир туп кўчатнинг ўз эгаси тайинлаб олинди. Яъни, кўчатлар ўтқазилган ҳудудда жойлашган корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари уларнинг парваришига масъул этиб тайинландилар. Яна бир муҳим масала суғориш тизими билан боғлиқ эди. Сўнгги йилларда вилоятда бу борадаги муаммо ҳам барҳам топди. Ҳатто, адирликда қурилиши давом этаётган “Янги Андижон” шаҳри ҳудудида барпо этилган 102 гектар майдондаги кўчатларни суғоришда томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланилмоқда. Демак, бугунги экилган кўчатларнинг умри бардавомдир. Тез орада улар яшил маконга айланиб, борлиқни софликка буркаши, табиий.

“Маҳалламга ниҳол экаман!”

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш асосан уч йўналишда олиб борилмоқда. Биринчи йўналишда ҳали ўзлаштирилмаган манзилларда ободонлаштириш ишлари ташкил этилган бўлса, кейинги йўналиш автомобиль йўллари четларини кўкаламзорлаштириш билан давом этди. Учинчи йўналиш бевосита маҳаллаларга кўчди. Андижон вилоятида23-24 апрель кунлари “Маҳалламга ниҳол экаман!” акцияси доирасида нафақат, кўчаларга, балки хонадонларга ҳам мевали, манзарали кўчатлар ўтқазиш ҳашарлари уюштирилди.Жумладан, Избоскан туманидаги мавжуд 28 та маҳаллада 60 минг туп кўчат кўкка бўй чўза бошлади.

-Маҳаллаларда мевали дарахтларнинг парваришланиши оилаларга ризқ-насиба, барака олиб киради,-дейди 75 ёшли Назарали ота Ҳошимов. –Шунинг учун туманимиздаги маҳаллаларда 30 минг туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилганлиги хайрли иш бўлди. Уч-тўрт йилдан сўнг улар ҳосилга кириб,даромад манбаига айланади.

-“Яшил макон” умуммиллийлойиҳаси маҳалладошларни, айниқса, ёшларниягона мақсад сари бирлаштирди,-дейди Пойтуғ шаҳрида истиқомат қилувчи ёшлар вакили Санобархон Рўзиева. –У бизни меҳр-оқибатга, қадриятларни давом эттиришга чорлади, десак хато бўлмайди. Зеро, кўчат экиш ҳашарида туманимиздан 40 минг нафардан зиёд аҳолифаол иштирок этди.

Бу каби тадбирлар Андижон вилоятидагина эмас, балки, республикамизнинг 9 минг 259 та маҳаллаларида ташкиллаштирилди. Натижада40 млн. 327 минг туп кўчат экилиб, маҳаллалар ҳақиқий “Яшил макон” мақомини олди.

Кўчат етиштирувчи хўжаликлар фаолияти янада шаклланади

Табиатнинг ўз қонун-қоидаси, тартиблари бор. Айтишларича, ҳудудларда етиштирилган кўчатлар ўз манзилида баравж ривожланар экан. Сабаби, у илк кунларданоқ мана шу муҳитга мослашиб бўй чўзади. Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, ҳар бир вилоятда кўчат етиштирувчи хўжаликлар фаолиятини шакллантириш мақсадга мувофиқдир.“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Андижон вилоятида ҳам бир қанча кўчатчилик хўжаликларининг ташкил топиши ва фаолиятини ривожлантиришга сабаб бўлмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда вилоятда 26 та ана шундай фаолият тури билан шуғулланувчи хўжаликлар мавжуд бўлиб, “Андижон йўл кўкалам” УК шулар жумласидандир.

-Пахтаобод туманидаги “Озод” массивидан корхонамиз учун 20 гектар ер майдони ажратилган,-дейди бош агроном Нозимжон Саидов. – Ҳозирда бу ерда 172 минг 455 туп манзаралидарахт ва бута кўчатлариетиштирилмоқда. Келгуси мавсум учун яна 25 турдаги кўчатларнипарваришламоқдамиз. Шу кунгача эса мавжуд 2 минг 463 км.дан иборат автомобиль йўлларида 200 минг тупдан зиёд кўчатлар ўтқазилишини таъминладик.

Айни пайтда Асака, Бўстон, Избоскан, Олтинкўл ва Шаҳрихонкаби туманлардаги хўжаликларда жами4 млн. 635 минг туп кўчатлар парваришланмоқда. Қўрғонтепа туманида эса 34 та хонадонда кўчат етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, уларда 271 минг 700 туп ниҳоллар мавжуд.

-Андижон вилоятида павлония дарахтини парваришлашга бўлган эътибор ортмоқда,-дейди кўчат етиштирувчиМуроджон Қурбонов. –Сабаби, у тез ўсади, шу орқали вилоятда дарахтзорга бўлган эҳтиёжни қисқа муддатда қондириш мумкин. Қолаверса, жуда бақувват. Бу эса мебелсозликни ривожлантиришга туртки бўлади. Кўчат етиштирувчилар учун ҳам афзаллик жиҳатлари кўп. Масалан, илк йили ҳар бир ниҳолни икки минг сўмдан сотиб олдим. 8 ой давомида парваришлаш натижасида асл кўчат ҳолига келтирдим. Ўтган мавсумда уларнинг ҳар бирини 25 минг сўмдан сотдим. Уч йиллик дарахтларнинг ҳар бир тупига 100 доллардан харидорлар мавжудлигининг ўзиёқ бу сердаромад соҳа эканлигидан далолатдир.

Республикамиз табиий иқлими яшил маконга муҳтож. У борлиқни тоза ҳаво билан таъминловчи асосий манбаадир. Бугун экилган ниҳоллар вақти келиб республикамиздаги табиий иқлим шароити мўътадиллигини таъминлайди.Демакким, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси келажакка дахлдор масаладир.

Саминжон ҲУСАНОВ.