Антирадар ўғриси қонун посбонларининг “радари”га тушди
02.10.2026 18
Ота-она ўз фарзандининг юриш-туриши, ахлоқ-одобига нисбатан бефарқ бўлса, айниқса, ўсмирлик чоғида кимлар билан дўст тутингани-ю қандай давраларда юргани билан қизиқмаса, тарбияси издан чиққан боланинг тўғри йўлга тушиши қийин бўлар экан. Эндигина 21 ёшга тўлган Зокир Қодировнинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) хулқ-атвори ота-онаси ва яқинлари томонидан вақтида назоратга олинганида, навқирон палласида икки бор судланмаган, унга “хавфли рецидивист” деган тамға ёпишмаган бўларди балки!
Зокир 19 ёшида ўғрилик қилиб қўлга тушди ва суд ҳукмига кўра, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони ижро этиш муассасида йигитчанинг бир йил умри ўтгач, суд Жиноят кодексининг 74-моддаси асосида жазонинг ўталмай қолган қисмини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштириш тўғрисидаги тўхтамга келди. Чунки қонунчиликда шундай имтиёз бор: озодликдан маҳрум қилинган шахс ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган тақдирда, маълум муддатдан сўнг унга енгиллик берилиши мумкин.
Бироқ Зокир қонунчиликдаги бундай инсонпарварлик тамойилини суиистеъмол қилди. Шу йилнинг январь ойида ярим тунда Хўжаобод туманидаги маҳаллаларнинг бирида кўчада турган “Спарк” машинасининг ойнасини тош билан синдириб, автоулов салонидаги қиймати 2 миллион 400 минг сўмлик антирадар аппаратини талон-торож қилди-ю, ҳодиса жойидан яширинди.
Шу туннинг ўзида - соат 2.30 ларда Қўрғонтепа туманига етиб келиб, кўп қаватли уйлардан бирининг ёнида турган “Жентра”нинг ҳам ойнасини синдирди ва автомашинадаги 3 миллион сўмлик антирадарни суғуриб олиб, жуфтакни ростлади.
Зокирнинг жиноий хатти-ҳаракатлари шу билангина кифояланмади. Орадан тўрт кун ўтгач, юқоридаги тасвирланган “сценарий” Жалақудуқ тумани ҳудудида такрорланди. Тахминан соат 01.30 да кўп қаватли уй олдида қулфланган ҳолда турган “Кобалт”нинг ойнасини тош билан синдириб, салондаги антирадар, машина эгасига тегишли 100 доллар ҳамда 1 миллион сўм пулларни ҳам талон-торож қилиб, қочиб қолди.
Ёмон хулқ-атворли кимсага яқин юрган одамнинг нафақат номига доғ тушиши, ҳатто ўша қинғир ниятли дўстининг ножўя қилмишлари касри унга ҳам уриши ҳеч гап эмас. Зокирнинг юқоридаги қилмишлари ҳам у билан дўст тутинган икки нафар навқирон йигит – эндигина 26 ёш бўсағасида турган Қаҳрамон ҳамда 29 яшар Асқаржонни судда жиноятчи сифатида жавоб беришларига сабаб бўлди.
Гап шундаки, дастлабки ўғрилик содир этилишидан икки соат аввал Зокир дўсти Қаҳрамонга мурожаат этиб, “Дамас”ингизда Қўрғонтепага, танишимнинг уйига бориб келайлик” дея илтимос қилади. Бу суҳбат жараёнида Асқаржон ҳам Қаҳрамон билан бирга эди. Хуллас, учовлон йўлга тушишади. Зокир ўзи режалаган манзилларга етгунча шерикларига кўнглидаги шум ниятини билдирмайди. Иккисини сал нарида қолдириб, бир ўзи ўғриликни амалга ошириб келгачгина, бор гапни рўйи рост айтади. Бироқ оғир жиноят содир этилганидан хабар топишган бўлса-да, иккиси ҳам бу ҳақда тегишли органларга хабар беришмайди. Қайтанга Қаҳрамон учала антирадарни Зокирнинг илтимосига кўра, Андижон шаҳрида автомашиналар эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи шахсга 3 миллион 700 минг сўмга сотиб юборади. Уларнинг ўғирланган буюм эканлигини харидорга айтмайди.
Бугун шундай замонда яшаяпмизки, жиноятга қўл урган киши қилмишининг изларини яшира олмайди. Қилни қирқ ёрувчи мутахассислар саъй-ҳаракати билан ҳар қандай ножўя иш қисқа вақт ичида ошкор бўлади. Алалхусус, антирадар ўғриси ва унинг шериклари ҳам бир зумда қонун посбонларининг “радари”га тушди.
Суд ҳолатни атрофлича муҳокама қилиб, Зокир Қодировни Жиноят кодексининг 169-моддаси тегишли банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Унга суднинг бир йил аввалги ажрими билан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг ўталмаган қисми ҳам қўшилиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталиши белгиланди. Бу жараёнда, албатта, автомашина эгалари, яъни жабрланувчиларга етказилган зарарлар ҳам қопланди.
Шунингдек, Қаҳрамон Жиноят кодексининг 171-(жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш) ҳамда 241-(жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) моддалари тегишли бандлари билан айбли деб топилган бўлса, Асқаржоннинг ҳаракатлари ҳам “жиноятни яшириш” дея баҳоланди. Оқибатда ҳал оила қуришга-да улгурмаган бу йигитлар турли муддатларга ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланди.
Белгиланган жазо учала судланувчини ҳам тарбиялаб, бундан кейин доимо тўғри йўлдан юришларига сабаб бўлса, ажабмас.
жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани суди раиси
