«Анжирлар маҳалласи»: томорқадан юқори даромад сари
19.08.2026 7
Андижон шаҳридаги Найзақайрағоч маҳалласи халқ орасида «анжирлар маҳалласи» сифатида машҳур. Бу ном бежизга берилмаган: ҳудудда азалдан анжир етиштириш анъана бўлиб, бугунги кунда ҳам томорқачилик, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги аҳоли учун муҳим даромад манбаи бўлиб қолмоқда. 850 дан зиёд хонадонда 5 931 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг 19 та кўчасида томорқадан унумли фойдаланиш, мева-сабзавот, узум, кўчат ва гул етиштириш кенг йўлга қўйилган. Айниқса, иссиқхона хўжалиги маҳалланинг асосий даромад йўналишларидан бирига айланган бўлиб, хонадонларнинг қарийб ярмида 2 сотихдан 50 сотихгача бўлган иссиқхоналар мавжуд. Жумладан, Ғойибназаров Таваккалжоннинг 2 сотихли иссиқхонасида «Аватар» навли узум, оқ ва қизил навли қулупнай, бодринг ҳамда помидор етиштирилмоқда.
Найзақайрағочликлар орасида бу йўналишда самарали меҳнат қилаётган хонадонлар кўп. Хусусан, Осипов Абдужалилнинг 30 сотихли иссиқхонасида 10–15 турдаги даромадли ва ноёб гул кўчатлари парваришланиб, улар маҳаллий бозорлар, республиканинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни давлатларга етказиб берилмоқда. Томорқа ва иссиқхонадан унумли фойдаланиш орқали аҳоли нафақат ўз бандлигини таъминламоқда, балки оилавий даромадини ҳам сезиларли оширмоқда. Бозор талабини инобатга олган ҳолда маҳсулот етиштириш ва сотувини йўлга қўйган айрим хўжаликларда бир мавсумда 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача даромад олиш имконияти шаклланган. Шу тариқа, Найзақайрағочнинг «анжирлар маҳалласи» сифатидаги номи бугун анъана ва замонавий тадбиркорлик уйғунлашган, томорқа эса барқарор даромад манбаига айланган ҳудуд тимсоли сифатида мазмун касб этмоқда.
