Атрофга назар

Миллий қадриятларимиз, ўзлигимиз - либосимизда акс этсин


15.10.2026   16

Ўзбек аёли деганда эгнида миллий адрас ёки атласи бор, бошида кийимига мос рўмоли, кўзлари ерга қараган, қўллари кўксида, ибо-ҳаёси бутун вужудини қамраб олган аёл кўз ўнгимизга келади.

Ҳа, бу ҳолат яқин-яқингача ҳам шундай эди. Аммо миллий либослар фақатгина келинчаклар ёки клип-фильмлар учунгина кийиладиган, баъзан миллий байрамларимизда акс этадиган бўлди.

Сўнгги пайтларда либосларимизда замонавийлик ҳамда ўзга мамлакатларга тақлид кучайди. Бир қарасанг ўта очиқ-сочиқ, бир қарасанг қоп-қора узун либосу ниқобларда.


Ўзлигини йўқотмаган, меъёридан ортмай кийинган, юз-кўзидан шарм- ҳаёси балқиб турган, ҳам иш, ҳам оилани бирдек олиб бораётган замонавий аёлларга ҳам балли деймиз. Тўғри, ҳатто ўқувчиларга ҳам формасига мувофиқ оқ рўмол ўраб дарсга қатнашишларига ҳам рухсат берилди.
Ҳар ким ўз шароити, ўз хоҳишидан келиб чиқиб эркин либос танлаш ва кийиш ҳуқуқига эга.

Аммо, танганинг бошқа тарафи ҳам бор. Рўмолни шунчаки ниқоб қилиб, истаган ишини бажараётган, худдики бошида рўмоли бўлса, ортиқча шубҳага бормасликларини билган ҳолда хавф-хатарли ишларга қўл ураётганлар бор.

Бундан ташқари, юзларини ниқобларда ёпиб, фақатгина кўзлари очиқ ҳолда юрган, аммо худди кўзлари орқали жалб қилгандек, кўзларини эътибор тортар даражада бўяган ёки юзини беркитиб юрган ҳолатда текширилса, эркак бўлиб чиқаётган ҳолатлар ҳам тез-тез учраб турибди.

Шу сабабли ҳам эҳтиёткорлик замон талабидир. Ҳар қандай шубҳали ҳолатларда сергак турмоғимиз, кийимларни бўрттирмаган ҳолатда, меъёрида киймоғимиз лозим.

Менимча, либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.

Яна бир нозик томони, имкон қадар ҳар бир ҳолат учун алоҳида кийим кийиш яхшидир. Байрам-тадбирлар учун, иш ва расмий жойларга, дала-боққа алоҳида, уйда кийиш учун ҳам алоҳида кийимлар бўлиши дуруст. Зеро, бу либослар “умри”ни узайтиришидан ташқари тиббий, маданий жиҳатдан ҳам мақбулдир.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади.

Яна бир жиҳат, авваллари ўзбек қизларини ёшлигидан бошлаб оналари, опалари бичиш-тикишга пухта ўргатишган. Деярли барча қизлар чок ишларини, дўппи тикиш, сўзана ва кашталарга нақш солишни мукаммал билишган. Ўзларини сарполарига ўз қўллари билан кашталар, сўзаналар тикканлар. Ҳаё ва ибоси узун атласларию, духоба камзулларида акс этган.
Одобда солиҳа, фикрида зебо бўлиб улғайишган. Қисқаси, андишани ҳис этишган, уятни англашган, ихлос, эътиқод деган туйғулар билан қалбларини зийнатлашган.

Қани дейсиз, қани қиз-аёлларимиз либосларида яна қадриятлармиз, ўзлигимиз акс этса...

Ҳазрат Мир Алишер Навоий бир байтларида шундай ёзганлар:

Яхши суҳан жонга оройиш,
Яхши либос танга оройиш.

Фақатгина танамизни эмас руҳимизни ҳам гўзал либосларла сатрлайлик.


Моҳигул Сиддиқова.