Атрофга назар

Мулоҳаза: ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҚАРШИ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАЧОН БАРҲАМ БЕРИЛАДИ?


05.06.2023   267

Бугун хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, уларни хорлаш, ҳатто ўлдириш даражасидаги хунрезликлар ҳақида кўп эшитяпмиз, ўқияпмиз, гувоҳи бўляпмиз. Интернет тармоқларида болалаб кетган бу мавзу айримлар учун сийқаси чиққандай туюлиши бор гап. Бироқ айнан ўша нохуш ҳолатлар, айтиш жоиз бўлса, вахшийликлар миллатимиз вакиллари томонидан содир этилаётгани жуда ачинарли.

Хўп, аёл ожиза экан, аммо унинг ҳуқуқлари, манфаатлари йўқми? Қайси замонда яшаяпмиз? Ахир муқаддас динимизда ҳам хотин-қизларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват кўрсатиш зарурлиги баён қилинганку!

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, нафақат бу ҳуқуқларни таъминлаш ҳақида, балки бу муаммо қай даражада долзарблигини тушунтириб бориш ҳам бугуннинг кун тартибидаги мавзусига айлангани сир эмас. Аслида эса бунинг туб моҳиятини англаш учун қиз бўлиб туғилиш керак!

Хўш, зўравонлик қай шаклларда рўй бериши мумкин?

Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш;

жисмоний зўравонлик – жисмоний ҳаракатлар орқали ёки шундай таҳдидлар билан хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлигига хавф солиш;

иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);

руҳий зўравонлик — хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш кабилар;

тазйиқ — бирор турдаги жавобгарликка сабаб бўлмайдиган, бироқ хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.

Агар ушбу таърифлардаги ҳолатлардан бири юз берса, демак, зўравонлик ёки тазйиқ содир бўлган деб ҳисобланади. Эслатиб ўтишни лозим топганимиз: зўравонлик ва тазйиққа дуч келганлар 1146 ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаш тизими Андижонда қандай ишлайди?

2021 йилда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган андижонлик 2028 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ўтган 2022 йилда эса бундай ҳимоя ордери 2172 нафар ожизаларга тақдим этилган. Бир жиҳатни надомат билан таъкидлаш керакки, бундай зўравонликларнинг 2448 таси оилаларда содир этилган.

Очиғини айтиш керак, зўравонликка учраган аёлларнинг жуда кам қисми тегишли жойларга мурожаат қилади. Уларнинг аксарияти қўрқув ва бошқа сабаблар билан тазйиқларга тоқат қилишга мажбур бўладилар. Бу жиҳатларни эътиборга олганда эса ҳақиқий рақамлар бундан анча юқорилигини англаш мумкин.

Ҳимоя ордери нима?

Ҳимоя ордери мурожаатчи вазияти ўрганилиб, профилактика инспектори томонидан 24 соат ичида 1 ой амал қилувчи муддатга берилади. Бу пайт давомида ордер олган шахс ҳимояда бўлади ва унга нисбатан ножўя ҳаракат содир этилишига йўл қўйилмайди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид президент фармонида ҳимоя ордери суд қарори билан бир йилга берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ўз оиласида жабар кўраётган ёки кўрган аёллар...

Ижтимоий тармоқларда ўғил туғмагани, кўп овқат егани, телефонда кўп мулоқот қилгани, асоссиз рашк ёки бошқа сабаблар билан эзилган аёллар ҳикояларини кўп ўқиймиз. Табиийки, омма эса икки томонга ажралиб муҳокамалар авж олади. Кўп дуч келганимиз: аёллар ҳуқуқлари мавзуси нима сабаб билан кўтарилганидан қатъи назар, бу муҳокамаларни ёқтирмайдиган ва низоларга аёлнинг ўзи ҳам сабабчи эканини уқтиришга уринадиганлар талай топилади.

Айтайлик, моддий етишмовчиликлар ҳам оилаларда низолар ва зўравонлик ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бунинг ечими эса бир қарашда оддий, амалга ошириш эса осон бўлмаётган эркин бозор иқтисодиётини қуриш ва инклюзив иқтисодий ўсишга бориб тақалади.

Масалан, ижтимоий тармоқларда ўз турмуш ўртоғи томонидан зўравонликка учраётган, ўлдирилган аёллар ҳақида ўқияпмиз, кўряпмиз. Ҳатто энг ачинарлиси, бу ҳолатга кўпчилик ажабланмай қўйди! Мана шуниси ёмон.

Хулоса

Бироқ бир нарсани очиқ тан олишимиз керак. Ҳимоя ордери ҳам вақтинчалик, бу ҳужжат хотин-қизларни доимий ҳимоя қилиш имкониятини бермайди. Демак, аёлларга ўз ҳуқуқларини таништириб бориш, уларнинг таълим олиши ва иш билан бандлигини ошириш каби тизимли ёндашувлар жуда зарур. Айниқса, хотин-қизлар эҳтиёжини кўпроқ ўрганиш талаб этилади.

Ахир Ўзбекистон БМТнинг “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенциясига қўшилганига 26 йил бўлди. Аммо шунга қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учраётгани аянчли.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгиланган.

Бироқ бундай нохуш ҳолатлар айнан ёнгинамизда содир бўлаётганидан кўз юмолмаяпмиз. Ўз аёлини, фарзандларининг онасини хор қилаётган, ўлдириш даражасига бораётганлар учун жазо икки дунёда муқаррарлигини нега шу айримлар англамаяптилар? Рашкми, худбинликми, камситишми, хуллас, нима туфайли бўлса ҳам, аёлни зўравонлик, тазйиқ қурбонига айлантираётган разолатга қачон барҳам берилади???

Зилола РАҲМОНОВА.