Атрофга назар

Йўловчи йигит олиб қочган “Дамас” уни қамоққа “элтиб қўйди”


24.10.2024   691

Спиртли ичимликларга ружу қўйиш турли иллатлар келиб чиқишига, ҳатто жиноят содир этилишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Бу фикр исботини Андижон шаҳрида яшовчи Сарвар Каттахонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан боғлиқ ҳолат мисолида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, кунларнинг бирида ширакайф ҳолда кўчада юрган Сарвар соат 22:00 лар чамаси ўткинчи “Дамас”ларнинг бирига қўл кўтаради. Ҳайдовчи Омадбек Маллаев гарчи ишини тамомлаб, уйига қайтаётган бўлса-да, “майли, манзилимиз бир томонда экан”, дея Сарварни машинасига ўтқазди.

Бир километрча юришгач, ҳайдовчи йўл бўйидаги дорихонага имо қилиб йўловчига юзланди:

  • Йўқ демасангиз, икки дақиқага шу ерда тўхтаб ўтсак. Гриппга қарши дори олиб кетишим керак эди...
  • Бемалол кириб чиқаверинг, шошаётганим йўқ.

Сарвар қаршилик билдирмади:

Ҳайдовчи машинадан тушгач, калит уловнинг ўзида қолганини кўрган Сарварнинг хаёли бузилди. Ҳаракатларининг оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмай, шартта рулга ўтирдию, “Дамас”ни миниб қочди.

Манзилга етай-етай деганда, нотўғри иш қилганини англаб етди чоғи, машинани ортга буриб, боя ҳайдовчи тўхтаган манзил – дорихона томон отланди. У “Дамас”ни миниб қочган манзилга етгунига қадар орадан ярим соатдан зиёд вақт ўтган, табиийки, машинанинг эгаси “Дамас”нинг олиб қочилганлиги ҳақида тегишли органларга хабар бериб улгурганди...

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирувчилар, кейинчалик суд муҳокамаси жараёнида Сарвар “ичкилик таъсирида нима қилаётганлигини англай олмаганлигини, транспорт воситасини ўғирлаш ёки талон-торож қилиш нияти бўлмаганини” бот-бот таъкидлади.

Тўғри, у Омадбекнинг машинасини яшириб қўйгани ёки талон-торож қилгани йўқ, бироқ юқоридаги хатти-ҳаракатининг ўзиёқ унга нисбатан жиноят иши очишга етиб ортар эди. Чунки транспорт воситасини олиб қочиш Жиноят кодексининг 267-моддасига кўра, шахсни жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Суд ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб, судланувчининг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлигини, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, Сарвар Каттахоновга нисбатан тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Ўйлаймизки, бу муддат жиноятчининг ўз қилмишидан хулоса чиқариши учун етарли вақт. У билан боғлиқ ҳолат тафсилотлари эса шум ниятда юрган, жиноятга мойил шахсларга сабоқ бўлиши керак.

Элёр Пирматов,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси