Атрофга назар

Спорт коррупциядан холи бўлмоғи лозим


07.01.2025   75

Сўнги йилларда бутун жаҳонда спортга бўлган эътибор ортди. БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 1,2 миллиардга яқин шахслар спорт турлари билан ҳаваскор ёки профессионал тарзда шуғулланмоқда. Спортнинг томошабоплиги, якунига қадар кузатувчини ҳаяжонда ушлаб туриши, кутилган натижага эришиш мухлисларга ҳаяжон ва бахтиёрлик келтириши ҳамда юқори технологиялар сабабли жаҳоннинг исталган жойида бўлаётган мусобақаларни мунтазам кузатиш имкониятларининг пайдо бўлгани ҳам спортнинг тобора оммалашишини таъминламоқда.

Спортнинг машҳурлиги унга сарфланаётган маблағларнинг ҳам бир неча баравар ортишига сабаб бўлди. Буни ўтказилаётган турли спорт мусобақаларига бўлган қизиқишнинг жуда тез суръатда ортгани, унинг ташкилотчилар ва мусобақа иштирокчиларига жуда катта фойда келтираётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Спортга эътиборнинг юқорилиги, унга ажратилаётган маблағларнинг кўплиги жиноятчи унсурларнинг ушбу соҳага бўлган қизиқишининг уйғотгани табиий ҳолдир. Охирги вақтда спорт соҳасида ҳам коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда, айниқса, криминал олам вакиллари томонидан спорт ўйинлари натижаларига таъсир ўтказишга уринишлар бўлмоқда. Қонунга хилоф равишда тотализатор ўйинлари ташкил этиш, спортчилар, уларнинг мураббийлари, спорт менежерлари ёки судьялар сотиб олишга уринишлар кўзга ташланмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, бугунги кунда дунёда спорт соҳасида қонунга хилоф равишда 1.7 трл. доллар миқдорида ноқонуний пуллар айланмаси мавжуд.

Юртимизда ҳам спортдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурияти вужудга келгани сабабли 2024 йил 4 ноябрь кунги 988-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлгани, шунингдек спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилди.

Ушбу Қонун миллий қонунчилигимизни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, спорт соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 214-1 ва 214-2-моддалар билан тўлдирилди. Унга кўра, Жиноят кодекси 214-1-моддасида, спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчининг, тренернинг, спорт ҳакамининг ёхуд спорт мусобақалари бошқа иштирокчиларининг ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш учун жиноий жавобгарлик белгиланди ҳамда юқоридаги қилмишда Жиноят кодексининг 210 ва 214-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаслиги лозим.

Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчига, тренерга, спорт ҳакамига ёхуд спорт мусобақаларининг бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларига улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёхуд бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уларни мулкий манфаатдор этиш учун Жиноят кодексининг 214-2-моддаси билан жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шу ўринда, юқоридаги қонуннинг ўз вақтида қабул қилинганини ҳам эътироф этиш лозим. Оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, мусобақада қатнашган спортчининг ўзига қарши ҳам пул қўйгани, мураббийнинг рақиб томон билан келишгани, ҳакамларни спорт ўйинининг натижалари учун ҳақ эвазига олдиндан сотиб олиниши, шунингдек, спортга ажратилган маблағларни ўзлаштириш ёки растрата қилиш, фирибгарлик йўли билан эгаллаш ва яна бошқа жиноий қилмишлар мавжуд. Бундай қилмишларнинг олдини олиш ва ноқонуний ҳаракатлар содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш учун жиноят қонунчилигига юқоридаги ўзгартиришлар киритилди.

Умуман олганда, спортга катта миқдорда пуллар кириб келгани, букмекер ташкилотлари томонидан мусобақалар натижасига катта миқдорда пул тикилаётгани ҳам спортни жиноий унсурлар учун ҳам фойда олиш манбаси сифатида кўрсатмоқда. Спортда ҳалол кураш бўлиши ва унга жиноий унсурларнинг таъсири бўлмаслиги шарт. Чунки спортчиларимизнинг сўнгги Олимпия ва Осиё ўйинларида кўрсатган ижобий натижалари юртимизни спорт давлати сифатида дунёга танитди. Бу обрў-эътиборни сақлаш ва жаҳонда давлатимиз нуфузини янада ошириш учун спорт соҳасида коррупция ва бошқа жиноятларга йўл қўймаслик зарурдир. Юртимизда барча соҳаларда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда, спорт соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Янги қабул қилинган жиноят нормаси спорт соҳасидаги шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиши кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда спортни янада ривожлантириш, ушбу соҳада коррупция ва бошқа жиноий унсурларга йўл қўймаслик, бундай унсурларга қарши жиноий ҳуқуқий нормалар билан курашиш лозим.

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси