Юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги — янги ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг муҳим омили
21.10.2026 35
Президентимиз илгари сураётган иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳияти, аввало, мамлакатимизда замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва инсон салоҳиятидан оқилона фойдаланиш билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон бугун тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Жаҳон иқтисодиётидаги кескин рақобат, технологик ўзгаришлар ва рақамли трансформация жараёнлари ҳар бир мамлакат олдига янги вазифаларни қўймоқда. Бундай шароитда иқтисодий ўсишни таъминлашнинг ўзи кифоя эмас, балки унинг сифатини ошириш, ишлаб чиқаришда инновацияларни кенг жорий этиш ва меҳнат унумдорлигини изчил юксалтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида белгиланган еттита миллий дастур мамлакатимизнинг келгуси тараққиёт устуворликларини белгилаб берди. Уларнинг учинчиси — иқтисодиётимизни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур дастур доирасида келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш ҳамда саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифалари белгиланган. Шунингдек, стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш, кичик бизнесни ўрта бизнесга, ўрта корхоналарни эса йирик компания ва корпорацияларга айлантириш учун зарур экотизимни шакллантириш кўзда тутилган.
Ушбу марралар иқтисодиётимизнинг нафақат миқдорий, балки сифат жиҳатидан ҳам ўсишини таъминлашга қаратилган. Менинг назаримда, миллий дастурнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у иқтисодий тараққиётни технология, илм-фан, инвестиция ва инсон меҳнати самарадорлиги билан узвий боғлайди. Бугунги кунда илғор технологиялар иқтисодиётнинг барча тармоқларини ўзгартирмоқда. Сунъий интеллект, робототехника, буюмлар интернети, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва катта маълумотлар таҳлили ишлаб чиқариш жараёнларини янада самарали ташкил этиш имконини бермоқда.
Агар илгари корхонанинг муваффақияти асосан ишлаб чиқариш қуввати ва меҳнат ресурслари билан белгиланган бўлса, бугун технологик салоҳият, маълумотлардан фойдаланиш қобилияти ва инновацион ечимларни тезкор жорий этиш имконияти ҳам ҳал қилувчи омилга айланмоқда.Масалан, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш орқали хомашё сарфини аниқ ҳисоблаш, ускуналарнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш, маҳсулотдаги нуқсонларни эрта аниқлаш ва ортиқча харажатларни камайтириш мумкин. Бу эса корхонанинг иқтисодий самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Бироқ замонавий технологияларни харид қилишнинг ўзи етарли эмас. Уларни тўғри танлаш, мавжуд ишлаб чиқариш тизимига мослаштириш, малакали мутахассислар билан таъминлаш ва олинган натижаларни мунтазам баҳолаш талаб этилади. Шу боис технологик модернизация комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим. Айниқса, маҳаллий корхоналарда рақамли бошқарув тизимлари ва автоматлаштирилган назорат воситаларини жорий этиш маҳсулот сифатини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни камайтириш ва халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш учун муҳим имконият яратади.
Иқтисодий ривожланишнинг муҳим кўрсаткичларидан бири меҳнат унумдорлигидир. Умуман олганда, меҳнат унумдорлиги муайян вақт давомида яратилган маҳсулот ёки хизмат ҳажмининг сарфланган меҳнатга нисбатини ифодалайди.
Меҳнат унумдорлигини ошириш фақат иш суръатини кучайтириш ёки ходимлардан кўпроқ натижа талаб қилиш дегани эмас. Бу, биринчи навбатда, меҳнатни илмий асосда ташкил этиш, замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш, ходимларнинг малакасини ошириш, ишлаб чиқаришдаги ортиқча операцияларни қисқартириш ва ресурсларни тежашни англатади.
Масалан, корхонада технологик жараёнларни таҳлил қилиш орқали ускуналарнинг бекор туриш вақтини камайтириш, хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва маҳсулот тайёрлаш муддатини қисқартириш мумкин. Натижада ишлаб чиқариш харажатлари камайиб, корхонанинг иқтисодий барқарорлиги мустаҳкамланади.
Шу билан бирга, меҳнат унумдорлиги ўсиши ходимларнинг иш ҳақи, касбий ривожланиши ва меҳнат шароитларининг яхшиланиши билан уйғун бўлиши зарур. Чунки иқтисодий ўсишнинг ҳақиқий натижаси фақат корхона даромадининг ортишида эмас, балки аҳоли турмуш даражасининг юксалишида ҳам намоён бўлади.
Демак, юқори меҳнат унумдорлигига эришиш учун замонавий технологиялар билан бир қаторда инсон капиталига сармоя киритиш, таълим сифатини ошириш ва ходимларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш муҳимдир. Юқори технологияли иқтисодиётни шакллантиришда метрология, стандартлаштириш ва сифат менежменти тизимлари ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки ишлаб чиқариш жараёнининг самарадорлиги кўп жиҳатдан ўлчаш натижаларининг ишончлилиги, технологик параметрларнинг аниқ назорати ва маҳсулот сифатининг барқарорлигига боғлиқ.
Тўқимачилик саноати мисолида оладиган бўлсак, тола таркиби, ипнинг чизиқли зичлиги, матонинг мустаҳкамлиги ва ранг барқарорлигини замонавий усуллар билан баҳолаш маҳсулот сифатини оширишда муҳим ўрин тутади. Ушбу кўрсаткичларни рақамли назорат қилиш, олинган маълумотларни таҳлил этиш ва технологик жараёнларга ўз вақтида тузатиш киритиш орқали ресурслар сарфини камайтириш ҳамда маҳсулот рақобатбардошлигини кучайтириш мумкин.
Юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиётни шакллантиришда олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Замонавий иқтисодиёт малакали мутахассислардан нафақат назарий билимни, балки рақамли технологиялардан фойдаланиш, маълумотларни таҳлил қилиш, муаммоларга инновацион ечим топиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам талаб этмоқда.
Шунинг учун таълим дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, талабаларни амалий лойиҳаларга жалб этиш, корхоналар ҳузурида ўқув ва илмий лабораториялар ташкил қилиш ҳамда илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш механизмларини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Олий таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар реал ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши керак. Корхоналардаги технологик муаммолар эса илмий изланишлар учун амалий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундай ҳамкорлик илмий натижаларнинг иқтисодий самарадорлигини оширади, талабаларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлайди ва инновацияларни амалиётга жорий этиш жараёнини тезлаштиради.Хорижий инвестицияларни жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш учун муҳим манба ҳисобланади. Бироқ инвестицияларнинг самарадорлиги фақат уларнинг ҳажми билан эмас, балки янги технологияларнинг жорий этилиши, маҳаллий кадрларнинг малакаси ошиши, ишлаб чиқариш қувватлари янгиланиши ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши билан ҳам баҳоланиши лозим.
Шу боис инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда илғор технологиялар трансфери, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, илмий муассасалар билан ҳамкорлик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг рақамли технологияларга эга бўлиши учун молиявий ва маслаҳат кўмагини кучайтириш, инновацион стартапларни қўллаб-қувватлаш ва венчур молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳам иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидир. Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун технологияларни жорий этиш натижалари мунтазам таҳлил қилиниши керак. Меҳнат унумдорлиги, маҳсулот сифати, ресурслар сарфи, энергия тежамкорлиги, экспорт ҳажми ва янги иш ўринларининг самарадорлиги каби кўрсаткичлар бу борада муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз томонидан илгари сурилган учинчи миллий дастур Ўзбекистон иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик йўналишдир. Унинг муваффақиятли амалга оширилиши замонавий технологияларни кенг жорий этиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда инсон капиталига инвестиция киритиш билан чамбарчас боғлиқ. Менинг фикримча, бугунги тараққиётнинг асосий талаби — мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, ҳар бир технологик янгиликни аниқ иқтисодий натижа билан боғлаш ва инсон меҳнатининг қадрини юксалтиришдир. Зеро, замонавий ускуна ва рақамли тизимлар фақат улардан тўғри фойдаланадиган билимли, ташаббускор ва малакали мутахассислар билан биргаликдагина кутилган самарани беради. Шундай экан, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари олдидаги асосий вазифа — илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, инновацион муҳитни ривожлантириш ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Зеро, юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиёт — бу нафақат кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқариш, балки сифатли маҳсулот яратиш, ресурсларни тежаш, янги имкониятлар очиш ва халқ фаровонлигини юксалтириш демакдир. Ушбу мақсадлар йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлар Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.
Мухтарам ХОЛИҚОВА,
Андижон Давлат техника институти, Тиллар ва гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
