Атрофга назар

1 ИЮЛДАН ЭЛЕКТР ВА ГАЗ ТАРИФЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИЛМАСЛИГИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ


30.06.2022   222

Ўзбекистонда 2022 йил 1 июлдан электр ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан ўрганиляпти.

Мазкур лойиҳа доирасида фуқаролардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, айни пайтда Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутахассислари томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

Қабул қилинган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилгандан сўнг, ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилиниши айтилган.

Қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, тарифларнинг ўзгариши ҳукумат қарори қабул қилинган кундан бошлаб 15 кундан кейин кучга киради. Шу муносабат билан, 1 июлдан электр ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмайди.

Аввалроқ “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.

Электр ва газ тарифларига ижтимоий норма киритилиб, аҳолининг кўп энергия сарфлайдиган (нисбатан ўзига тўқ) қатлами харажатларини бюджетдан субсидиялаш қисқартирилади.