Атрофга назар

Ижтимоий шериклик амалда: Андижонда ННТлар ёшларни қандай қўллаб-қувватламоқда?


22.10.2026   26

Янги Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг марказий йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мустаҳкам қонунчилик ва институционал базага таянади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун навқирон авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг бош ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги Давлат дастури ва Президентнинг тегишли қарорлари, жумладан ПҚ–62-сон Қарори ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва манзилли қўллаб-қувватлаш жараёнларида давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва масъулиятини янада оширди.

Андижон вилоятида ҳам фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳозирда вилоят адлия бошқармасида рўйхатдан ўтган 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг 10 фоизга яқини фуқароларнинг мустақил ташаббуси билан ташкил этилган бўлса, 40 га яқини бевосита ёшлар йўналишида фаолият юритади.

Ушбу ташкилотлар ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, идоралараро комиссиялар ишида иштирок этиш ва қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан эксперт хулосалари беришда фаоллик кўрсатмоқда.

Хусусан, “Юксалиш” ҳаракати вилоят бўлими ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан Давлат дастурлари лойиҳалари юзасидан жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилиб, давлат органларига 30 га яқин таклиф ва 10 дан ортиқ эксперт хулосаси тақдим этилган, шунингдек, норасмий миграция ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган 15 дан ортиқ тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Жамоатчилик назорати ва норма ижодкорлигидаги иштирок билан бир қаторда, маҳаллий ННТларнинг амалий ижтимоий лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизми ҳам самарали йўлга қўйилган.

Охирги уч йилда вилоятдаги 11 та нодавлат ташкилотнинг ёшлар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 дан ортиқ лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 1,1 млрд сўмдан зиёд маблағ билан молиялаштирилди.

Жумладан, Қизил ярим ой жамияти Пахтаобод тумани ташкилотининг “Ёшлар – бизнинг соғлом келажагимиздир” лойиҳаси доирасида ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлса, Ўзбекистон ногиронлар ва кўзи ожизлар жамиятлари Избоскан тумани бўлинмаларининг грант лойиҳалари орқали “Ёшлар дафтари”даги ногиронлиги бор оилаларнинг фарзандлари компьютер саводхонлиги ва Брайль ёзувига ўқитилди.

Шунингдек, “Истиқболли авлод” ННТ томонидан Андижон шаҳри ва туманидаги маҳаллаларда ноқонуний миграциядан жабр кўрган ҳамда оғир ҳаётий вазиятга тушган ёшлар учун ҳуқуқий тушунтириш мини-сессиялари ташкил этилди.

Умуман олганда, ушбу ташаббуслар доирасида ўтказилган 40 га яқин тадбир 3,2 минг нафардан ортиқ аҳолини қамраб олди.

Лойиҳалар натижасида 300 дан зиёд ёшга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди, 200 нафардан ортиқ йигит-қиз касб-ҳунар ва компютер саводхонлигига ўқитилиб, 25 нафарининг бандлиги таъминланди. Шунингдек, алоҳида эҳтиёжли болалар учун Брайль ёзуви курслари, аудиокитоблар жамланмалари, 12 та ўқув тўгараги ҳамда 1 та болалар спорт майдончаси ташкил этилди.

Амалга оширилган хайрли ишлар шуни кўрсатадики, Андижон вилоятида шаклланган ижтимоий шериклик механизми аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, хусусан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашда юқори самарадорликни намоён этмоқда.

Шу билан бирга, эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш ва соҳадаги ислоҳотлар кўламини кенгайтириш учун бир қатор вазифаларга эътибор қаратиш лозим бўлади.

Биринчи навбатда, маҳаллаларда чекка ва олис ҳудуд ёшлари учун замонавий IT-касблар, рақамли кўникмалар ва хорижий тилларни бепул ўргатувчи ННТ тўгараклари тармоғини кенгайтириш лозим.

Иккинчидан, меҳнат миграциясидан қайтиб келган ва чет элга кетиш истагида бўлган ёшлар ўртасида ҳуқуқий ва молиявий саводхонликни оширишга қаратилган манзилли реабилитация лойиҳаларини кўпайтириш зарур.

Учинчидан, имконияти чекланган ёшлар ва болалар учун инклюзив таълим имкониятларини ривожлантириш ҳамда улар учун электрон таълим ресурсларини яратишга давлат ижтимоий буюртмалари ажратиш ҳажмини ошириш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу вазифаларнинг босқичма-босқич рўёбга чиқарилиши вилоятда ёшлар сиёсатининг янада манзилли ва самарали бўлишига хизмат қилади.

Адхамжон Узакджанов

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси