Атрофга назар

1 ЯНВАРДАН ҚҚС СТАВКАСИ 15 ФОИЗДАН 12 ФОИЗГА ПАСАЙТИРИЛАДИ


21.12.2022   242

Муносабат: Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

1 ЯНВАРДАН ҚҚС СТАВКАСИ 15 ФОИЗДАН 12 ФОИЗГА ПАСАЙТИРИЛАДИ

Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этилган навбатдаги Мурожаатнома мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеадир. Унда тугаётган йилдаги эълон қилинган асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифаларни катта қизиқиш билан олдимизга қўйилаётган улкан масъулиятлар сифатида қабул қилишимиз ҳақиқат.

Жонажон Ўзбекистонимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўймоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, тараққиётни янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгармоқда. Шунинг учун ҳам қайд этилганидек, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдирилиши керак.

Биз парламент вакиллари ҳамиша халқ орасидамиз. Уларнинг хоҳиш-истаклари амалга ошиши, муаммолари ечими учун камарбастамиз. Олдимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилашга қаратилган энг муҳим вазифалар турганини ҳар қадам ҳис қилиб фаолият юритяпмиз. Бу борада Мурожаатномада айтилган ҳар битта фикр, режа дастуриламалимизга айланиши зарур.

Хусусан, таъкидланганидек, бюджет харажатлари, аҳоли ва тадбиркорлар олдидаги мажбуриятларимизни қисқартирмаган ҳолда, бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши айтилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади, деганидир.

Шунингдек, иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттириш зарур. Ички имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилашга хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари бу борада ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилишига ҳам алоҳида тўхталганлари йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга замин бўлади.

Мухтасар айтганда, Мурожаатномада келтирилган иқтисодий йўналишдаги ишларни амалга ошириш истиқболи давлатимизнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга қаратилган чақириқ, мамлакатда товар ва молия бозорида эркин рақобат яратиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни амалга ошириши учун фуқароларга кенг ва тенг шароит, имконият яратиш демакдир.