Етти иқлим

12 АПРЕЛЬ — КОСМИК ЭРАГА ЭШИК ОЧИЛГАН САНА


12.04.2023   173

Юрий Гагарин номини эшитмаган, унинг ким эканини билмайдиган одам сайёрамизда жуда кам бўлса керак. Айрим манбалар биринчи фазогир парвозини ҳатто ХХ асрнинг энг муҳим ҳодисаси деб ҳам ҳисоблайди. Ҳа, шубҳасиз, 1961 йилнинг 12 апрелида нафақат ХХ асрнинг, балки бутун инсоният цивилизацияси тарихининг энг муҳим воқеаларидан бири содир бўлган эди. Ўша куни инсоният Гагарин тимсолида, том маънода коинотга нарвон қўйди.

Оддий дурадгор уста ва фермада сут соғувчи бўлиб ишлайдиган аёлнинг ўғли бўлган Юрий Гагарин 1934 йилнинг 9 мартида Гжатск шаҳрида туғилган. Космонавтлар отрядига қабул қилингунига қадар ҳарбий учувчи бўлган.

Биринчи космик парвоз лойиҳасининг бош конструктори — академик Королёвнинг тавсиясига биноан илк фазовий парвозда учиш учун номзодлар айнан ҳарбий учувчилар ичидан сараланган эди. Гагарин аввалига 20 нафар, кейин эса 6 нафар энг муносиб, жисмонан чиниққан ва руҳан барқарор ҳарбий учувчилар сафида Бойқўнғирдаги стартга тайёрлана бошлаган. Ўша якуний 6 нафар номзод ичидан ҳали ким энг биринчи бўлиши танланмаган пайтда, стартдан нақ тўққиз ой илгари Королёв бўлажак космик кемада фазогир жойлашадиган шарсимон капсула билан танишиш учун уларни синов майдончасига таклиф қилган. Диаметри икки ярим метрча келадиган бу металл кабинани кўздан кечиришга келганлар ичида ҳам, унга биринчи бўлиб чиқиб, ўтириб жойлашиб кўрган одам Гагарин бўлган экан. Балки, катта эҳтимол билан айнан шу нарса Королёвнинг айнан уни танлаши учун асос бўлгандир. Ҳар ҳолда ушбу илк парвоз (номаълум тарафга) мавҳумлик қўйнига учиш бўлиб, албатта, Гагарин бунинг моҳиятини яхши англаган. Унинг парвозигача бўлган шундай кемалар билан ўтказилган синовлардан еттитасидан учтасидагина парвоз муваффақиятли чиққани ҳам унга яхши маълум эди.

Одам танаси вазнсизликка чидай оладими, унинг руҳиятига космос қандай таъсир қилади? Қўниш чоғидаги юкламаларни организм кўтара оладими? Бу ва бу каби саволлар, тайинки, ҳали жавоби йўқ саволлар эди ва айнан Гагарин уларни ўз танасида синаб кўриши керак эди. Шу сабабли, аслида, «бир тарафга чипта» бўлиши эҳтимоли бўлган ушбу парвозга Гагарин психоэмоционал жиҳатдан ҳам қаттиқ тайёргарлик кўргани аниқ. У парвознинг якуни қандай бўлишини билмагани туфайли ҳатто хотини учун васиятнома ҳам ёзиб қолдирган.

Ниҳоят, ўша муҳим, ҳал қилувчи дақиқа келди ва бортида авиация катта лейтенанти Юрий Алексеевич Гагарин ўтирган «Восток-1» космик кемаси маҳаллий вақт билан тонгги 09:07 да Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан коинотга парвозга чиқди. «Кедр» чақирув номи билан бортдан жавоб берган Гагариннинг старт пайтидаги — «Поехали!» хитоби билан тарихий парвоз бошланган. У ўзи ўтирган космик кемада ердан 302 км баландликда учган ва сайёрамиз атрофини 108 бора айланиб чиқиб, соат 10:55 да Россиянинг Саратов вилояти ҳудудига омон-эсон келиб қўнди. Албатта, бу шубҳасиз, бағоят улкан тарихий воқеа, мислсиз техник ютуқ эди. Гагарин, таъбир жоиз бўлса, одамзот учун коинот эшигини очиб берди ва том маънода, ҳақиқий космик эрани бошлаб берди. У сайёрамизни ҳали ҳеч кўрмаган ракурсдан, яхлит ҳолатда кўришга муваффақ бўлган энг биринчи одамга айланди. Ўшандан буён бу сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида космонавтика куни сифатида нишонланиб келинади. Бугун эса ушбу тарихий сана борасида ўзига хос катта байрам куни ҳамдир.

Бу ўтган вақт ичида дунёнинг қирққа яқин мамлакатидан 400 дан зиёд фазогир у ёки бу муддатга фазога учиб қайтган ва айтиш жоизки, ҳар бир космонавт ўша Гагарин очиб берган эшик орқали коинотга чиқмоқда. 2011 йилдан эътиборан эса БМТнинг махсус резолюцияси орқали бутун дунё мамлакатларида ушбу сана Халқаро байрам куни сифатида нишонланмоқда.