13 ТА ЙЎНАЛИШДА ДАВЛАТ ГРАНТЛАРИ АЖРАТИЛАДИ
05.05.2023 310
Халк депутатлари Андижон вилоят кенгаши хузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фукаролик жамиятининг бошка институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти худудий бошқармасида ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят худудий бўлинмаси, вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари, йирик жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларива фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 2023 йил 2-грант танловининг тарғиботини ташкил этиш, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши хузуридаги жамоат фондининг 2023 йил 5 ойлик давриучун ажратилган давлат субсидиялари хамда 2023 йил учун ажратилган давлат ижтимоий буюртмалари асосий кўрсаткичлари хусусида атрофлича фикр юритилди.
- Фонд томонидан давлат гранти ажратиш бўйича 1-танлов ўтказилиб, танловга вилоятдаги жамоат ташкилотларининг 15 та лойиҳа аризаси келиб тушган, - дейди Жамоат комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси Матлубахон Ғаниева. - Уларнинг 8 таси Жамоат комиссиясининг тегишли қарорлари билан ғолиб деб топилиб, жами 310 миллион сўмга молиялаштирилган. Айни вақтда эса фонд томонидан “Инсон ўзгарса –жамият ўзгаради” мавзусида 13 та йўналишлар бўйича
давлат грантлари ажратишучун 2-танловга лойиҳалар қабул қилишни бошладик.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур танлов йўналишлари аҳоли ва таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида биринчиёрдам кўрсатиш ўқув курслари орқали тиббий саводхонлигин ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзига янада эътибор қаратиш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, баркамол авлодни вояга етказишда кўмаклашиш масалаларини ўз ичига олган.
Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан “Маҳалла - тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжихатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир” шиори остида тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ташкил этиш, “Касбим –фахрим” шиори остида маҳаллалардаги имконияти чекланган оила фарзандлари хамда “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин- қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш, ”Маҳалланинг иқтисодиётини ўзгартирсак, жамиятимиз ўзгаради” шиори остида маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилашга доир ишлаб чиқилган йўналишлар бугуннинг нафасини, талабини, тараққиёт қадамларини акс эттиради.
Айтиш жоиз, Жамоат фонди томонидан жорий йилнинг 1-чорагида вилоятдаги 5 та рус, корейс, уйғур, қирғизва арман миллий-маданий марказлар раҳбар-ходимларини давлат субсидияси орқали ойлик иш ҳақлари билан таъминлаш мақсадида 40,6 миллион сўмдан, жами 162 миллион 400 минг сўм давлат субсидиялари ажратилган.
Шу маънода тадбир давомида Жамоат фонди томонидан Савдо-саноат палатаси вилоят худудий бошқармаси хамда миллий-маданий марказлар вакилларига субсидия ажратиш тартиб-таомиллари, ажратилган субсидия маблағларининг миқдори, уларни белгиланган сметаларга мувофиқ сарфланиши юзасидан қўйиладиган талаблар ҳамда маблағларнинг мақсадли ва манзилли сарфланишини мониторинг ва таҳлил қилиш тартиби хусусида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
Якунда 1-грант танловида ғолиб бўлган лойиҳалар муаллифлари тақдирланди.
З.РАҲМОНОВА